Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга келадиган темир йўл қурилиши бошланди

Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга келадиган темир йўл қурилиши бошланди

Бугун, 27 декабрь куни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон янги магистрал темир йўли қурилиши бошланди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев қурилишнинг старт олишига бағишлаб ташкил этилган анжуман иштирокчиларига мурожаат йўллади.

Ўзбекистон етакчиси, аввало, тадбир иштирокқиларини янги магистрал темир йўли қурилиши бошланиши билан табриклади.

«Бундан ярим йил олдин мазкур стратегик трансминтақавий лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи тўлақонли битим имзоланган эди. Ўтган қисқа даврда техник ҳужжатларни тайёрлаш ишлари якунланди. Бугун эса биз бевосита қурилиш ишларига старт бермоқдамиз.

Бу дўст мамлакатларимиз салкам 30 йил давомида интилиб келган том маънодаги тарихий воқеадир.

Сизларнинг иштирокингизда халқаро аҳамиятга эга бўлган янги транспорт артерияси яратилмоқда. У Марказий Осиё минтақасини Хитой билан қисқа ер усти йўли орқали боғлайди, давлатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш ва стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилади», – деди Мирзиёев.

Шунингдек, мурожаатда яна бир муҳим жиҳат – ушбу лойиҳа кўплаб мамлакатларни бирлаштириб келаётган «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги мақсадларга тўлиқ мос келиши таъкидланади.

Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ХХР раиси Си Цзиньпин ва Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровга миннатдорлик изҳор этади.

«Янги темир йўл қурилиши мамлакатларимиз иқтисодиёти ва бепоён минтақамиз учун катта самара беришини алоҳида қайд этишни истардим.

Инфратузилма соҳасидаги ушбу йирик лойиҳа илғор муҳандислик, инновация ва рақамли ечимлар асосидаги кенг кооперацияни, юқори экологик стандартларга амал қилишни назарда тутади.

Кошғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйича 20 та станция, 42 та кўприк, 25 та тоннель барпо этилади. Бундан ташқари, замонавий транзит-логистика инфратузилмаси, омборхона ва терминаллар қурилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, ушбу магистрал йўлнинг ишга туширилиши минтақавий савдо ва инвестициялар ҳажмини бир неча баробар кўпайтириш, транспорт харажатларини сезиларли даражада қисқартириш, Марказий Осиёнинг улкан транзит салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Қуйидаги муҳим рақамларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман.

Ушбу йўл орқали йилига 15 миллион тонна юк ташилади. Хитойдан Европа мамлакатларига юкларни етказиб бериш масофаси ва муддати бир неча минг километр ва деярли бир ҳафтага қисқаради. Йўловчиларни мунтазам ташишни йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.

Келгусида ушбу темир йўл линияси Трансафғон йўлаги билан туташиб, Хитой, Марказий Осиё ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт-коммуникация тармоқларини самарали бирлаштириш ва кучайтиришга имкон яратади.

Бундан, ҳеч шубҳасиз, барча мамлакатлар иқтисодий фойда кўради. Юзлаб янги корхоналар ва ўн минглаб иш ўринлари яратилади.

Албатта, мазкур лойиҳа Буюк ипак йўлининг қайта тикланишига, маданий-гуманитар алмашувлар ривожига, халқларимизнинг янада яқинлашувига хизмат қилади», – деди Ўзбекистон етакчиси.

Мурожаатда, шунингдек, Ўзбекистон мавжуд техник ва интеллектуал ресурсларни тўлиқ ишга солган ҳолда, бугун бошланаётган қурилишнинг барча босқичларида фаол иштирок этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйгани ҳамда иштирокчи давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли ушбу темир йўл тармоғи томонларнинг мустаҳкам дўстлиги, шериклик ва тараққиётининг тимсолига айланиши таъкидланган.

Шавкат Мирзиёев мурожаати сўнггида бошланаётган улкан лойиҳа иштирокчи давлатлар ва минтақанинг умумий келажаги ва равнақи учун хизмат қилишини тилаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг