Жанубий Корея президентини ҳибсга олиш «амалда имконсиз» бўлиб чиқди
Жанубий Корея терговчилари ҳокимиятдан четлатилган президент Юн Сок Ёл қўриқчилари билан кўп соатлик қарама-қаршиликдан сўнг уни ҳибсга олиш ниятидан қайтишди.
«Фикримизча, фаол қаршилик туфайли ҳибсга олиш мумкин эмас. Биз ердаги жамоамиздан хавотирдамиз. Айбланувчининг муносабатидан чуқур афсусдамиз», деди Жанубий Кореянинг Коррупция бўйича тергов бюроси.
Президент Юнни ҳибсга олиш учун ордер шу ҳафта бошида Сеул туман судларидан бири томонидан чиқарилганди.
Бугун, жума куни терговчилар уни ҳибсга олиш учун Юннинг қароргоҳига боришди, бироқ президент хавфсизлиги ходимлари уларни тўхтатиб қолишди.
Юн Сок Ёл декабр ойи бошида мухолифатга қарши кураш жараёнида мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этишга уриниб кўрди, шундан сўнг парламент унга импичмент эълон қилди ва уни исёнга уринишда айблади.
Юннинг адвокатлари ҳибсга олиш ордерини ҳам, ҳибсга олишга уринишни ҳам ноқонуний деб аташмоқда.
Воқеа жойидан BBCнинг хабар беришича, терговчилар гуруҳи президент Юн тарафдорларининг «Биз ғалаба қозондик!» деган ҳайқириқлари остида қароргоҳни тарк этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter