Илҳом Алиев дараксиз йўқолган Озарбайжон фуқаролари ҳақида маълумот талаб қилди
Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Арманистондан Қорабоғ уруши даврида дараксиз йўқолган фуқаролар ҳақида маълумот талаб қилди. Бу ҳақда у Остона шаҳрида ташкил этилган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитидаги чиқишида гапирган.
«Арманистон Озарбайжонга дараксиз йўқолганларнинг қисмати ва оммавий қабрларнинг аниқ жойи ҳақида маълумот тақдим этиши керак. Биз икки йилдан бери бу маълумотларни талаб қиламиз, аммо Арманистон ҳукумати уларни беришдан бош тортмоқда», – деган И.Алиев.
Қайд этилишича, биринчи Қорабоғ урушидан буён 3900 га яқин Озарбайжон фуқароси дараксиз йўқолган. Уларнинг аксари оммавий қабрларга кўмиб юборилгани тахмин қилинади.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 4 октябрь куни Қорабоғ минтақасида – Хўжаванд тумани Эдилли қишлоғида оммавий қабрлар топилди. Жасадлар биринчи Қорабоғ уруши даврида (1990-йиллар бошида) бедарак йўқолган ва тақдири ҳозирча номаълум бўлган Озарбайжон ватандошларига тегишли экани тахмин қилинмоқда.
И.Алиевга кўра, Озарбайжон дунёнинг энг кўп мина қўйилган мамлакатлари сирасига киради. Оккупация даврида мамлакат ҳудудига бир миллиондан зиёд мина қўйилган.
«Иккинчи Қорабоғ уруши якунидан кейинги икки йил давомида Озарбайжоннинг 250 нафар фуқароси мина портлашидан вафот этди ёки оғир жароҳатланди. Халқаро мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, Озарбайжонга миналарни тозалаш масаласини ҳал этиш учун қарийб 30 йил ва 25 миллиард доллар маблағ керак бўлади», – деди Озарбайжон президенти.
Кейинги ойларда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель воситачилигида Брюсселда тинчлик битими юзасидан музокаралар ўтказмоқда.
И.Алиев Остона саммитидаги чиқишида ҳам тинчлик бўйича битим муҳим эканини эслатиб ўтган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter