Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Фаластинликларни қаерга кўчирасиз? Ойгами?» – ЕИ бош дипломатидан кескин эътироз

«Фаластинликларни қаерга кўчирасиз? Ойгами?» – ЕИ бош дипломатидан кескин эътироз

ЕИ бош дипломати Жозеп Боррель.

Фото: AFP

Ғазода ҳаддан зиёд кўп одам ҳалок бўлаётгани сабаб Исроилнинг иттифоқчилари, биринчи навбатда АҚШ яҳудий давлатига қурол-аслаҳа етказишни бас қилиши керак. Бу талаб Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель томонидан Брюсселдаги матбуот анжуманида илгари сурилди.

Ўтган ҳафта президент Жо Байден Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари меъёрдан ошиб кетганини тан олган эди. 

«Агар (Ғазода) одамлар ҳаддан зиёд кўп ҳалок бўлмоқда деб ҳисобласангиз, балки ўлимларни қисқартириш учун (Исроилга) камроқ қурол берганингиз маъқулдир», – деди Жозеп Боррель АҚШ раҳбарига қарата.

Исроил армияси Ғазо секторидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужум қилишга тайёргарлик кўрмоқда. Халқаро ташкилотлар Тель-Авив маъмуриятини айни пайтда 1,5 миллион фаластинлик жон сақлаётган мазкур шаҳарга ҳужум оммавий қирғинга олиб келишидан огоҳлантирмоқда.

Боррель ҳам Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг Рафаҳдаги фаластинликларни ошиғич равишда кўчириш ҳақидаги буйруғини танқид қилди.

«(Фаластинликларни) қаерга кўчиришмоқчи? Ойгами? Бунча одамни қаерга эвакуация қилиш мумкин?» – дея савол қўйган сиёсатчи.

Таҳлилчиларга кўра, Ғазода жадал ҳарбий ҳаракатлар ҳамда бомбардимонлар давом этаётган бир пайтда Рафаҳда жам бўлган фаластинликлар учун бошқа қочадиган жой йўқ.

Халқаро ҳамжамият Рафаҳда жон сақлаётган 1,5 миллион фаластинликнинг тақдиридан хавотирда. Фото: Xinhua

Халқаро ҳамжамият ҳамда АҚШ жамоатчилигининг босими остида президент Байден ҳам Исроилни Рафаҳ шаҳрига бостириб кирмасликка чақирди.

Кейинги вақтларда Европа сиёсий давраларида ҳам Исроилнинг Ғазодаги урушига эътироз кучаймоқда.

2023 йил декабрь ойида Европа парламентининг бельгиялик аъзоси Марк Ботенги Ғазода тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлаётганини кескин қоралаган эди. Унга кўра, европалик сиёсатчилар Исроилни қўллаб-қувватлаш ва қурол-аслаҳа етказиш билан мудҳиш жиноятга шерик бўлмоқда.

Испания ижтимоий сиёсат вазири Ионе Беларра эса Ғазодаги қатлиом учун Бинямин Нетаняҳуни Халқаро жиноий судга тортишни талаб қилган.

БМТга кўра, Ғазода очлик даражаси 12 бараварга ортган. 2023 йил 7 окятбрь куни Исроил армияси ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазога бостириб кирганидан буён 2,3 миллион аҳолининг 85 фоизи тураржойини мажбуран тарк этган. Айни пайтда Фаластин анклавининг деярли бутун аҳолиси ҳаётига очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солмоқда.

Тўрт ой ичида Ғазода 28340 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, 67984 киши жароҳатланган.   

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг