Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

АҚШлик сиёсатчи Исроил бош вазирининг танқидига жавоб қайтарди

АҚШлик сиёсатчи Исроил бош вазирининг танқидига жавоб қайтарди

АҚШдаги таниқли сиёсатчилардан бири, сенатор Берни Сандерс Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг айбловига жавоб берди. Яҳудий давлати ҳукумати раҳбари 18 июнь кунги баёнотида айрим қурол-яроғларни етказишни пайсалга солаётгани учун АҚШ маъмуриятини танқид қилган эди.

Бунга жавобан асли яҳудий миллатига мансуб Берни Сандерс Нетаняҳу ҳукумати Ғазода минглаб болалар, аёллар ва кексаларни ўлдирганини қоралаган ва қурол-аслаҳа етказишни буткул тўхтатишни талаб қилган.

«Нетаняҳунинг ўнг экстремистик ҳукумати (Ғазода) 37 мингдан зиёд фаластинликни ўлдирди, қарийб 85 минг кишини жароҳатлади. Уларнинг 60 фоизи аёллар, болалар ва кексалардир. 1,8 миллион киши ўз уйини тарк этишга мажбурланди. (Нетаняҳу маъмурияти) Ғазодаги тураржойларнинг 60 фоиздан зиёдини яксон қилди ёки яроқсиз ҳолга келтирди. Исроил ҳарбийлари фуқаро инфратузилмаси, жумладан, сув таъминоти ва канализация тизимларини вайрон қилди» – дейди Б.Сандерс.

Сиёсатчига кўра, Исроил ҳарбийлари Ғазо соғлиқни сақлаш тизимини фалаж ҳолатга келтирди, 19 та шифохона вайрон қилинди, 400 дан зиёд тиббиёт ходими ўлдирилди. Нетаняҳу ҳукумати инсонпарварлик кўмагини етказишга тўсқинлик қилаётгани сабаб юз минглаб фаластинликлар, жумладан, болалар, аёллар ва кексалар очлик домида қолмоқда.

Жорий йил 20 май куни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд прокурори Карим Хон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш юзасидан сўров берган эди. Ҳужжатда қайд этилишича, ҳар икки шахсни «Фаластин ҳудудида (Ғазо сектори) 2023 йил 8 октябрдан буён содир этилган уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар учун жавобгар» деб ҳисоблаш учун етарли асослар бор.

Cенатор Сандерс Халқаро жиноий суднинг бу талаби бежиз эмаслигини урғулаган.

Унга кўра, Оқ уй Исроилга ҳужум қуроллари етказишни бас қилиб, урушни тўхтатиш учун Тель-Авивга босим ўтказиши, зиддиятни «»икки давлат» тамойили асосида ҳал этишга ҳаракат қилиши керак.

Берни Сандерс Байден маъмуриятининг Исроилни сўзсиз қўллаб-қувватлаш сиёсатини танқид қилиб келади. У аввалроқ Исроил Ғазода тинч аҳоли вакиллари ўлими сабабли дунё ҳамжамияти кўз ўнгида обрўсини йўқотаётганини айтиб, президент Байдендан Исроил раҳбариятига тинч аҳоли вакилларини ўлдирмаслик борасида шарт қўйишни талаб қилган эди.

Маълумот ўрнида, 18 июнь куни Нетаняҳу АҚШ айрим ўқ-дориларни етказишни кечиктираётганини кескин танқид қилди. Нетаняҳунинг танқидидан дарғазаб бўлган Оқ уй Исроилнинг юқори мартабали мулозимлари билан учрашувни бекор қилди.

АҚШ энг яқин иттифоқчи сифатида Исроилни ҳарбий, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Ғазодаги урушда ҳам Вашингтон Тель-Авивни фаол ва изчил дастакламоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Оқ уйнинг Исроилга айрим ўқ-дориларни етказишни кечиктиргани халқаро ҳамжамият босими остида билдирилган «»похолдўқ» бўлиб, Вашингтон ҳар қандай ҳолатда ҳам Исроилни дастаклашда давом этади.

Халқаро ташкилотлар Исроил армиясини қуроллантираётган биринчи рақамли мамлакат – АҚШдан қурол-аслаҳа етказишни тўхтатишни талаб қилмоқда. Oxfam ҳамда Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Исроил бомбардимонларида минглаб фаластинлик тинч аҳоли вакиллари ўлдирилганини қайд этиб, Тель-Авив Вашингтон томонидан етказилаётган қуроллардан халқаро ҳуқуқ меъёрлари доирасида истифода этишини савол остига олган.

Жаҳон матбуоти хабарига кўра, халқаро ҳамжамият эътирозига қарамай, АҚШ Исроилни гоҳ ими-жимида, гоҳ ошкора қуроллантиришда давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг