Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Илмга талпинган аравачадаги иқтидорлар. Салкам чорак асрдан буён бир оиладаги 6 ногиронга қараб, «сукут»да яшаган аёл (видео)

– Алло, ассалому алайкум!

– Ваалейкум ассалом!

– Мен Нигинаман.

– Баракалла, шахсий рақамингми?

– Ҳа, шундай! Сизга ҳам, таҳририят жамоасигаям катта раҳмат. Мени ҳаётга қайтардингиз!

– Кам бўлма, сен билан биргамиз! – Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов гўшакни қўйиб, енгил тин олди…

Дардларини деворларга сочган қиз

Шофиркон туманининг Шибирғон қишлоғида туғма нуқсон билан дунёга келган Нигина Тўхтаева яшайди.  Ёши 20 да. Эндигина мактабни тугатган. Оилада иккинчи фарзанд. Икки нафар синглиси, бир нафар укаси бор. Тумандаги 27-сонли мактаб рўйхатида туриб, уйда таълим олган. Адабиётга қизиқиши баланд. Шеър ўқийди. Шеър ёзади. Пишир-туширда чаққон. Тикиш-бичишда эпли. Олий таълимда таҳсил олишни, тенгқурларидан ортда қолмасликни истайди. Икки йилдан буён университетга ҳужжат топширишни истаган. Бироқ, оиладаги қаттиққўллик сабаб ўз орзуларига эриша олмаган. Ота-онасининг қаршилигини енга олмаган.

Нигина Тўхтаева.

Орзу-мақсадларимга тўсиқ бўлмасликларини, тўрт девор ичида қисиб қўймасликларини истайман. Мен ҳам тенгдошларим сингари ўқишни, жамият ишларига нафим тегишини истайман. Аммо, мени тушунишмайди, – дея кўз ёш тўкди Нигина.

Нигина шундай вазиятда мактабни тугатгач, орадан икки йил ўтиб, оилада ўзини яккалангандек ҳис қилиб, яқин дугонаси орқали маҳалла раисига қўнғироқ қилган. Ёрдам сўраган.

Тўғриси, қизнинг дардини тинглаб, эзилиб кетдим. Маҳаллага ҳозирча бошманми, демак, ундаги қиз-ўғил менинг ҳам қизим, менинг ҳам ўғлим. Суҳбатлашгани хонадонига бордим. Отасини аввалдан танийман, ҳайдовчи, яхши инсон. Аммо, қаттиққўл. Ҳар қанча гаплашишимизга қарамай, Нигинанинг университетга ўқишга ҳужжат топширишига қаршилигини кўрсатиб келди. Аммо, ота-онасига фарзандининг орзуларига қарши чиқмаслигини тушунтирдик. Сизлар келдингиз, балки ўзгариш бўлар, – деди маҳалла раиси Искандар Баротов.

Биз эса Нигинанинг орзулари ҳақида унинг ўзи билан алоҳида суҳбатлашар эканмиз, у отасидан ранжиётгани, ундан хафа эканини гапирарди.

Ҳеч бир ота-она фарзандига ёмонлик истамайди. Улар балки, сен узоққа кетиб қолсанг, ўзингни қандай эплай олишингдан хавотирга тушишаётган бўлиши мумкин, – деймиз қизга юзланиб.

Қиз жовдирагудек бўлиб, кўзлари билан: «Йўқ, ундай эмас!» дегандек илтижоли сўзлайди.

Маълум бўлишича, ота қизининг жисмоний нуқсони борлиги сабаб ҳар доим унинг соғлигидан хавотирда юрган. 16 ёшга кирган қизни, аравачаси бўлишига қарамай, ёлғиз қўчага чиқишига рухсат бермаган. Қиз эса йиллар давомида «ота-онам жисмоний нуқсоним борлиги сабаб мендан уялишади, шунинг учун мени кўчага чиқаришмайди» деган ўйда яшаган.

«Олий таълимда ўқишни хоҳлайман. Ҳеч бўлмаса, уриниб кўрай. Аммо, ота-онам рухсат беришмаяпти. Қаршилик қилишаяпти...», - дейди у.

Биз қизнинг онаси Наргиза Аҳадова билан суҳбатда бўлдик. У қизининг агар у шаҳарга ўқигани кетса, жисмоний нуқсони борлиги сабаб саломатлигидан хавотир олишларини, ҳеч ким ота-она сингари унга қарамаслиги мумкинлигини сўзлаб йиғлади.

Наргиза Аҳадова

Бу ўринда айни орзулар ёшидаги Нигинанинг 20 йилдан буён ўз тенгқурлари қаторида улар сингари ўзи истаган жойга бориб-келишга имкони йўқлиги, қишлоқ кўчаларини чангитиб чополмагани, онаси тандирда нон ёпганда, югуриб бориб ёрдамлаша олмагани, отаси ишдан қайтганда, унга отилиб, пешвоз чиқолмагани, ука-сингиллари билан ўмбалоқ ошиб ёхуд қувлашмачоқлар ўйнай олмагани учун ҳам кўнгли гулдек нозиклашиб, баргдек титроқ бўлиб қолганини ҳис қилиш қийинмас.

Мен ўзимни эплай оламан. Ўқийман, изланаман, келгусида ўзим сингари тенгдошларимга ўрнак бўламан. Фақат менга йўл беришсин, ишонишсин, – дадил сўзлади Нигина.

Қиздаги дадиллик, муҳими, ўзига бўлган ишонч бизни ҳайратда қолдирди.

Айни пайтда нимани истайсан?

Шахсий телефоним бўлишини! Унинг орқали дунёга юз тутишни истайман!

Кўнглимиз алланечук бўлди. Чекка қишлоқда тўрт девор ичида қолиб келаётган кемтик кўнгилли қизнинг катта орзусидан бугун ҳали мактаб ёшига етмаган болалар ҳам фойдаланиб келишади.

Мурожаат билан чиққанимдан сўнг, Бухородаги олийгоҳлардан бирининг ректори келиб, мен билан суҳбатда бўлди. Мен каби тенгдошларимга яратилган имкониятдан фойдаланган ҳолда, омадим чопиб, ўқишга кирсам, таълим олишим учун етарлича шароитлар яратиб берилишини айтди. Мен ўқишим керак, интилишим керак, мақсадларимга эришишим керак, сўзлайди қиз.

– Дардлашадиган сирдошинг борми, Нигина?

Тўрт девор ичида эзилдим, опа, жуда эзилдим. Менинг дардларимни фақатгина деворлар тинглайди, мен деворлар билангина сирдошман... – Нигина шундай дея кўз ёшларини яшириш учун ёнида териб қўйилган китоблар ичидан бирини саралаб, бизга шеър ўқиб берди. Кейин қўшиқ хиргойи қилди. Ўзиям шеърлар, ҳикоялар ёзиб туришини айтди.

«Чиройли онам бор, юзлари гулгун,

Кўзлари чиройли, сочлари узун.

Нималар қилмади ахир мен учун,

Эй, ҳаёт, онамни қаритмай тургин...»

Нигинанинг она ҳақидаги қўшиқни хиргойи қилиб бергани беихтиёр бизни ҳам кўз ёшга кўмди.

Ҳар бир фарзанд нафақат, ота-онанинг, давлатнинг ҳам ҳимоясида. Демак, ҳеч кимнинг унинг интилишларига тўсиқ бўлишга ҳақлимас. Лозим бўлса, ўзим унинг ўқишга ҳужжат топширишига бош-қош бўламан, соғлом тенгқурларидан кам бўлмайдиган имкониятларга эга бўлиши учун биргаликдан ҳаракат қиламиз, – деди Шофиркон туман ҳокими ўринбосари Махсума Тилавова.

Отасини соғинган Гулчирой

Гулчирой Файзуллаева ҳам Нигина сингари уйда таълим олган. 19 ёшда. Дизайнер бўлишни орзу қилади. Шахсий ательеси бўлишини истайди. Айни пайтда рангли қоғозлардан гуллар ясайди. Расмлар чизади.

– Ҳозир бувимнинг уйига меҳмонга келганим учун чизган расмларимни олиб келмаганман.

Энг яқин дугонанг ким?

– ...яқин дугонам... йўқ, уйда таълим олганим учунми, синфдош дугоналарим келишмаган, – кўнгли тўлиб сўзлайди Гулчирой, – аммо, укаларим энг яқин ўртоқларим, энг яқин дугонам эса... онам!

Маълум бўлишича, Гулчиройнинг отаси бир неча йилдан бери Россияга ишлаш учун кетган.

Гулчирой Файзуллаева

Тўғри, отам бизга пул жўнатиб туради. Шароит яратиш учун доим хабар олади, тез-тез телефонлашиб туради. Аммо, олти йилдан ошди. Отамни кўрмадим. Отам тезроқ келишини, у билан соатлаб суҳбатлашишни истайман. Худди болалигимдаги сингари отамнинг сочларимни ўриб қўйишини жуда-жуда соғиндим, – соғинч билан ичикиб сўзлади қиз...

Медал тақмаган қаҳрамон аёл

Навбатдаги хонадонда бизни сукунат қаршилади. Ўчоқда қозон. Икки узун торга ювиб илинган кийимлар. Ҳовлининг бир бурчида этакдаги сомон устига қуритиш учун тўкиб қўйилган ўриклар, аҳён-аҳёнда қўй-сигирларнинг маъраши эшитади.

– Эндигина ўчоққа кир ювиш учун сув осгандим. Иссиқда кўзим кетиб қолибди-да, узр, – дея пешона бандини ўраб, биз томонга ошиқади аёл.

Қозонга нима қайнатяпсиз, опа?

– Кул. Кир ювишда худди совун ва содадек кўпиради, сувни юмшатади, – дейди кулиб Қундуз опа кир совун ва сода йўқлигидан кулда кир юваётганини яширган бўлиб.

– Ҳар куни шунча кир ювасизми?

– Ҳа, 6 нафар беморимиз бор, айланай, худди ёш боладек-да, ювиб-тарамасам бўлмайди, –кулимсираб сўзлайди опа.

Қундуз Исломова

Қундуз Исломова, Шофиркон туманидаги Шибирғон маҳалласидаги Исломовлар оиласига 2002 йилда келин бўлиб тушган.

Маҳалла раиси Искандар Баротовнинг сўзига кўра, Қундуз Исломова тушган хонадонда 4 нафар ўғил ва 2 нафар қизнинг туғма ногиронлиги бор.

Шу йиллар давомида бу аёл 3 нафар қайнакаси, 1 нафар қайнсинглисининг онасига айланган, десам адашмаган бўламан. Турмуш ўртоғи ҳам бемор. Яна бошқа бир қайнсинглисининг ҳам соғлигида бироз муаммоси бор. Шундай бўлса-да, турмушга узатишган. Унинг ҳам фарзандларида нуқсон бор, адашмасам, – дейди маҳалла раиси.

Билдиришича, Қундуз Исломованинг қайнона-қайнонаси бундан 65 йил илгари турмуш қуришган. Улар амакивачча бўлишган. Афсуски, туғишганларнинг фарзандлари ўртасидаги никоҳ оқибатида бир оилада 6 нафар носоғлом ва 1 нафар соғлом фарзанд дунёга келган.

Аммо, мен мана бу 6 нафар жисмоний носоғлом фарзандларнимас, ота-онаси вафотидан кейин оғайниларини якка қолдириб, уларни ташлаб кетган ва ақалли бир марта бўлса ҳам улар ҳолидан хабар олмай қўйган 1 нафар соғлом ўғил фарзандни носоғлом санайман. Иймон, инсоф берсин шу йигитга. Балки, кўрсатувларингдан кейин виждони уйғониб, ака, опаларидан ҳол сўрар. Акалар, опалар эса тоғдек йигитлар, улар жисмоний носоғломмас, фақат, ақлан заиф булар. Уй-рўзғор ишларига қарашишади, қўни-қўшниларга ёрдам беришади. Ишонсангиз, Қундуз келинга худди онадек қарашади, боладек эркаланишади, – дейди маҳалла раиси яна сўзида давом этиб.

Нотиққина, кичик жуссали Қундуз опа уялиб, ийманиб биз билан суҳбатда бўлди. Энг қизиғи, 22 йил давомида бирор маротаба ҳеч кимга ва ҳеч қаерга ёрдам сўраб чиқмаган. Топганига шукр, топмаганига сабр билан яшаб келган.

Бу хонадонга келин бўлиб тушганимдан кейин раҳматли отам:«Кучинг етганча яшайсан. Ташлаб кетмайсан. Ярим йўлда кўнгли кемтик бу болаларни ташлаб кетсанг, сендан рози бўлмайман» дегандилар. Оиладаги тарбиями, отамнинг шу сўзими, мана, сабр билан яшаб келаяпман. Тўғри, гоҳида қўл силтаб, ҳатто, бошим оққан томонларга чиқиб кетгиларим келган, аммо, раҳматли отамнинг айтганларини ўзимнинг тақдирим қонунига айлантирганман. Аллоҳга шукур қиламан, ҳамма соғ бўлсин, ҳеч кимнинг фарзанди жисмоний носоғлом бўлмасин, – дейди хўрсиниб.

Афсуски, тақдирнинг аччиқ қисматини қаранг-ки, Қундуз опанинг ҳам 16 ёшли ўғли жисмоний соғ, ақлан расо, яхши эшитади, мусиқалар тинглайди, фақатгина сўзлай олмайди.

Ўғлим Умиджоннинг қўлидан дурадгорлик келади. Яхшигина «сварщик» ҳам. Рўзғорга кучи етганча, пул топиб келади. Топганимизни амакиларига, ўғлимнинг соғлигини тиклашга сарфладик. Аммо, ўғлим гапира олмади. Балки, вақтида қўлимиз «калталик» қилиб, тузук даволай олмагандирмиз. Жони соғ бўлганига шукр, – деди Қундуз опа.

Салкам 23 йилдан бери 6 нафар ақлан заиф, руҳий носоғлом беморни ювиб-тараб келган ва бирор марта ҳаётидан нолимаган сабри тош аёл шу қайнакалари билан сомон тўкиб, оёғида лой қориб, том «бостирган», ўрни келганда, қўни-қўшниларнинг ҳам мол-ҳолига қараб, бедаю ўтларини ўриб, пул топган. Тийин-тийин жамлаб, мол олган, қўй боққан. Рўзғорини сут-қатиққа тўлдирган. Қайнамакию-қайнсингилларни сарёғларга тўйдирган.

Меҳнат билан ким ўлибди, сингилжон, олдимда биттагина ташвишим бор: Худо хоҳласа, қайнамакиларим яшаётган хоналарни таъмирлайман. Турмуш ўртоғим оғир-енгилларимга қарашиб туриб, елкадош бўлиб турадилар. Борларига шукур! – дейди.

Гулдек нозик аёлнинг меҳнатдан «эркаклашиб» кетган қўлларига қараймиз. Ўрни келганда, ўн эркак эплаши малол рўзғорни елкалаб судраб келмоқда. Турмуш ўртоғининг ҳам хасталигини ҳеч вақт юзига солмаган. Ўкситмаган, ташлаб кетмаган.

Шукурким, 2 нафар қизим соғлом. Улар олий маълумотли. Мактабда ишлашади. Турмушга чиқишган. Қарашиб туришади, – дейди Қундуз опа.

Опа суҳбат давомида ақлан заиф беморларга қараб келган бўлса-да, қаровчилик учун ўзига алоҳида маблағ ажратилиши ҳуқуқини борлигини ҳам билмаган.

Менга айтишмаган бўлса, қаердан ҳам биламан, – дейди соддагина аёл кулиб, –маҳалламиз раиси янги тайинлангач, бизни ҳолимиздан хабар олди, рўйхатларга киритди. Ва шундай имкон борлигини тушунтирди. Ўзи ҳужжатлар тайёрлаб, қарашяпти. Кам бўлишмасин!

Биз, Исломовларга тегишли ҳовли-жойни кузатар эканмиз, ичкари уйлар аҳволи билан танишиб, чап кўксимиз санчди. 65 йилдан буён таъмирланмаган, ичу ташқариси тўкилиб кетган. Айрим мутасаддиларга узоқ йиллар давомида «сукут»да яшаган бир аёлнинг «жим»лиги маъқул келганми, ҳатто, хонадон ҳашар йўли билан ҳам таъмирланмаган.

Энг қизиғи, ушбу масалага ечим излаш мақсадида Шофиркон тумани ҳокими қўл телефонига қўнғироқ қилдик. Афсуски, туман ҳокимига тегишли қўл телефондан: «Мен ҳоким матбуот котибиман. Қандай масала бўлса, менга қолдиринг!» деган жавоб келди. Изоҳга эса ҳожат қолмади.

Ижтимоий ҳимоя Миллий агентлиги вилоят бошқармаси Шофиркон туман «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази директори Турсуной Йўлдошеванинг айтишича, яқинда оилага 100 дона товуқ учун катаклар келтириб ўрнатилган.

Турсуной Йўлдошева

Турсуной Йўлдошева шу куннинг ўзида мазкур хонадоннинг ташқи деворларини ҳашар йўли билан сувоқлаш ишлари бошланишини билдирди.

Шофирконнинг чекка қишлоғидан Бухоро шаҳрига қайтдик. Ёшлар маркази биносига бир қулоч дардли оғриқларни қулочлаб кирар эканмиз, бизни Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов қарши олди. Мақола аввалида сўз борган икки нафар жисмоний нуқсони бор қизнинг олий таълимга, ҳунар ўрганишга иштиёқи баландлиги, уларнинг энг катта орзуси биргина қўл телефони эканидан тортиб, умрининг ярмидан кўпини бир хонадоннинг 6 нафар беморига бағишлаб кемтиккина ўтказаётган аёлнинг кечмишларини бир-бир сўзладик. Видеотасмаларда туширилган тасвирлар билан қайта-қайта таништирдик.

Опа, эртагаёқ, ушбу муаммони бартараф этишга қўлимдан келганча, кўмакни аямайман. Ва манзилга биргаликда борамиз! – деди Шавкат Раҳмонов.

Шу куннинг эртасигаёқ кечга томон яна Шофиркон туманининг Шибирғон маҳалласига йўл олдик. Бизни хонадон соҳибалари қаршилашди.

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шавкат Раҳмонов жисмоний нуқсони бор қиз билан суҳбатда.

Мана бу рақамларга уланибоқ, бизга қўнғироқ қиласиз. Сиз ўзингизнинг илмингиз, ҳунарингиз ва интилишингиз билан тўрт мучаси соппа-соғ бўлган ишёқмас тенгқурларингизга ўрнак бўлишингиз керак. Сизни қандай ташвиш қийнаса, бизга суянинг! Елкадошмиз! – дея совғаларни Нигина ва Гулчиройга топширди ёшлар ташкилоти раҳбари.

Ҳаял ўтмай, Қундуз опа Исломованинг хонадони дарвозасини қоқдик.

Қундуз опа бизни ичкарига таклиф қилди. Ёшлар ташкилоти раҳбари ҳадяни топширди. Ўғли Умиджоннинг хонадонида ёшлар ташкилоти томонидан ҳунармандчилик цехи очиб берилишини билдирди. Қундуз опа эса бир оғиз сўз сўзлолмади. Кўз ёш тўкди, холос.

Чоғроққина дастурхон атрофида ўтирган ёши кекса онахон эса ёшлар ташкилоти раҳбарига: «Жуда ёшга ўхшайсан. Катталар қилган хатони сизлар такрорламанг. Бу хонадон бошига тушган дард 65 йилдирки, давом этяпти. «Йўллар ёпилмасин, қариндошлик ришталари узилиб кетмасин» деб яқин қавм-қариндош билан қуда-анда тутинманглар. Ҳадянг хайрли бўлсин, кам бўлманглар, болам», – дея қўлини дуога очди...

***

Инсон борки, ҳамиша хайр, савоб қилишдан чарчамайди. Бир ҳовучгина бўлса-да, кемтик кўнгиллар қалбига йўл топмоқ – асли саодатдир.

Бироқ...

Ярим асрдан кўпроқ вақтдан бери Шофирконда не-не мансабдорлар алмашган... чорак асрдан вақтдан бери ўзи «сукут» сақлаб келгани маъқулида биз боргунга қадар бу хонадон ичига бирровга бош ҳам суқиб кўрмаган мутасадди раҳбарлар кўксига орден, медал тақилмаган бўлса-да, юраги устида қалбан «Орият» ва «Мардона аёл»  деган қаҳрамонлик шарафини тақиб юрган аёл дардини эшитишса, унга елка тутишса, бундан хайрлиси бўлмас.

Лайло Ҳайитова 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг