АҚШда камида 10 киши кучли бўрон оқибатида ҳалок бўлди

Ўтган дам олиш кунлари АҚШнинг аксарият ҳудудларида кузатилган кучли бўрон оқибатида камида 10 киши, жумладан, бир бола ҳалок бўлди. Айрим штатлар сув тошқинларидан азият чекмоқда, деб хабар берди CNN.
Кентуккида дарё ва ирмоқлар кучли ёмғир оқибатида ўзанидан чиқиб, йўлларни сув босди. Штат губернатори Энди Беширнинг айтишича, сув тошқини исканжасида қолган юзлаб одамлар қутқарилди. Одамларга имкон қадар йўлга чиқмаслик тавсия этилмоқда.
Табиий офат 9 нафар кентуккиликнинг ўлимига сабаб бўлди. Губернаторнинг таъкидлашича, қурбонлар сони ошиши мумкин. Шунингдек, Жоржия штатида бир киши ҳалок бўлди.
Кентуккида дарё сатҳи тарихий максимумга кўтарилди. Кентукки ва яна айрим штатларда фавқулодда вазият эълон қилинди. Бўрон оқибатлари Алабама, Арканзас, Мэн, Вермонт, Юта ва бошқа штатларда ҳам кузатилмоқда. Кўп жойларда кўчки хавфи эълон қилинган.
Бўрон АҚШнинг турли қисмларида 330 мингдан зиёд инсонни электрсиз қолдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter