Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пандемия ва аудит: муаммони қандай ҳал қилса бўлади?

Пандемия ва аудит: муаммони қандай ҳал қилса бўлади?

Коронавирус фуқаролар соғлиғига хавф солиш билан бирга, пандемия давлатимиз бошқаруви самарадорлиги ва мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарорлигини ҳамда жамиятимизнинг етуклик даражасини жиддий синовдан ўтказмоқда.

Бугунги кунда, Ўзбекистон молия вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатимиздаги 96 та аудиторлик ташкилотида 558 нафар аудитор ва бизнинг тахминларимизга кўра, яна 1000 дан ортиқ ёрдамчи аудиторлар фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан ўтган 2019 йилда 5467 та хўжалик юритувчи субъектда мажбурий ва ташаббус тарзидаги аудиторлик текширувлари ва бошқа профессионал аудиторлик хизматлари амалга оширилган.

Республикамизда коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари сабабли, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан, 2019 йил якунлари бўйича аудиторлик текширувидан ўтказиш муддати 2020 йил 1 октябригача узайтирилди ва аудиторлик хизматларини кўрсатиш жараёни амалда тўхтаб қолди.

Бироқ, пандемия шароити аудиторлик фаолиятига оид қуйидаги табиий саволларни юзага келтирмоқда.

Биринчидан, пандемия тадбирлари сабабли карантин даври мобайнида аудиторлик ташкилотлари ва аудиторлар нима билан шуғулланади ҳамда улар фаолияти қандай молиялаштирилади?

Иккинчидан, молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчилар (давлат органлари, ҳамкорлар ва инвесторлар) учун хўжалик юритувчи субъектлар молиявий ҳисоботларининг ишончлилиги ким томонидан кафолатланади ва юқоридагилар ўз-ўзидан учинчи саволни, яъни пандемия шароитида юқоридаги саволлар билан боғлиқ аудиторлик хизматларини қандай амалга ошириш мумкинлигини аниқлаштиришни талаб этмоқда.

Фикримизча, карантин тадбирлари даврида, қанчалик мураккаб бўлмасин, юқоридаги масалаларнинг оптимал ечимларини топиш керак бўлади. Бизнингча, пандемия шароитида юқоридаги масалаларни ҳал этишнинг ягона йўли масофавий (тезкор интернет, дастурий таъминотлар, видеотасвир ва бошқа рақамли воситалар асосида) тарзда фаолиятни амалга оширишдир. Пандемия шароити билан аудиторлар биринчи марта тўқнаш келаётганлиги сабабли, масофавий тарзда ишни ташкил этиш аудиторлардан пандемия натижасида юзага келган омилларни ҳисобга олган ҳолда текширувларда аудиторлик амалларини бажариш, аудиторлик хизматларини бажаришга илмий жиҳатдан ёндашиш ва аудиторларни масофавий ишлаш воситалари (тезкор интернет, дастурий таъминот турлари, видеотасвир ва бошқа рақамли воситалар)ни тўлиқ ўзлаштириш талаб этилади. Бугунги пандемия шароитида масофавий тарзда аудиторлик текширувлари қуйидаги кетма-кетликда амалга оширилиши мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

  • Замонавий IT-технологиялар (тезкор интернет, видеотасвир ва бошқа рақамли воситалар) асосида аудиторлик далилларини тўплаш жараёнини ташкил этиш;
  • Пандемия шароитида текширилаётган субъектнинг фаолиятида амалда қўлланилган ҳисоб сиёсати ва ички назорат қоидалари мазмуни билан чуқур танишиш ҳамда уларга асосан қўлланиладиган аудиторлик усуллари ва амалларини белгилаш;
  • Ҳар қандай шароитда биринчи навбатда ўрганиладиган аудиторлик вазифаларини бажариш ва текширув натижаларини аудиторлик иш ҳужжатларида умумлаштириш;
  • Замонавий IT-технологиялар асосида текширилаётган субъектнинг автоматлашган ҳисоб тизими (маълумотлар базаси) ахборотларини баҳолаш ва текширув натижалари асосида аудиторлик фикрини шакллантириш;
  • Аудиторлик ташкилоти номидан аудиторлик ҳисоботини тасдиқловчи аудиторни розилик хати орқали тайинлаш ва у орқали аудиторлик ҳисоботи ҳамда хулосасини тайёрлаш;
  • Аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини розилик хати орқали тайинланган аудитор имзоси ва электрон рақамли имзо талаблари асосида тасдиқлаш;
  • Аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини текширилган субъект раҳбариятига замонавий IT-технологиялар асосида тақдим этиш ва бошқалар.

Юқоридаги аудиторлик вазифаларини амалга оширишда қуйидаги айрим муаммоли жиҳатларга эътибор қаратиш зарур бўлади:

Биринчидан, пандемия шароитида аудиторлик хизматларини ташкил этиш ва амалга оширишнинг энг аввало, меъёрий-ҳуқуқий, услубий ва амалий асосларини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни пандемия шароити талабларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш зарур. Бунинг учун аввало, аудиторлик фаолиятини тартибга солувчи ваколатли органлар (молия вазирлиги, аудиторлар палатаси, бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси, бухгалтерлар федерацияси) томонидан расмий кўрсатма ва йўриқномалар ёки услубий тавсиялар берилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Фикримизча, бу борада қўшни МДҲ давлатлари тажрибаси ва халқаро бухгалтерлар федерациясининг интернет сайти орқали берилаётган услубий тавсияларни тўлиқ ўзлаштириш зарур.

Иккинчидан, аудиторлик хизматларни ташкил этиш ва унинг натижаларини умумлаштиришда пандемия таъсири омилларини аудиторлик иш ҳужжатларида батафсил таҳлил этиш лозим;

Учинчидан, пандемия шароитида асосий муаммо сифатида аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини аудиторлик ташкилоти томонидан муҳр ҳамда имзо билан тасдиқлаш масаласи «кўндаланг» бўлиб чиқади. Бунинг учун бу ҳужжатларни Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган «Электрон рақамли имзо тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 26 сентябрдаги «Электрон рақамли имзодан фойдаланиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш орқали бу масалани ҳал этиш лозим;

Тўртинчидан, аудиторлар текширувлар давомида текширилаётган субъект томонидан молиявий ҳисоботни тайёрлашда қайси даврни ҳисобга олиш қоидаларидан фойдаланилганлиги ва текширилаётган ҳисоботни пандемиядан аввалги давр бўйича тузилган ҳисоботлардан фарқли хусусиятлари мавжудлигини аниқлаши талаб этилади;

Бешинчидан, масофавий тарзда аудиторлик текширувини ўтказишда текширилаётган субъектнинг бухгалтерия ҳисоби тизимининг қанчалик автоматлаштирилганлигини баҳолаш ҳисобланади. Бунинг учун текширилаётган субъектнинг тегишли масъулларидан тизимга кириш калитларини олиш орқали ундаги ҳисоб жараёнларини видео тасвир ёки электрон сканер  воситалари асосида аудиторлик далилларини тўплаши талаб этилади;

Олтинчидан, пандемия шароитида аудиторлик текширувларини масофавий тарзда ташкил этишнинг самарали воситаларидан бири бу ҳозирда ривожланган Европа давлатлари ва Россия аудиторлик амалиётида кенг қўлланилаётган AuditNET, ITAUDIT:Аудитор, AUDIT XP «Комплекс Аудит» ва «Экспресс аудит:ПРОФ» сингари энг профессионал дастурий таъминотлар орқали қисқа муддат ва тартиблар асосида текширувларни сифатли ташкил этиш деб ҳисоблаймиз. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти таҳлилини масофадан туриб амалга оширишда бугунги кунда молиявий таҳлил жараёнларида кенг қўлланилаётган «Audit Expert», «ИНЭК – Аналитик», «Альт – Финансы», «Financial Analysis» ва «ФинЭк Анализ» каби замонавий дастурий таъминот турларидан ҳам фойдаланиш самаралидир.

Умуман олганда, юқоридагиларнинг амалга оширилиши пандемия даврида аудиторларнинг иш билан бандлигини таъминлаш орқали молиявий даромад олиш имкониятини яратади. Бу эса, молиявий ҳисоботлардан фойдаланувчиларнинг ишончли ахборотлар билан таъминланишини кафолатлайди ва карантин давридан фойдаланган ҳолда хўжалик субъектларига ўз фаолиятини баҳолаш орқали келгусидаги стратегиясини белгилаш имконини беради.

И.Мелиев,
Тошкент молия институти
«Аудит ва иқтисодий таҳлил»
кафедраси доценти в.б., PhD.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг