Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Афғон талабалари Ўзбекистонда (видео)

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ўзбекистондаги энг қадимий ва йирик олий ўқув юрти ҳисобланади.

Бу муассаса 1918 йил 12 майда Туркистон халқ университети номи остида 12 минг талаба билан ташкил этилган.

Университет Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ўзбекистон миллий уневерситети номини олди ва ҳозирда тули йўналишларда 16 та факультетда 33 мингдан ортиқ талаба таҳсил олмоқда. Жумладан, олийгоҳда 305 та хорижилик талабалар ҳам таълим олиб, улардан 7 нафари афғонистонлик. Улар Ўзбекистон ҳукумати кўмагида мамлакатда олий таълим олаётган бўлажак журналистлардир.

ЎзМУ проректори Раҳима Ширинова афғон талабаларининг университет тадбирларидаги фаол иштироки ҳақида сўзлар экан, афғон халқининг маданияти ва санъатини алоҳида эътироф этади.

«Миллий университетга хорижий талабаларни жалб қилиш борасида олиб борилаётган ишлар натижаси ўлароқ, мана, икки йилдан буён афғон талабалари журналистика факультетимизда таҳсил олиб келишмоқда. Улар ҳақида шу нарсани айтишим мумкинки, уларнинг, айниқса, санъатга, маданиятга бўлган қизиқиши ўзгача. Бу университетнинг халқаро талабалар билан ишлаш бўлими томонидан ташкил қилинадиган турли тадбирларда ҳам билинади.

Масалан, ўтган ўқув йили якунида барча хорижлик талабалар билан бирга ўз халқлари маданияти, санъати ва миллий таомлари бўйича кўргазма ташкил этилди. Ўша тадбирда, айниқса, мана шу афғон талабаларимизнинг чиқишлари – афғонча қўшиқлар, рақслар йиғилганларда катта таассурот қолдирган эди.

Ўйлайманки, бундан кейин ҳам афғонистонлик талабаларимиз Ўзбекистон Миллий университетида бўладиган барча тадбирларда ҳамда ўқув машғулотларида фаол иштирок этишади ва улар сафининг кенгайишидан ҳам фақат хурсанд бўламиз», – профессор Раҳима Ширинова.

ЎзМУ Журналистика факультети декани ўринбосари Рамзидин Абдусатторов эса талабаларнинг таълим даргоҳидаги ҳаёти ва дарсларни ўзлаштиришини юқори баҳолайди.

«Мен дастлаб уларнинг дарсларимизни ўзлаштириб кетиши қийин кечса керак, деб ўйлаганман. Чунки ўзбек тилини яхши билишмас эди. Аммо бугун уларнинг ҳар бири ўша хавотирларимни аритган: тилни ўрганишди, дарсларга интилиши билан тенгдошларига ўрнак.

Уларга менинг ўзим ҳам дарс берганман. Улар замонавий-миллий журналистикани ташқи ва ички сиёсатлар мисолида яхши таҳлил қиладилар», – дейди декан ўринбосари.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг