Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шинжон сирлари: Буни албатта кўришингиз керак (фото)

Шинжон сирлари: Буни албатта кўришингиз керак (фото)

Фото: «Xabar.uz»

Шинжон-Уйғур автоном вилояти замонавийлик бўйича ҳозир Хитойнинг бошқа минтақаларидан кўп ҳам фарқ қилмайди: авиақатновлар, тезюрар поездлар, катта шаҳарлардаги осмонўпар бинолар, пулли автомобил йўллари... Бироқ бу ерда асл халқ урф-одатлари ҳам сақланиб қолган. Саёҳатимиз давомида биз бунга амин бўлдик.

Шинжонда ўндан зиёд аэропортлар мавжуд бўлиб, минтақанинг турли ҳудудларига ички рейслар амалга оширилади. Хитой элчихонаси кўмагида Шинжон-Уйғур автоном вилоятида бўлган Ўзбекистон делегацияси ҳам Урумчидан Нарат туманига самолётда йўл олди. Бир соатлик парвоздан сўнг ҳавоси жуда тоза, ёзнинг айни чилласида баҳордек салқин ҳудудга кириб бордик.

Фото: «Xabar.uz»

Нарат миллий ўрмон боғи уч томондан Тянь-Шаннинг виқорли қоялари билан ўралган. Яшил масканнинг ўртасидан Или (Кюнес) дарёси оқиб ўтади. Асосан қозоқ чорвадорлари қўним топган бу ҳудудда бой дашт маданияти сақланиб қолган.

Фото: «Xabar.uz»

Бизга маълумот беришларича, даштнинг умумий майдони 960 кв. км.ни ташкил этади ва у денгиз сатҳидан 1800 метр баландликда жойлашган. Хитойнинг энг гўзал яйловларидан бири сифатида тан олиниб, унга юқори тоифали туристик зона мақоми берилган. Гарчи ҳудудга кириш пулли бўлса-да, Нарат хитойлик ва чет эллик сайёҳларнинг севимли дам олиш масканига айланган.

Фото: «Xabar.uz»

Нарат миллий ўрмон боғига ёз мавсумида ҳар куни ўртача 30-40 минг сайёҳ ташриф буюрар экан. Уларнинг хоҳлаганлари бир неча кунлаб ушбу табиати жуда гўзал, баҳаво манзилда қолишлари мумкин.

Фото: «Xabar.uz»

Бизга ҳамроҳлик қилган Амантай оғанинг айтишича, бунинг учун даштда иссиқ сув, телевизор, кондиционер ва цивилизациянинг бошқа қулайликлари бўлган шинам коттеж ҳудудлари мавжуд. Бундан ташқари, маҳаллий чўпонларнинг меҳмон ўтовлари ҳам бор.

Фото: «Xabar.uz»

Нарат даштларида ёзнинг айни палласида ўт-гиёҳлар энди гуллаган, бутун далалар чаманзорга бурканган. Ҳамон вақти-вақти билан енгилгина ёмғир томчилаб туради.

Фото: «Xabar.uz»

Нарат яйловлари дунёдаги энг катта тўртта даштдан биридир. Ҳудуднинг яшил қатлами 75-90 фоизни ташкил қилади, яъни бу ерда тошлоқ ялангликларни учратишингиз қийин, ҳаммаёқ ям-яшил.

Фото: «Xabar.uz»

Миллий ўрмон боғида ўртача йиллик ёғин миқдори 800 мм.ни ташкил этиши сабаб, чорвадорлар ўз чорваларига йил давомида табиий ем-хашакни бемалол етказа олишади.

Фото: «Xabar.uz»

Ҳудуднинг бир қисми тўсиқлар билан ўраб қўйилади ва қиш ғами учун ўт-ўланлар ўстирилади. Қолган қисмида чорва ва йилқилар эркин ўтлаб юради.

Фото: «Xabar.uz»

Ҳудудга бир кунда 40 минглаб сайёҳ келса-да, булғанган жойларни, турли пластик идиш, қоғоз ва бошқа чиқиндиларни кўрмайсиз. Дарахтлар кесилмаган, ҳаммаёқ тоза-озода. Ҳукумат ҳам, маҳаллий аҳоли, чорвадорлар ҳам атроф-муҳит тозалигига жиддий эътибор қаратиши сезилади.

Фото: «Xabar.uz»

Қурилган иншоотлар, тоғ йўллари четларидаги тўсиқлар ҳам дид билан қилинган: оҳакланган бетон ёки умумий манзарани бузадиган металл қурилмаларни кўрмайсиз, аксинча, табиатга уйғунлашган ёғоч ёки ёғочсифат тўсиқлар ўрнатилган, ранглар ҳам шунга монанд. Йўллар эса текис.

Фото: «Xabar.uz»

Балки шу оддий ёндашув — дид ва тартиб ҳам бюджетга миллионлаб фойда келтирадиган минглаб сайёҳлар оқимига сабабдир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг