Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўгай ёхуд пушаймонлик гирдоби

Ўгай ёхуд пушаймонлик гирдоби

фото: интернет, очиқ манба

– Сизга кўп маротаба қўнғироқ қилдим. Жавоб бермадингиз. Шунчаки, сиз билан гаплашмоқчи эдим, холос.

Сизни яхши танимайман. Ижтимоий тармоқда «Виждон билан юзма юз» ҳикоянгизни ўқиб қолдим. Ёзилган изоҳлар эътиборимни тортди. Чунки, мен ҳам ўгай онанинг қўлида катта бўлганман. Гапни нимадан бошлашни ҳам билмаяпман. Бухороликман, Тошкентда яшайман. Кеча Бухорога кетган эдим. Бугун қайтяпман. Нуротанинг йўлида машинамни тўхтатдим. Нима бўлса бўлди, дея сизга ёзишга қарор қилдим. Хоҳишингиз бўлса, вақт топсангиз ўқирсиз.

Менга саккиз ёшимда онанг ўгай дейишган. Эътибор бермадим. Чунки, ўгай нима эканлигини билмас эдим. Ўн икки ёшимда яна шу сўзни эшитдим. Лекин, ишонмадим. Онам сингилларимдан кўра менга кўп меҳр берарди.

Отам бизга қаттиққўл эди. Лекин, онамнинг бирор марта бизни уриб сўкканини эслай олмайман.

Ўн беш ёшларда эдим. Отам мактабга келди. Зарур иши борлигини айтиб, мени дарсдан олиб чиқиб кетди. Қишлоғимиздаги эски ошхонанинг ёнига олиб борди. Кир бўлиб кетган ўриндиқ устида ўтирган чиройли аёл, бизни кўриб ўрнидан турди. Отам қовоғини солиб қаттиқ-қаттиқ гапирди.

– Ўн беш йилдан кейин келиб, менга эркак қанақа бўлиши кераклиги ҳақида ақл ўргатма. Мана, ўғлим. Гулдек ўстирдим. Хеч кимдан кам қилмадим. У энди ёш бола эмас. Ҳаммасини тушунадиган ёшда.

Хуллас, ўша куни бор ҳақиқатни эшитдим. Бу чиройли аёл туққан онам экан. Мен икки ёшлигимда дадам билан ажрашган. Пойтахтда яшаркан. Иккинчи турмушидан битта қизи бор экан.

Негадир, кўзида ёш билан мени ўпиб қучоқлаган бу аёлга кўнглим исимади. Аёл ҳам буни сезди.

– Болам, ҳали ҳаммасини тушуниб етасан. Сендан ҳеч нарса истамайман. Фақат ора сира қўнғироқ қилиб тур. Майлими? Рақамимни ёзиб ол.

Бу ғалати саҳна ҳам, унинг ўйинчилари ҳам менга ёқмаётган эди. Тезроқ тугашини, тезроқ уйга кетишни хоҳлардим. Чўнтагимдан экрани дарз кетган эски телефонимни чиқардим.

Аёл сумкасидан янги телефонни олиб менга узатди.

– Ол, ўғлим. Телефонинг синиқ экан. Бу энг охирги маркаси. Ишлатиб кўр.

Секингина отамга қарадим. Отам ўша ҳолатда қовоғини солганча ерга қараб ўтирарди. У индамагани учун телефонни олдим. Аёл мени ўпиб хайрлашди. У кетди. Ундан фақат хушбўй атир ҳидигина қолди. Отам юр, дегандек имлади. Оғир қадамлар билан уйга кетдик. Онам ошхонадан чиқиб келди.

Онамга тикилиб қарадим. Ундан атир ҳиди эмас, чаккасига тақиб олган райҳон ҳиди келади. Унинг тирноқларида ҳеч қачон бўёқ кўрмаганман.

Ғалати ҳислар ичида эдим. Чалпа-чулпа овқатланиб уйга кириб ётиб олдим. Бир соатлардан кейин онам ёнимга келди. Мен яхши кўриб ичадиган айронни тайёрлаб келибди. Ўзимни ухлаганга солиб олдим. У пешонамдан ўпди.

– Ол, болам. Муздеккина. Ичиб ол. Ҳаммаси яхши бўлади.

Бошқа гапирмади. Чиқиб кетди.

Мактабни битиргунимча туққан онам уч марта келиб кетди. Ҳар келганида қимматбаҳо совғалар олиб келар, чўнтагимни пулга тўлдириб кетарди.

Охирги келганида мени олийгоҳда, пойтахтда ўқишим учун кўндирди. Отам эса қарши чиқди.

– Ўқисанг шу ерда ўқи. Унинг ёнида нима бор? Боқиб катта қилганим учун жавобми бу? Кетмайсан. Бир кун келиб афсус қиласан.

– Ота мен доктор бўлмоқчиман. Тошкентда ўқийман.

Хуллас, орамизда тортишувлвр бошланди. Охири отам менга қўл кўтарди. Менга алам қилгани эса,онам тарафимни олмади. Ва ўша куни уйдан кетдим.

Мактабда яхши ўқигандим. Олийгоҳга қийналмай кирдим. Туққан онам иккинчи турмушидан ҳам ажрашган, отаси бошқа синглим билан бирга яшарди. Улар билан муносабатим яхши эди.

Иккинчи курсда ўқиётганимда отам вафот этди. Жанозага борганимда виждон азобидан қийналдим.

Кейин эса боққан онам ва икки синглимдан узоқлашдим. Қишлоққа умуман бормай қўйдим. Туққан онам уларни судга бериб ҳовлини ўзимга олишимни уқтирди. Суд онам ва икки синглимнинг улушларини ҳам ҳисоблаб чиқиб, ҳовлини учдан бирини менга беришга қарор чиқарди. Менга ажратилган қисмни қўшнига сотиб бир халта пул билан Тошкентга келдим. Туққан онам уйимиз бор, бу пулга синглингни узатамиз деди.

Олийгоҳни битириш арафасида яна бир хатога йўл қўйдим. Боққан онамни тўйимга айтмадим.

Фарзандли бўлганимда ҳам хабар бермадим.

Синглимни узатганмиз. Лекин, худонинг берган куни уйга келади. Аёлим оғир босиқ инсон. Синглим билан ораларидаги низо мени чарчатди. Бир тарафда диплом ишим, бир тарафда оилавий муаммолар. Уч кун аввалги жанжалда эса онам ва синглим асл юзини кўрсатишди. Аввалига секингина тушунтирмоқчи бўлдим.

– Синглим, энди ёш бола эмассан. Келишиб яшасанглар бўлмайдими? Нега ҳар куни келиб жанжал қилаверасан?

– Вой келсам ўзимнинг уйимга келяпман. Бу уйни дадам мен учун олган. Хоҳласам ойимчангни ҳам, болангни хам сенга қўшиб ҳайдайман. Тушундингми?

– Нималар деяпсан. Сенинг тўйингга, миниб юрган машинангга битта уйнинг пулини сарфладимку. Ойи, нега индамайсиз?

– Вой, сен нималар деяпсан? Пулингни миннат қилма. Уйимдан жой бердим. Ўқитдим, боқдим. Сени топган вақтимда синиқ телефонингдан бошқа хеч нарсанг йўқ эди. Ҳе ўша сени... Яхшиликни билмаган кўрнамак. Йўқол уйимдан.

Бошимдан қайноқ сувлар тўкилиб кетди. Тишларим орасидан зўрға гапирдим.

– Ҳа, мен ўша телефонга болалигимни, бахтимни алмашган эканман. Афсус...

Хонамга кирдим. Қулоғим остида отамнинг ҳали афсус қиласан деган гаплари жарангларди. Йиғидан кўзлари шишиб кетган аёлим ялинди.

– Жон дадаси, ижарага бўлса ҳам чиқиб кетайлик. Ўқишингиз ҳам битди. Ишлашни бошласангиз қийналмаймиз.

– Хўп. Сен болани олиб уйингга бор. Икки-уч кунда ҳаммасини ҳал қиламан.

Отамнинг қабрини зиёрат қилиш, узр сўраш учун қишлоғимга келдим. Қабр устида қанча ётганимни билмайман. Оёқ сасларини эшитдим. Аввалига райҳон ҳиди, кейин онамнинг овози келди.

– Келдингми, болам? Гўрков хабар бермаса кўрмай қоларканман.

Шошилиб ўрнимдан турдим. Онамни бағримга босдим. Озиб, кичкинагина бўлиб қолибди.

– Келдим, она. Мендек ахлоқсизни ҳалиям болам дейсизми?

– Унақа дема. Отанг безовта бўладия. Юр, уйда гаплашамиз.

Уйимиз ўша-ўша. Озода. Ҳамма нарса жой-жойида. Онам атрофимда гирдикапалак тўхтамай гапирарди.

– Каттанг( катта синглим) ҳомиладор, кичкинанг ўқишда. Ҳали замон келиб қолади. Келинни, набирамни нега олиб келмадинг?

– Она, отам ҳақ эканлар. Афсуслар, пушаймонлар юрагимни ёндиряпти.

Онамни тиззасига бошимни қўйдим. Хўрлигим келди. Ўксиб йиғлаб юбордим. Ҳаммасини айтиб бердим. Онам бошимни силаб ўтирди.

– Хафа бўлма. Ҳали ҳаммаси яхши бўлади. Сени жўнатмайман. Шу ерда отангнинг чироғини ёқиб ўтирасан.

– Бу ерга қайта олмайман. Ҳовлига қўшиб виждонимни ҳам сотиб кетганман. Одамлардан уяламан.

– У ёғини менга қўйиб бер. Ётиб дамингни ол, менга ошга уринай.

Қанча ухлаганимни билмайман. Уйғонганимда ҳовлини одам босиб кетганди. Сингилларим югуриб хизмат қилишяпти. Қўшнилар, маҳалла кўй, ҳамма тўпланибди. Қўшни амаки елкамга қоқиб қўйди.

– Қайтиб яхши қилибсан. Қишлоққа доктор жуда зарур. Аммо, бир гапни айтиб қўяй. Кўп пул олиб келибсан. Ҳовлини қайтариб сотиб оламан дебсан. Бу ишинг яхши эмас. Ўртада лафз бор. Қолган ҳовли ҳам сизларга етади.

Ҳайрон бўлиб онамга қарадим. Онам менга қараб кулиб қўйди.

Ҳамма ўзи билан овора бўлиб турганидан фойдаланиб, аёлимга қўнғироқ қилдим. Вазиятни тушунтирдим.

– Онаси, йўқ демагин. Қишлоғимиз жуда чиройли. Онам мусичадек беозор. Ҳали ёқтириб қоласан. Бу ерда докторларни жуда ҳурмат қилишади.

– Сиз қаерда бўлсангиз, биз ҳам ўша ерда яшаймиз, дадаси, – деди аёлим.

Гапимни тугатишим билан онам кириб келди. Қўлида айрон. Хонани райҳон иси тутиб кетди.

Хуллас, Нуротада, йўл четида, машинамда ўтириб буларни ёзяпман. Бир нарсага амин бўлдим. Боққан эмас, ташлаб кетган ўгай экан.

...Қадрдоним, мен ҳамма қўнғироқлар ва хабарларга бирдек жавоб бера олмайман. Бу воқеани куз ойларида бир укамиз жўнатган экан. Воқеалар жуда чалкаш ёзилган. Ўрни ўрнига қўйиб ёзишга ҳаракат қилдим. Ҳикоя қаҳрамонига боғлана олмадим.

Ҳаётда ҳамма хато қилиши мумкин. Муҳими, у хатоларни такрорламаслик.

Ҳаёт жуда қисқа. Қалбларни парчалаш бизга ярашмайди.

                                                                              Сабо Маъруфжонова facebook саҳифасидан олинди

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг