Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода она ва болани ўлдириш билан қўрқитган босқинчи ушланди

Бухорода она ва болани ўлдириш билан қўрқитган босқинчи ушланди

Бухоро шаҳрида яшовчи она ва унинг ўғлини ўлдириш билан қўрқитиб, хонадонда босқинчилик ҳаракатини содир этган шахс ушланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га маълум қилган вилоят ички ишлар масъулининг билдиришича, айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳолатга кўра, жорий йилнинг 25 июль куни тахминан соат 12:00 Бухоро шаҳридаги хонадонлардан бирига юз-кўзини ниқоб билан беркитган шахс бостириб кирган. Бу пайтда  хонадон соҳибаси Р.А. уйнинг ювиниш хонасида кийимларни юваётган бўлган.

Ниқобли шахс аёлга очиқдан-очиқ ҳужум қилиб, соғлиғи учун хавфли бўлган зўрлик ишлатган. Унинг бош қисми ва танасининг турли қисмларига қўллари билан бир неча маротаба уриб, оёқлари билан тепган. Аёлни ва унинг вояга етмаган, 23.07.2015 йил туғилган фарзанди Ў.И.ни ўлдириш билан қўрқитиб, пул ва қимматбаҳо буюмларни беришини талаб қилган.

Р.А.га тегишли бўлган уч дона умумий баҳоси 5.000.000 сўмлик аёллар тилла узукларини, икки жуфт умумий баҳоси 4.500.000 сўм бўлган  аёллар тилла зиракларини, бир дона баҳоси 3.000.000 сўм бўлган аёллар тилла билак узукларни босқинчилик йўли билан қўлга киритган. Ва босқинчи ўз жиноятини содир қилиб, ҳодиса содир бўлган жойдан номаълум томонга яширинган.

«Ички ишлар идораларига ушбу хабар етказилиши ҳамоно тезкор гуруҳ воқеа жойида бўлди. Жабрланувчи ва унинг вояга етмаган фарзандининг баданига қасддан енгил тан жароҳати етказиб, Р.А.га жами бўлиб 12.500.000 сўм миқдорида моддий зарар етказилгани аниқланди. Олиб борилган тезкор тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни  Бухоро тумани, Гулшанобод маҳалла фуқаролар йиғини, Жонбобо қишлоғида яшовчи М.М. содир қилгани аниқланди. Унинг жинояти ўз изидан фош этилди», — деди Бухоро вилоят ИИБ ахборот  хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов.

Ҳозирги пайтда Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бош бошқармаси тергов бўлими томонидан гумонланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчи қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Қўшимча маълумот берилишича, босқинчилик жиноятини содир этган шахс бундан илгари ҳам судланган ва қамоқ жазосини ўтаб қайтган бўлган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг