Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мурод Ражабовнинг саҳнадаги биринчи муҳаббати (видео)

Актёр Мурод Ражабовни хотирлаб...

Оқ булоқни изладим, қора булоқ дуч келди!...
Қора булоқ сувидан ичдим ёронлар, оқ булоққа етгунча!...

Азим Суюн

Шоир шеърида тасвирлаган бу ҳаёт баёти асрлар оша турфа тақдирларда яшаб келади. Умр йўлида ҳар кимнинг ўзи кўзлаган оқ булоғи бор. Бунда оқ булоққа етгунча ичилган қора булоқ сувлари ҳам инсонийликни, инсон бўлиб яшашни, инсон бўлиб қолишни ўргатганлиги билан қадрлидир! Зеро, қора булоқ сувига чидаш берганларгина, оқ булоққа етганлар! Халқимизнинг шу баётга муносиб яшаб ўтган одамлари бисёр. Улардан бири – Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовдир.   

Актёрнинг вафоти Ўзбекистон халқини, қолаверса, унинг мухлислари-ю, ҳамкасбларини бир қалқитмасдан, йиғлатмасдан қўймади. Чунки, Мурод Ражабовнинг самимий, мутойибага бой ижролари, ҳеч кимникига ўхшамас гапириш оҳанги, табассумигача чин маънода халқники бўлиб кетганди. Актёр ҳам халқ билан шу қадар якдил бўлиб кетганлигидан, уни «Темир хотин» фильмидаги қаҳрамони исми билан «Қўчқор ака!» деб атагувчиларга ҳам лаббайи топиларди.

Айниқса, актёр қатнашган фильмларни ўзига хос бир ришта боғлаб турадики, бундан ҳайратланасиз. Сиз Мурод Ражабов суратга тушган фильмларда унинг қаҳрамонлари рақсини ҳеч кузатганмисиз? Сўз ожизлик қилган жойда, актёр рақсга ихтиёр бераркан, бу рақсларнинг ўзи алоҳида воқеа, алоҳида фильм! Гоҳида қарғалар учган чоғ Марғилон йўлига кўз тикиб, орзуланган ёш шўхчан йигит, гоҳида эса «Ғайра-ғайра»ни хиргойи қилиб, ёшлигини қўмсаган дилгир киши ва яна турли ҳолатларни ифодалаган актёрнинг рақсларини бир ерга жамласангиз, бир инсон умрини англайсиз! Ахир, ўша инсон оқ булоғини излаган АКТЁРнинг ўзи!

Актёрнинг саҳнадаги илк партнёри, елкадош, ҳамкасб дўсти, Ўзбекитсон халқ артисти Малика Иброҳимова Мурод Ражабовни хотирлади.       

– Севимли актёримиз Мурод Ражабовнинг вафоти кўп одамларни ларзага солди, деб  ўйлайман... Шу кунлар жамоат автоуловида кетаётганимда, йўловчилар орасида Мурод тўғрисида гап очилди. Бирин-кетин у қатнашган фильмлар ва ролларини эслаб кетишди... Халқ уни қўмсаётганди... Беихтиёр кўзимга ёш келди... Инсонга берилган умрда кимдир ўзидан нимадир қолдиришга улгуради, яна кимдир эса йўқ. Мурод инсонларни, ўз халқи қалбида қолган экан, демак, у бу ҳаётда беҳуда яшамаган, беиз кетмади!...

Мурод билан биз «Ёш гвардия» (ҳозирги Ўзбек Давлат драма театри)да танишганмиз ва у билан боғлиқ энг кўп эсдаликларим ҳам мана шу театр билан боғлиқ.

Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг «Муҳаббат арафасида» ҳикояси асосида режиссёр Эргаш Масофаев томонидан саҳналаштирилган «Биринчи бўса»(1971) спектаклидаги Роҳат ва Шокир образлари бизнинг Мурод билан илк ролимиз. «Биринчи бўса» спектакли бу – бизнинг санъатдаги биринчи қадамимиз, биринчи устозимиз, биринчи ролимиз, биринчи томошабинимизнинг олқишлари садоси, саҳнадаги илк ҳаяжонимиз сифатида қалбимизга муҳрланган. Энди буларнинг бари хотира бўлиб қолди.

Иккимизнинг устозимиз ҳам бир инсон эди – ўта талабчан, ўта қаттиққўл режиссёр Эргаш Масофаев. Мурод бу режиссёрнинг спектаклларида жуда кўп бош ролларни ижро қилган. Кейинчалик, бу ҳақида Муроднинг ўзи шундай деганди: «Эргаш акадан олган сабоқ, тажрибаларим бир умрга етди! Эргаш акадек режиссёр қўлида ишлаган актёр ҳар қандай режиссёрда ишлаб кета олади. Ҳатто, актёрда  ўзига ўзи режиссёр кўзи билан қарай олиш қобилияти ҳам шаклланади».

Мурод ўта меҳнаткаш эди. Саҳнада 16 соатлаб ишласак, 16 соат Мурод саҳнадан тушмасди. Репетициядан бўшаган вақтлари театр ҳовлисда Муродни қаҳрамони сўзларини такрорлаб, талаффузи устида алоҳида ишлаётганлигини кўрардим.

Муродни кўп томошабин кинодаги роллари орқали танийди, эслайди. Мен эса Муродни бўсағада турган содда бир бола, ҳали ҳеч қандай машҳурлик кўчасидан ҳатламаган пайтиданоқ қилинган меҳнатлари, ўзига бўлган юксак талаблари билан эслайман. Масалан, мен аввалига саҳнанинг кўпгина машаққатларига бардош беролмай қолардим. Бир куни «Фидойи» спектаклини репетиция қилаётгандик. Декорация анча баланд қурилганди. Биз Мурод иккимиз ўша баландликда турибмиз. Охири, мен чидолмадим-да, асабларим дош беролмай, бирдан йиғлаб юбордим ва секин ерга йиқила бошладим.

Шунда Муроднинг аста пичирлаб, «Мали, Мали, тур, чида, яна озгина чидагин!» деган далдаси ҳеч ёдимдан чиқмайди. Чунки, бу синов иккимиз билан ўтаётган эди. Муродни бардошига доим қойил қолар эдим. Ўшанда Эргаш ака мени тўхтатмади. Йиғлаган, овозим бўғилган, ҳиқиллаган алфозда ролимни тугаллаб бўлганимдан кейингина, Масофаев бизга дам олишга рухсат берди. Ҳовлига чиқдим-да, Эргаш акага қараб, ёнидан «Бағритош!» дея норозилигимни очиқчасига билдирганча ўтиб кетдим. Сўнг устозимнинг энди саҳна чангини кўраётган мендек ғўр, қайсар қизгинага хотиржамлик билан айтган бир гапи бутун умрга етгулик сабоқ бўлди: «Малика, боя йиғлаётганингда, мен сенга ёрдамга келишимни, сув беришимни, юпатишимни кутдинг. Шундай қилишим ҳам мумкин эди. Шунда сен мендан хурсанд бўлардинг,  норози  бўлмасдинг. Сени кўзингга мен меҳрибон инсон бўлиб кўринардим. Лекин ҳаёт сенга ҳеч қачон сув олиб келиб бермайди! Шуни эсингдан чиқарма! Актёрнинг ҳаётидан жуда кўп воқеалар ўтиши мумкин. Ана шунда сен мушкулотларингни енгишинг керак. Агар енголмасанг, сендан актёр чиқмайди!».

Мурод билан мен қанчалик даражада актёр бўлиб етишган бўлсак, бунда устозимизнинг ҳиссаси бениҳоя. Муродни театрда олган бардош, чидамлари келгусидаги ҳаётида, шунингдек, соҳанинг бошқа жабҳаларида асқотди, йўлини ёритиб турди, деб ўйлайман. 

«Биринчи бўса» тақдимотига келган Шукур Бурҳонов спектаклдан сўнг, Муродга алоҳида эътибор бериб, «Бу йигитдан катта актёр чиқади!» деб кетганлар. Афсуски, Мурод театрдан эрта кетиб қолди. Муродни театрдаги роллари экран орқали етиб келмаган, жуда ҳам кучли ролларини ижодининг илк йиллари  театрда ўйнаган. Дўстим кинода ҳам бир-биридан бетакрор, яхши роллар ижро қилди. Албатта, кино тасмага муҳрланиб қолганлиги билан қадрли ва шу орқали тарихда қолади. Лекин тасмага муҳрланмаган, фақат томошабин ҳамда ҳамкасбларининг хотирасида муҳрланиб қолган ролларини кўрганларгина Муроднинг ҳақиқий истеъдодини кўрганлар, деб ўйлайман. Биз иккимиз у билан деярли барча спектаклларда партнёр эдик.

Муҳаббат гўзал туйғу. Биринчи муҳаббат ва унга инсоннинг муносабати, ўз ўрнида илк туйғунинг инсон ҳаётига таъсири эса бўлак нозик мавзу. Режиссёрни мана шу нарса қизиқтирдики, спектакль фикр-нияти айни мавзуни ёритишга қаратилганди. Биринчи муҳаббат агарда лойга чапланган, хотирангда яхши асраб қолинмаган бўлса, бундай одамлар – бахтсиз одамлар, деб ўйлайман. Биз ижро этган Шокир ва Роҳат жуфтлиги ҳам биринчи муҳаббатида қоқилади. Ана шу қоқилиш уларнинг ҳаётида, ички оламида чуқур из қолдиради. Инсон биринчи муҳаббати билан умр боғламаслиги ҳам мумкиндир, лекин биринчи муҳаббати хотирасида ёруғлик ила қолмоғи лозим. Ахир, биринчи муҳаббат – инсон қалбини очилишига туртки бериб, дунёни қабул қилишга, борлиқни ҳис этишга, яъни, инсон бўлишга ўргатади! Режиссёр биринчи муҳаббатни рамзий маънода биринчи бўса орқали ифодалайди. Яъни, биринчи бўса, йигит ва қизнинг илк учрашуви – ё тақдир, ё ўкинч бўлиши мумкин. Соф муҳаббат уни таниб олмаганлардан ё уни эрмак қилганлардан ўч олмай қўймайди. 

Спектакль катта муваффақиятга эришган. Мурод биринчи муҳаббатини йўқотган саҳнасини шу қадар таъсирчан ўйнардики, буни кўрган томошабинлар беихтиёр бу айрилиқ 16-17 яшар йигит учун  оламшумул фожиа эканлигини ҳис қилишарди, шунга ишонишарди. Оддий ҳол эмас бу!... Биринчи муҳаббатига алданаганини ҳис қилмоқ Муроднинг ижросида ана шундай ўзига хос талқинини топган.

Мурод ҳаётсевар, гўзалликсевар йигит эди. Расм чизишни яхши кўрарди. Рубоб чаларди. Ҳаётга ошуфта актёр эди. Ҳаётдаги ҳар бир нарсани юқоридан қараб, кулгуга айлантирарди. Мурод бор жойда ҳамма куларди, ҳаммани кулдирарди. Унда юмор жуда кучли эди. Кулдириб, кулдириб, охири йиғлатиб кетди...

Мурод ҳаммамизнинг ёдимизда, жойи жаннатдан бўлсин!...

Ордан 52 йил ўтиб, Малика Иброҳимовадан «Биринчи бўса»даги Роҳат монологидан парча ижро қилиб беришини илтимос қилдик. Актриса чуқур ўйга толди-да, бир лаҳзада 16 яшар Роҳатойга айланди ва бу галги ижросини дўсти хотирасига бағишлади!

Роҳатой монологидан парчани xabar.uzнинг ютуб саҳифасида томоша қилинг.

Лобар Қобилова ёзиб олди. 

Журналист Юлдуз Файзийнинг «Уйга қайтиб» кўрсатувидан фойдаланилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг