ДХХ 5 та ҳолатда ер майдонларини ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлади

Навоий вилоятининг Кармана туманида яшовчи хусусий тадбиркор ўзганинг ишончига кириб, туман ҳокимлиги захирасида бўлган 1 гектар бўш ер майдонини гўёки ўзига тегишли эканлигини айтиб, унга сотиш ва мансабдор танишлари орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 2 млрд сўм талаб қилади.
Аммо, у сўралган пул маблағидан 1 млрд сўмни Навоий шаҳрида олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда эса Хўжаобод туманида яшовчи, 1992 ва 1994 йилларда туғилган ака-ука давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 300 минг АҚШ доллари талаб қилишади.
Лекин, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, улардан бири сўралган пул маблағидан 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги пахтачилик ва ғаллачиликка ихтисослашган фермер хўжалик раҳбари мазкур хўжаликнинг 50 сотих суғориладиган ер майдонини харидорга 55 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 45 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан унинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.
Бошқа ҳолатда эса Қува туманидаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари мазкур МЧЖнинг 10 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали харидор номига турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда, пойтахтда яшовчи, 1964 йилда туғилган фуқаро Тошкент туманида жойлашган ва давлат захирасида бўлган 16 сотих ер майдонининг ҳар бир сотихини 22 минг АҚШ долларидан жами 352 минг АҚШ долларига харидорга сотишга келишиб ҳамда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, олдиндан 30 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг шериги бўлган – Тошкент туманида яшовчи, 1952 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ҳам ушбу 30 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter