Уйидан қочган қизлар. Уларни «кўча қизлари» деб ҳақоратламанг

- Тур, кетларинг, бу ердан! Ўтиришга бошқа жой топларинг!-кўчадан «домком»имизнинг бақирган товуши эшитилди. Ҳайрон бўлиб, деразадан кўчага қарадим.
- Ҳа, опа, тинчликми?
- Кўрмайсизми, буларни. Ўзимизни «дом»ни скамейкасига худди онасиникига ўтиргандек ўтириб олишганини қаранг!-баттар овозини баландлатди домком.
- Улар ким?
- Ким бўларди? Кўчанинг қизлари-да...
- Ҳай-ҳай, опа, ортиқча гапирманг... ҳозир чиқаман!-дедим. Ва бирор кўнгилсизлик бўлмасин учун тезда кўчага отилдим.
Йўқ, адашмаган эканман. Қизлар домкомни «кўчани қизлари» дегани учун «ғажиш»га тушишга улгуришган экан. Бири қўйиб, бири қизариб-бўзариб тортишишарди қизлар.
«Ҳозир милиция чақираман!»-деб чиранаётган домкомимизни ёши каттароқлиги учун тинчлантирдим.
- Бораверинг, опажон, қизлар билан ўзимиз гаплашамиз,-дедим.
Домком асаби таранг ҳолда уйига кириб кетди.
- Хў-ўш, қизларжон, иш, ўқишлар қандай?
- Қанақа иш, қанақа ўқиш, опа... «кўчани қизлари» бўлсак,-деди бири ҳам кулиб, ҳам жаҳлланиб.
Қизлар жуда ёш, ўсмир эди. Улар билан худди тенгдошдек суҳбатлашишга ҳаракат қилдим. Қизиқиб, уларнинг ёшини сўрадим. 12, 15 ва бири 21 ёшли қизлар экан.
- Ўзимнинг чиройли қизларим, қайси «дом»дансизлар?
- Ҳеч қайси домдан эмасмиз, опа. Мен, асли шу яқин туманданман. Оиламиздаги нотинчликдагн безикиб кетиб, шаҳарга, ижара уйга чиққандим. Икки йилча бўляпти. Кафелардан бирига ишга кирганман. Шу ерда Марина билан танишдим. 15 ёшда экани учун ёрдамга муҳтожлигини кўриб, ижара уйимга олиб келгандим. 2-3 ойча бўлди бунга. Яқинда, икки ҳафтача олдин сафимизга Нигинаям қўшилди. Кўряпсиз-ку, ҳеч кимга зарари етмайди. Отаси ичкиликка берилиб кетган, онаси эса уйдан чиқариб қувлаган экан. Шу ерда, шаҳарда яшашади. Раҳмимиз келиб, униям ижара уйга олиб келгандик. Маринани-ку, «дугонам, ҳозир кетади», деб эшикни тақиллатиб келган ижара уй эгасини алдаб келганман. Шунга мажбур эдим. Нигинага келсак, буниям ижарачи эканини билиб қолди. Ҳозир ҳар учаламизниям уйидан чиқариб қувди,-асабийлашган кўйи сўзларди ўзини Сарвиноз, деб таништирган қиз,-етмаганига, анави аёлнинг бизни «кўчани қизлари» деб шу ўриндиқдан ҳам ҳайдашини қаранг.
- Нигина жуда ёш ҳали, ота-онаси сўроқламадими? Маринани-чи?-сўрадим.
- Йўқ, опа! Мен саҳарда чиқиб кетиб, кечаси соат ўн икки-бирларда ишдан қайтаман. Уй эгаси қизиқиб, бизнинг нима иш билан шуғулланишимни сўради. Оиламиздан чиқиб кетиб, тунги клуб ва кафеларда ишлашимизни айтдик. Марина кундуз кунлари кафе ҳовлисини супириб, кафелларни ювиб қайтса, Нигина ижара уйни тозалаб ўтирарди. Унинг жудаям ёшлиги учун аяймиз-да... Ҳаммамизни қувиб солди уй эгаси. Ёшига кўра, тез улғайган Нигина ижарадан ҳайдалганимизда ўзини айблаяпти. Уни бир ўзини кўчада қолдиролмаймиз. Биз ҳеч қачон бузуқи ишлар қилмаганмиз,-асаби таранглашди Сарвинозни.
Бир ўзига яраша юкларининг устида оёқларини чалиштириб, болаларга хос ўйинқароқлик билан ўтирган Нигинани, бир хўмрайиб турган Маринани кузатаман. 12-15 ёшли қизларнинг ўз оиласидан қочиб, дугонаси ёки узоқроқ қавми-қариндошиникига тунаётганига нима дейсиз? Уларни уйдан нима бездираяпти экан?!
- Отам топганини ичимликка сарфлайди. Ҳар куни уйимизда жанжал, тўполон. Мен билан онамга: «Пулларингни ўзларинг топ, кўчага чиқларинг!”-дейди. Кўчада пул ётганмидики, биз йиғиб-териб келсак. Безикдим!»-дейди 15 ёшли қиз.
Нигинанинг ҳам тақдири шундай экан. Хўш, улар ким? Кимларнинг фарзанди? «Кўча қизлари» дея бармоқ билан кўрсатилишга муносибми шулар?
Тўғри, уйидан қочганларга ҳеч ким осонликча ижара уй бермайди. Ҳушёр бўлиш керакдир, аммо уй эгасининг эътиборсизлиги ҳафсаламни пир қилди. Оиласидан меҳр-оқибат кўрмай чиқиб кетган, ёҳуд йўлбошида адашаётган қизларни яна қувиб солиш ўрнида, уларга озгина қайишса, тўғри йўл кўрсатса, ўз оиласи бағрига қайтиши учун ҳовучгина ҳаракат қилса, балки шаҳарда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар сафи 3-4 тага камаярмиди?! Ахир адашганларга бегона кўз ва «душман» назари билан қараш уларнинг жамиятга нисбатан ҳам ишончсизликларини ошириб юбормасмикин?
Қизлар билан узоқ суҳбатлашдик. Яхшигина суҳбатдош, меҳнаткаш, ўйловли қизлар экан. Мен ўйга туша бошладим: айни пайтда энг тўғри йўл нима? Кун анча оғиб қолган, ҳализамон кеч тушиб қолади, уларнинг олдидан туриб кетсам, уч қиз бу тунни қаерда қаршилашади? Балки ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига билдириш энг тўғри йўлдир? Улар ота-она ва фарзандлар ўртасидаги ўзаро муаммоларга ечим топишади, албатта... Аммо, рақамни тераётган қўлларимни телефондан тортдим. Ҳозир бу билан балоғат ёшидаги вояга етмаган қизларни чўчитиб қўйишим мумкин.
- Қизлар, мен оч қолдим,-тилимга келган сўз шу бўлди.
- Менда булочка бор, янги хола!-завқланди Нигина.
«Янги хола» атамасидан қаҳ-қаҳ отиб кулишдик.
- Унда кетдик. Ҳозир янги холанинг уйига кирамиз, аввал овқатланиб, кейин сенинг булочкангни еб қўямиз, хўпми?-дедим кулиб.
- Хў-ўўп!-қиқирлаб кулди Нигина.
Сарвиноз ва Марина «ноқулай бўлади, опа! Кун кеч бўлиб қолди, ҳали ижара уй излашимиз керак»,-дейишди.
- Биргалашамиз. Овқатланиб олайлик, кейин ўйлашамиз!
Ортиқча эътироз билдиришмай, орқамдан эргашишди. Уйга кирдик. Овқатландик. Нигина ҳам қўярда-қўймай, ширин булочкасини бўлиб-бўлиб берди.
Бу орада ўзининг розилиги билан Маринанинг онаси билан гаплашиб олдим.
«Мой пьяница-муж был дома один 1–2 месяца, и я не беспокоила свою дочь. Пусть дочка не думает, что я её не искала. Я ей доверяю. Я нашла хорошую работу и квартиру в Ташкенте. Пожалуйста, пусть переночуют у вас. Отправьте мне локацию с вашим адресом. Я уже в пути. Утром буду в Бухаре».
Кеч бўлганига қарамай, Нигинанинг ўқитувчиси билан телефон орқали боғландим. Ўқитувчиси ҳайратдан донг қотди. У Нигинанинг оиласи нотинч эканини билар, аммо, икки ҳафтадан буён бир марта ҳам дарс қолдирмаганини, ҳолатдан хабари йўқлигини билдирди.
Маълум бўлишича, оиласидаги нотинчликлар сабаб шундай-да ҳам синфдошларидан уялиб юрган қиз уйидан чиқиб қочганини ҳеч кимга билдирмаган. Аммо, дарсларни ҳам қолдирмаган.
Орадан бир соатларча ўтар-ўтмас, Нигинанинг ўқитувчиси эшигимизни қоқиб келди. Унинг айтишича, қизнинг отаси ҳақиқатан ҳам ичкиликка берилган, ҳеч қаерда ишламас, онаси эса онкологик касал экан.
«Бундан илгари ҳам Нигина оиласидаги нотинчлик сабаб яқин қариндошлариникидан бирида яшаб келган. Манимча, бемор она қизидан шу боис, хавотир олмаган, балки... янаям билмадим. Бугун анча кеч тушиб қолди. Эртагаёқ суриштириб, масалани ижобий ҳал қиламиз. Маҳалла, мактаб, ҳудуд инспектори ва оила ҳамжиҳатлигида отаси билан ҳам жиддий суҳбатлашиб оламиз. Сизга каттакон раҳмат. Нигинани ҳозир ўзим билан олиб кетаман...»,-деди ўқитувчи.
Нигина билан хайрлашар эканмиз, унинг қўлига китоблар ва ширинликлар тутқаздик. Сарвиноз опасини ачомлаб олган қизалоқ, «янги хола» билан «шеърларимни газетангизга чиқариб берасиз» шартида хайрлашди.
***
- Болалигимда онамдан айрилганман. Икки йилча олдин отамниям бериб қўйдик. Акаларим уйланган. Икки янгам бор,-дея сўзлаётган Сарвиноз кутилмаганда жимиб қолди ва: - опа, илтимос, мендан бошқа ҳеч нарса сўраманг,-деди.-...Аммо, орзуларимни сиз билан бўлиша оламан. Ўқишга кирсам, дейман. Тарихга қизиқаман. Ҳозир тил ўрганяпман. Гид бўлишни ният қилганман.
- Оҳ-ҳо, зўр-ку!
- Кўнгил қўйганим бор. Мени қўллаб-қувватласа, бас. У кафеда ишлашимни билади. Аммо, оиламдан чиқиб кетганимни айта олмаганман...
- Унда ҳеч иккиланма ва айт. Алдама ва ёлғон гапирма. Чунки турмуш алдов ва ёлғон пойдеворни кўтармайди. Сени чиндан яхши кўрса, муаммоларинг билан яхши кўради. Йўқса, у эртага сенинг ташвишларинггаям елка тутмайди...
Орага сукут чўкди.
- Эртагаёқ, айтиб бераман... ҳаммасини!
***
Тонг саҳарда кўзимизни очмай туриб, Маринанинг онаси келди. Марина сал инжиқлик қилди. Шунча вақт давомида ўзидан хабар олмагани учун онаси билан жанжал ҳам қилди. Онасининг: «Кто у меня есть, кроме тебя? Я живу только для тебя»,-деган гапидан сўнг шаштидан тушди. Юкларини йиғиштирди. Бундан кейин Тошкент шаҳрида ишлаб, яшашар экан.
...Сарвиноз яна ичкарилаб, секин курсига ўтирди. Нималарнидир ўйлади. Хаёлга чўмди.
- Чўчияпман!
- Нимадан?
- Ҳаммасини айтиб берсам, ташлаб кетишидан!
- ...қўрқма...
- ...Айтишга ҳали тайёрмасман!
- ...
- Опа, бир илтимос қилсам майлими?
- Майли...
- 2-3 кунда ойлик беришади. Шунгача сизникида-а-а...
- ...
- Албатта, ижарага турган кунларим ҳақини тўлаб қўяман.
- Пулингни эҳтиёжингга сарфла. Ақлли қиз бўлиб юр,-дедим кулиб.
Сарвиноз хурсанд бўлиб, худди яқинларидек бўйнимдан қучиб олди. Унинг меҳрга ташна эканини ҳис қилдим. Беихтиёр кўзларим ёшланди. Кўнглимдан домкомнинг «кўча қизлари» дегани ёдимга тушди. Сабабсиз оқибат бўлмас, деганларидек «кўча қизлари»ининг ҳаммаси ҳам «ёмон» эмаслигини одамлар тушуниб етишса, яхши бўларди.
***
Бу воқеаларга 2-3 ой бўлганди. Яқинда эшик тақиллади. Шундоқ очсам, эшик олдида Сарвиноз ва бир йигит. Қўлимга «янги холамга» деган тўй таклифномаси. Кейинги пайтларда турмуш ва иш ташвишлари билан бўлиб, бундай қувончни ҳис қилмаган эдим...
Бекатдаги қизлар
Шаҳар ҳамиша гавжум. Кимдир у ёққа, кимдир бу ёққа ўз юмуши билан куймаланиб, шошиб боради. Бир куни ҳамроҳим билан бекатда ғалати бир воқеага гувоҳ бўлдик. Ҳар ким ўз манзилига етиш учун улов кутмоқда. Кўзлар фақат йўлда. Ногоҳ шу бекатга иккита ёшгина қиз ҳам келиб ўтирди. Нари борса, 16-17 ёшли қизлар эди. Уларнинг юз ифодаси қандай қизлар эканини кўрсатиб турарди. Одоб-ахлоқ чегарасидан чиқиб кетган бу қизлар атрофдагиларга парво ҳам қилмай, баланд-баланд овозда гапирарди.
-Кечагидан қанча ҳақ олдинг?
-Тушликкаям етмайди,-норозинамо афтини бужмайтирди.
-Ҳа, ҳозир роса хасис бўлган унинг!
- Нимасини айтасан, яна кун-узун унга вақт ажратганимни қара...
Уларнинг бу гап-сўзларини эшитиб, ҳамроҳим ўзини тутиб туролмади. Афсуски, ҳамроҳимнинг уларга берган танбеҳи ўз устига ҳақорат бўлиб ёғилди...
- Сан ўзингни бил, қизларингни бил! Нима, сани эрингни тортиб олаяпмизми?
- Қизлар, ёши катта аёл, онангиз қаторидир, яхшимас!-дедим.
Қизнинг ўзини тутишидан улов кутаётган бошқалар ҳам асабийлашди. Тўрт томондан сўкиш ва ҳақоратлар ёғдиришди қизларга.
- Она?! Қанақа она?! Она деган нарса борми бу дунёда!- жаҳлланди қизлардан бири.
- Бор, бор, оналар бор бу дунёда!-дедим мен ўйчан.
- Бор, бор, ҳаммада бор она. Ҳаммада яхши она бор, бир менда йўқ ўша яхши она!-бақириб йиғлаб юборди қиз нотаниш кимсалар олдида худди ўзини судланаётгандек ҳис қилиб.
Қизнинг ўзини бу тариқа тутишидан ҳамроҳимнинг ҳам юраги изиллаб кетди, шекилли, одамларга қараб, «жим» ишорасини берди. Ва бориб, қизларнинг ёнига секин ўтирди.
- Она қизларим, қаттиқ гапириб юбордим, шекилли, билиб-билмай, мени кечиринглар,-деди босиқлик ва юмшоқлик билан.
- Ҳаа-а... ўзим ҳам қизишдим, ая. Бизниям кечиринг,-ранглари чапланиб кетган кўзларини артаркан,- шуям ҳаётми?-деди ўзини Жасмина деб таништирган қиз.
Ўзининг айтишича, қизнинг онаси уни болалигида ташлаб, ўзи хорижга қочиб кетган. 15 ёшигача тоғаю янгаларининг ҳақоратини эшитиб келган. Меҳнатдан, ишдан қочмаган. Даккию калтакларига-да чидаган. Аммо бора-бора оиладаги жирканч ва зерикарли ҳаёт уни ўзидан безиктирган.
- Бугун шаҳарда ижарада яшайман. Ҳатто, отам тенги эркакларнинг ҳам хиралик қилишига кўникиб қолдим..,-шивирлади Жасмина.
- Қўни-қўшни, атрофдагилар болалигингдан ҳақорату калтаклар остида яшаб келаётганингдан хабари йўқмиди?
- Кимнинг ҳозир ким билан иши бор. Ҳатто, қўни-қўшниларнинг ўзи мени «тоғасининг етимчаси» деб масхаралашарди.
Қизнинг ёнидаги дугонаси Дурдона эса ўгай отаси билан яшар экан. Ўгай отанинг қўпол муомаласи туфайли у ҳам ўз оиласини тарк этган. Қиз қалбидаги алам, изтироб уни одамларга нафрат билан қарашга ўргатиб қўйган. Кўриниб турибдики, балоғат ёши остонасидаёқ адашаётган қизларнинг ўз оиласини ташлаб кетишига етарлича сабаблар бор. Оқибати эса аён.
- Нима, ўйлайсизларки, мен ҳам бошқа қизлар қатори оқ либос кийиб, келин бўлишни хоҳламаганми? Шириндан-ширин фарзандларим бўлишини орзу қилмаганманми?-ичикиб йиғлади Дурдона.
Афсуски, қисматнинг аччиқ кўргуликлари кўплаб қизларимизни «кўча қизлари»га айлантириб қўймоқда.
«Бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Уйдан қочган ва яқин қариндошлариникига паноҳ излаб борган вояга етмаган ёшлар билан ўтказилган профилактик суҳбатларнинг уларнинг аксарияти нотинч оилалар фарзанди экани аниқланган. Шунингдек, бундай ҳолатлар ота-онаси узоқ муддатга хориж давлатларига ишлаш учун кетган ва яқинлари тарбиясида қолган болалар ўртасида ҳам юзага келади. Айни пайтда Бухоро вилоятида 631 нафар ота-онаси узоқ муддатга кетган, 69 нафар она-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган, 158 нафар боқувчисини йўқотган болалар бор. Шунингдек, 2113 нафар тарбияси оғир, 42 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган мактаб ўқувчиларининг ҳам рўйхатлари шакллантирилди. Оғир оқибатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари, маҳаллалар билан ҳамкорликда қўшма қарорлар қилинган»,-дейди Бухорода вилояти бўйича бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Қиличев.
Атрофимиздагиларга, уларнинг тақдирига ўз оиламиз тақдирига қарагандек эътиборли бўлайлик. Уларни «кўча қизлари», «қочоқ» ва «дайди» дея нуқиб кўрсатиш - жамиятнинг оғриқ нуқталарини баттар оширади. Шуни унутмайлик!
Лайло Ҳайитова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter