Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Автомобил бошқаруви учун ишончнома олиш янада қулай бўлади

Автомобил бошқаруви учун ишончнома олиш янада қулай бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Автомобилни бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилади.

Ҳукумат қарори (613-сон, 20.11.2023 й.) билан «Автомототранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти» тасдиқланди.

Унга кўра, автомототранспорт воситасига ишончнома ариза берувчи томонидан ЯИДХП (my.gov.uz)дан фойдаланган ҳолда, ўзининг ва ишончнома берилаётган шахс(лар)нинг биометрик паспорти ёки идентификацияловчи ID-картаси ҳамда жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотларини киритиш орқали мустақил равишда расмийлаштирилади.

Давлат хизмати «Notarius» ААТдан фойдаланган ҳолда ЯИДХП (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.

Ишончнома ариза берувчининг хоҳишига кўра 1 ой, 6 ой ва 3 йил муддатгача берилади.

Ариза берувчи сўровномада кўрсатилган автомототранспорт воситасининг мулкдори бўлмаса, ишончнома расмийлаштирилмайди.

Ишончномага киритиладиган шахслар сонига чеклов ўрнатилмайди.

Ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш учун давлат божи унинг амал қилиш муддатидан келиб чиққан ҳолда, «Давлат божи тўғрисида»ги Қонунида ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божига нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

  • 1 ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз;
  • 1 ойдан ортиқ ва 6 ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз;
  • 6 ойдан ортиқ ва 3 йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз.

Электрон шаклда QR-код қўйилган ҳолда расмийлаштирилган ишончнома нотариал тасдиқланган ишончнома билан бир хил юридик кучга эгадир.

Ишончнома қуйидаги ҳолатларда бекор қилинган ҳисобланади:

  • ишончноманинг амал қилиш муддати тугаганда;
  • ишончномани берган шахс томонидан бекор қилинганда;
  • ишончнома расмийлаштирилган вақтдан сўнг ишончномани берган шахс муомалага лаёқатсиз, муомала лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд у вафот этганда;
  • ишончнома берилган шахс(лар) муомалага лаёқатсиз, муомалага лаёқати чекланган ёки бедарак йўқолган деб топилганда ёхуд у вафот этганда;
  • автомототранспорт воситасининг мулкдори ўзгарганда.

Эслатиб ўтамиз, my.gov.uz орқали автотранспортни бошқариш учун электрон ишончномани расмийлаштириш хизмати ишга туширилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг