Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сайловларга ҳозирлик жараёнлари қандай кечаётганига бир назар

Сайловларга ҳозирлик жараёнлари қандай кечаётганига бир назар

Мамлакатимизда муҳим сиёсий тадбирга - Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига 2024 йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган сайловларга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Марказий сайлов комиссияси юртимизда сайлов компанияси 2024 йил 26 июлидан бошланишини маълум қилган эди.

Бу йилги сайловлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва 2023 йил 18 декабрда Сайлов кодексига киритилган янги нормаларга мувофиқ, биринчи марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилади. Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Сайлов қонунчилигидаги яна бир янгилик шундаки, сайловда натижани аниқлашда бир мандатли сайлов округи бўйича овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овозини олган номзод сайланган, деб ҳисобланади. Аввалги таҳрирда номзод сайланиши учун 50 фоиз+1 овоз олиш талаб этилар эди.

Ҳозирги демократик давлатларда кўппартиявийлик шароитида ўтказиладиган сайловда айнан нисбий кўпчилик овозига асосланган мажоритар сайлов тизимидан фойдаланиш қулай, содда ва энг мақбули саналади. Чунки бир мандатли сайлов округидан қанча номзод кўрсатилган бўлишидан қатъий назар бошқа номзодларга нисбатан кўпроқ овоз тўплаган номзод сайланган ҳисобланади. Бунда такрорий овоз бериш ёки сайловнинг иккинчи турини ўтказишга эҳтиёж қолмайди. Натижада ортиқча вақт, ресурс ва маблағ сарфининг олди олинади. Вакиллик органлари тўлиқ таркибда, нисбатан эртароқ шаклланиши ва фаолиятини йўлга қўйиши мумкин бўлади.

Қонунчилигимизга кўра, сайлов, агар унда сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз уч фоизидан ками иштирок этган бўлса, ўтмаган деб ҳисобланади. Шунингдек, Қонунчилик палатасига ягона сайлов округи бўйича ўтказилган сайловда иштирок этган сиёсий партияларнинг ҳеч бири сайловда иштирок этган сайловчиларнинг камида етти фоиз овозини тўпламаган бўлса, ягона сайлов округи бўйича сайлов ўтмаган, деб топилади.

Айрим блогер ва фуқаролар томонидан ижтимоий тармоқларда сайлов жараёнлар суст кетаётганлиги ҳақидаги фикрлар қулоққа чалинмоқда. Аслида вазият қандай?

Мамлакатимизда сайлов жараёнларининг ҳар бир босқичи амалдаги қонунчилик билан белгилаб қўйилган. Уларни ташкил этишда масъул давлат ва нодавлат ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, сайлов жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш мутлақо мустақил фаолият юритадиган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади.

Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 26 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида сайловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни сайлов қонунчилигида белгиланган муддатларда босқичма-босқич ўтказилишини таъминлаш юзасидан календарь режа тасдиқланди. Ҳозирги пайтда Марказий сайлов комиссияси холис ва мустақил конституциявий орган сифатида бўлажак сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирларни миллий қонунчилик, халқаро сайлов стандартларига тўла мувофиқ ҳолда очиқ ва ошкора ўтказилишини таъминламоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг қарорига кўра, бу йил бўлиб ўтадиган сайловнинг энг муҳим босқичи — депутатликка номзодлар ва сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти 2024 йил 22 сентябрдан бошланди. Ҳозир сайлов куни ва овоз беришга бир кун қолгунига қадар сиёсий партиялар ва уларнинг номзодлари, ишончли вакиллар томонидан сайловолди ташвиқоти олиб борилмоқда.

Миллий қонунчилигимизда, ҳар кимнинг ўз сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини  амалга ошириш учун барча ҳуқуқий асослар яратилган. Сайловни демократик принципларга мос тарзда ташкил этишнинг амалий механизмлари шаклланган. Эътиборлиси, мамлакатимиз парламенти ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни, жумладан, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнини  сиёсий партияларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, бошқа давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кузатувчилари, журналистлар, жумладан, хорижлик журналистлар кузатиб боришади.

Мазкур сайловларда эркин қатнашиш ҳар бир фуқаронинг конституциявий ҳуқуқидир. Сайловларга қатнашиш орқали фуқаролар мамлакатимизнинг муҳим вакиллик органларини шакллантиришга, шу тариқа ватанимиз равнақига ўз ҳиссасини қўшадилар.

Сайловларда энг муносиб номзодлар ва сиёсий партиянинг ғалаба қозониши Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва шу орқали мамлакатимизнинг барқарор ривожланишида жуда муҳим ўрин тутади.

Шерзод Зулфиқоров,
юридик фанлари доктори

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг