Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қашқадарёда икки блогер «майда безорилик»да айбланиб, 5 суткага қамалди

Қашқадарёда икки блогер «майда безорилик»да айбланиб, 5 суткага қамалди

Кеча, 29 май куни Қашқадарё вилоятида фаолият юритувчи икки нафар блогер майда безориликда айбланиб, ҳар бири 5 суткадан маъмурий қамоқ билан жазоланди. Бу ҳақда вилоят суди ахборот хизмати хабар тарқатди.

Иш ҳужжатларига кўра, 2023 йил 29 май куни соат 10:20 ларда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ маъмурий биноси олдида оқ рангли давлат рақам белгиси ечилган ҳолда барча ойналари тўлиқ қорайтирилган «Жентра» русумли автомашина турганлигини кўрган Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Ф. Янгибоев ушбу автомашинадан шубҳаланиб, ҳужжатларини текшириш ва ушбу автомашинани кимга тегишли эканлигини аниқлаш учун борганида, ушбу автомашина олдида турган А. Абдуллаев автомашина унга тегишли эканлигини маълум қилиб, ўзининг фуқаролик паспортини тақдим қилиб, автомашинага тегишли ҳужжатларни эса тақдим қилмасдан, «хоҳласанг ўзинг топиб ол» деб қўполлик қилган. Шунда Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ Ф. Янгибоев ва ЙПХ инспекторлари М. Каримов, С. Пирманов ва Д. Ашуров билан бирга ушбу автомашинани кимга тегишли эканлигини аниқлаш ва содир қилган қоидабузарлиги учун жарима майдонига жойлаштирмоқчи бўлганида, ҳайдовчи А. Абдуллаевнинг ёнида турган фуқаролар М. Музаффаров ва У. Каримов ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик қилиб, уларга ҳурматсизлик ва беписандлик қилиб, уларга сенсираб мурожаат қилиб, жанжал қила бошлаган.

Шундан сўнг Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ Ф. Янгибоев дарҳол Шаҳрисабз шаҳар ИИБга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтириб, ёрдамчи куч юборишни сўраган. Шаҳрисабз шаҳар ИИБ биноси ва Шаҳрисабз шаҳар ИИБ ЙҲХБ биноси ёнма-ён жойлашганлиги учун зудлик билан Шаҳрисабз шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Раупов воқеа жойига етиб келиб, А. Абдуллаев билан суҳбатлашиб, ундан «ушбу автомашинанинг эгаси сизми?» деб сўраганида, А. Абдуллаев ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Рауповга нисбатан ҳам кўпчилик фуқаролар олдида «сен кимсан?» деб қўпол муносабатда бўлиб гаплаша бошлаган. Шунда А.Абдуллаевнинг ёнида турган М. Музаффаров ва У.Каримов уларнинг суҳбатига аралашиб, улар ҳам ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Раупов ва бошқа ходимлар билан ўта қўпол муносабатда бўлиб, «сенлар гала валломатлар жонга тегиб кетдинглар, яшаб бўлмай қолди» деб, атрофга кўплаб одамларни тўпланишига ва фуқаролар олдида ИИБ ходимларини обрўсизлантирганлар.

ИИБ бошлиғининг ўринбосари Ж. Раупов М. Музаффаров ва У. Каримов «ўзингизни босинг, қизишманг» деб айтишига қарамасдан, М. Музаффаров ва У. Каримов ИИБ биноси олдида бақир-чақир қилиб, «сенлар шошмай тур, ҳар биринг билан гаплашамиз ҳали» деб, кўпчилик фуқароларнинг олдида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, бақир-чақир қилиб, майда безорилик қилганлар.

Шундан сўнг шу ерда турган яна бир оқ рангли «Gentra» русумли, давлат рақам белгиси ечиб олинган, барча ойналарининг туси ўзгартирилиб қорайтирилган автомашина турганлиги аниқланиб, суриштирув жараёнида ушбу автомашина М. Музаффаровга тегишли давлат рақам белгиси 70 W 102 WA автомашина эканлиги, автомашинанинг барча ойналарининг туси тегишли рухсатномасиз ўзгартирилиб қорайтирилганлиги, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинганлиги аниқланган.

Шунингдек, олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида А. Абдуллаевга тегишли оқ рангли, «Gentra» русумли, давлат рақами 70 U 102 UA бўлган автомашинанинг барча ойналарининг туси тегишли рухсатномасиз ўзгартирилиб қорайтирилганлиги, тегишли рухсатномасиз қайта жихоз ўрнатилганлиги, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан ечиб олинганлиги, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситасига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилма ўрнатганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз шаҳар судининг 2023 йил 29 майдаги қарорига кўра:

А. Абдуллаев МЖтК 125-моддаси (транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш) 3-қисми, 5-қисми, 126-моддаси (кўзгусимон ва (ёки) туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали, шунингдек теварак-атрофни кўришни чеклайдиган қопламали транспорт воситаларидан фойдаланиш) 1-қисми, 127-моддаси (транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш) 2-қисми, 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш) тартибида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси;

У. Каримов МЖтК 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси;

М. Музаффаров 125-моддаси 5-қисми, 126-моддаси 1-қисми ва 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга МЖтКнинг 34-моддаси тартибида 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аммо блогерларнинг таъкидлашича, улар ИИБ ходимларига нисбатан қўполлик, ҳақорат қилишмаган. Гаплари исботи ўлароқ камерани кўришни айтишган. Блогерлар иши шу куннинг ўзида Шаҳрисабз шаҳар суди томонидан кўриб чиқилган. Бундай қисқа вақт ичида ишнинг судга етиб боргани одамни бироз шубҳалантиради.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг