Олмалиқдаги 14-колониядан 21 ёшли маҳкумнинг жасади чиқди

Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳридаги 14-сон жазони ижро этиш колониясидан маҳкумнинг жасади чиққани айтилган хабарлар тарқалди. Унда марҳумнинг онаси жорий йилнинг 26-28 январь кунлари ўғли билан узоқ муддатли учрашувда бўлгани ва у соғлиғи бўйича ҳеч қандай шикоят қилмаганини маълум қилган.
Мазкур ҳолат Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) томонидан назоратга олинган. Идора ҳолатга доир айрим тафсилотларни эълон қилди.
14-сон жазони ижро этиш колонияси навбатчилик қисми томонидан берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг 14 февраль куни соат 22:45 да жазо муддатини ўтаётган маҳкум соғлиғида ўзгариш сезгани сабабли колония шифокорларига мурожаат қилган. Биринчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг ҳам унинг ҳолати яхшиланмагани сабабли, у Олмалиқ шаҳар марказий шифохонасига ётқизилган.
Бироқ, кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, маҳкум 15 февраль куни соат 01:00 да шифохонада гипертония ва бирламчи юрак етишмовчилиги оқибатида вафот этганлиги айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, марҳумга суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда мазкур ҳолат Омбудсман ходимлари ва Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига Омбудсман томонидан мурожаат юборилди.
«Омбудсман терговга қадар текширув давомида мазкур ҳолатни ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўрганиш таъминланишини сўрайди», – дейилади Омбудсман Ахборот хизмати хабарида.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter