Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Муносабатларимизни умумий илдизлар асосида ривожлантирамиз…» – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси

«Муносабатларимизни умумий илдизлар асосида ривожлантирамиз…» – Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси

Эрон қадимий давлатчилик тарихига эга бўлган давлат. Ўзбекистон ушбу давлат  билан 1992 йилда дастлабки муносабатларни ўрнатган. Аввал Тошкентда Эроннинг элчихонаси очилган ва 1995 йили эса Теҳронда Ўзбекистон элчихонаси ўз фаолиятини бошлаган. Икки давлат ўртасида муносабатлар асосан савдо-иқтисодий йўналишда давом этмоқда. Наврўз байрами арафасида мухбиримиз Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Муҳаммадали Искандарий билан суҳбатлашди. 

Дастлаб Ўзбекистон-Эрон алоқаларининг бугунги вазиятига қисқача тўхталиб ўтсангиз…

– Бизни қувонтирадигани шуки, Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бу борада яхши дастурлар қабул қилиниб, амалга оширилмоқда. Саккиз йил давомида Ўзбекистонда юқори суръатлардаги иқтисодий ривожланишни кузатяпмиз. Албатта, Эрон ҳам Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишдан мамнун бўлади. Шу билан биргаликда, Ўзбекистон фаол равишда хорижий инвестицияларни жалб қилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда, бир томондан саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, иккинчи томондан янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш жараёнлари ҳам жадал давом этмоқда. Агар Ўзбекистон нуқтаи назаридан Эрон Ислом Республикаси ҳам ушбу жараёнларга ўз ҳиссасини қўшиши керак бўлса, биз бундай ҳамкорликка тайёрмиз. Биз Ўзбекистон билан дўстона, биродарларча ва яхши қўшничилик муносабатларига эгамиз.

Шунинг билан биргаликда, биз айрим соҳаларда янада кенгроқ ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Масалан, биз Ўзбекистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалардан кўпроғини олишимиз, уларни юқори сифатларда ва арзон нархларда амалга оширишимиз мумкин. Бу соҳада Эронда катта тажриба бор. Албатта, биз Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ҳам ҳурмат қиламиз.

Бугунги кунда Эронда ишлаб чиқарилаётган фармацевтика маҳсулотлари ва тиббиёт жиҳозлари нафақат минтақа мамлакатларига, балки Европа давлатларига ҳам экспорт қилинмоқда. Ёки қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида ҳам бизда катта имкониятлар мавжуд бўлиб, Ўзбекистоннинг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш ишига ҳам ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Биз Ўзбекистон билан нафақат биргаликда маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, балки ўша маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияларини етказиб бериш соҳасида ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.

Умуман олганда, биз саноат ва ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида илғор технологияларга эгамиз ҳамда ушбу технологияларни Ўзбекистон билан бўлишишга тайёрмиз.

Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида қанча қўшма корхона фаолият кўрсатади?

– Бугунги кунда Ўзбекистонда Эрон сармояси иштирокида таъсис этилган ва рўйхатдан ўтказилган 250 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги йиллик товар айрибошлаш ҳажми 500 миллион АҚШ доллари атрофида. Аммо ҳар иккала томон бу рақамнинг мавжуд потенциалларга тўғри келмаслигини таъкидлашади. Худди шу сабабли ҳам давлатларимиз президентларининг Теҳронда ва Тошкентда бўлиб ўтган учрашувларида бу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозирги пайтда икки давлат ўртасида турли, жумладан, вазирлар даражасидаги делегацияларнинг ўзаро алмашинуви мунтазам тарзда амалга ошмоқда. Бу эса, ўз навбатида, алоқаларимизнинг янада кенгайишига хизмат қилади.

Жорий йилда маданий-гуманитар мазмундаги қандай тадбирлар режалаштирилган? Биламизки, бундай тадбирлар икки давлат халқларининг ўзаро тушуниши учун жуда муҳим.

– Сизга маълум бўлганидек, бизнинг маданий жиҳатдан умумий жиҳатларимиз кўп. Эрон ва Ўзбекистон бошқа бир неча давлат билан (жами 12 давлат) Наврўзни биргаликда нишонлайдилар ва улар БМТда ушбу байрамни халқаро миқёсда нишонланадиган умумхалқ байрами сифатида рўйхатдан ўтказдилар. Бундан ташқари, мамлакатларимиз ифторликни ҳамда шарқона хаттотлик санъати тури бўлган тазҳибни ҳам биргаликда рўйхатдан ўтказишган. Эрон элчихонаси Наврўз байрами муносабати билан Ўзбекистон, Эрон ва дипломатик корпус вакиллари иштирокида тадбир ўтказишни режалаштирган.

Бундан ташқари, маданият вазирликларимиз ўртасида доимий алоқалар мавжуд. Яқин вақтларда икки давлат маданият вазирларининг учрашуви режалаштирилган. Бу йўналишда кўплаб тадбирлар, жумладан, кино кунлари ўтказиш ҳамда биргаликда фильм ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Яна бир муҳим йўналиш – бу борадаги катта тажрибамиз асосида тарихий обектларни биргаликда реставрация қилишдир. Шарқ қўлёзмаларини ўрганиш борасида ҳам ҳамкорлик қилиш режаларимиз бор. Умуман олганда, бу йилги режаларимиз шулардан иборат. Биз муносабатларимизни умумий илдизларимиз асосида ривожлантиришга ҳаракат қиламиз. Маданий ҳамкорликни икки мамлакат ҳудудлари даражасида амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Қолаверса, минтақада маданий алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз. Ўзбекистон минтақада маданий ҳамкорлик борасида жуда яхши ташаббусларга эга. Биз бу ташаббусларни доимо қўллаб-қувватлаганмиз ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаймиз.

Наврўз тўғрисидаги фикрларингиз…

– Наврўз билан табриклашдан олдин Наврўзнинг ўзи, унинг асосий хусусиятлари тўғрисида икки оғиз гапириб ўтсам. Наврўз ўн икки давлат томонидан ЮНЕСКОнинг жаҳон муштарак мероси сифатида рўйхатдан ўтказилган. Яъни, бу байрам фақатгина бизнинг минтақамизники эмас, балки бутун жаҳонники. Ҳозирги кунда Албаниядан тортиб Хитойгача, Суриядан тортиб Ҳиндистон ва Покистонгача Наврўз байрам қилинади ва дам олиш куни деб эълон қилинган.

Бизнинг муштарак меросимиз бўлмиш Наврўздан бир неча мақсад кўзда тутилган.

Биринчиси – оилалар, қариндошлар ва яқинларнинг бирга бўлишлари. Мисол учун Эронда Наврўз байрами кунларида қариндошлар ва яқинлар ўртасида 57 миллионта ўзаро борди-келди амалга ошади, 40 миллион ташриф амалга ошади. Мақсад – оилалар, қариндошлар ва яқинларнинг бир-бирлари билан кўришишлари.

Иккинчиси – ўзаро аразларнинг ўртадан кўтарилиши. Бунда ўзаро аразлашиб қолган кишилар ярашишади.

Учинчиси – тозаланиш ва янгиланиш. Наврўз билан боғлиқ хусусиятлардан яна бири кийимлар, жиҳозлар ва маконларни тозалаш ҳамда янгилаш. Бунда эски кийимлар, эски буюмлар, эски жиҳозлар янгиси билан алмаштирилади. Бунинг фалсафаси шундан иборатки, биз худди эски йил билан хайрлашиб, янги йилни кутиб олганимиздек, нарсаларнинг ҳам эскириб, яроқсиз бўлиб қолганларидан воз кечамиз ва янгиларини оламиз. Шунингдек, худди табиат янгилангани каби одамлар ҳам тафаккурларини янгилашади. Бу ўринда тафаккурнинг янгиланиши деганда пессимизмдан узоқлашиш ва оптимизмга яқинлашиш, хусумат ва адоватдан воз кечиб, аҳиллик ва дўстликни танлаш кўзда тутилади. Наврўз янги бошланишдир.

Ана шу янги бошланиш ҳисобланмиш Наврўз байрами билан Ўзбекистон ҳукумати ва халқини чин юракдан табриклаймиз. Наврўз Эрон ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, деб умид қиламиз.

Шарофиддин  Тўлаганов  суҳбатлашди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг