Италияда «Бобурнома» асарининг тақдимоти бўлиб ўтди
![Италияда «Бобурнома» асарининг тақдимоти бўлиб ўтди](https://static.xabaruz.com/crop/1/5/920__95_1594478073.jpg)
Буюк ватандошимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 542 йиллиги муносабати билан Италияда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистоннинг ушбу давлатдаги элчихонаси ҳамда Рим шаҳридаги «Sandro Teti Editore» нашриёт уйи томонидан «Бобурнома» асарининг итальян тилидаги таржимаси тақдимотлари ўтказилмоқда. Таржима мазкур нашриёт тарафидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан кўп нусхада чоп этилган.
Флоренция шаҳридаги тарихий «Палаццо Строцци» қасрида тарихчи ва шарқшунос олимлар, жамоат ва маданият арбоблари иштирокида ташкил этилган маросимда Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, «Бобурнома» асарининг моҳияти ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Тадбирда италиялик атоқли олим, профессор Франко Кардини, «Палаццо Строцци» мажмуаси президенти, Италия Сенати аъзоси Рекардо Ненчини, «Sandro Teti Editore» нашриёти раҳбари Сандро Тети, Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, профессор Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистоннинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва бошқалар сўзга чиқиб, «Бобурнома»нинг ушбу мамлакатда нашр этилиши икки давлат ўртасидаги ижтимоий-маънавий алоқалар ривожида муҳим воқеа бўлганини таъкидладилар.
– «Бобурнома»ни улуғ шоир ва мутафаккир, давлат арбоби Бобур ижодининг дурдонаси, XV–XVI асрларда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон ҳудудларида содир бўлган тарихий воқеалар ҳақида ҳикоя қилувчи ўзига хос ноёб энциклопедия деб аташ мумкин, – деди Рекардо Ненчини. – XVIII аср бошларидаёқ «Бобурнома» Европа тилларига таржима қилина бошланган. Бугун биз тақдимот маросимини ўтказаётган ушбу нашр итальян ва ўзбек халқлари ўртасидаги адабий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик алоқаларининг самарали ва ёрқин намунаси сифатида дунёга келди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга жуда катта ҳисса қўшмоқда. Албатта, биз учун Шарқ, хусусан, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк шахслар ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга.
– Ўзбекистон раҳбари жаноб Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошисида қайд этилганидек, Италия илмий ва маданий жамоатчилигининг буюк шоир ва қомусий олимнинг бебаҳо мероси, ўзбек давлатчилигининг уч минг йиллик тарихи билан танишуви халқингизнинг маънавий олами, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар моҳиятини англашга ёрдам беради. Асарни итальян тилида нашр этиш жараёнига малакали таржимонлар, муҳаррирлар ва дизайнерлар гуруҳи жалб этилди. Китобнинг дунёга келишига муносиб ҳисса қўшган барча дўстларимизга, хусусан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, академик Шуҳрат Сирожиддиновга, италиялик таниқли туркийшунос олим, профессор Федерико Де Ренци, таржимон Федерико Пасторе, атоқли итальян олими ва адиби Франко Кардини сингари фидойи инсонларга чин қалбдан миннатдорлик билдираман.
Ушбу муҳташам нашр бобурийлар даврига оид 96 та миниатюра билан безатилиб, юксак матбаа сифати билан нашр этилгани алоҳида эътиборга лойиқ.
– «Бобурнома»ни хорижий тилларга таржима қилиш муаллифнинг ҳаётлиги давридаёқ бошланган, – деди Баҳром Абдуҳалимов. – Бугун бу ўлмас асар Леонардо да Винчи, Микеланжело, Данте, Петрарка сингари буюк мутафаккирлар тилига илк бор таржима қилинди. Бу нашр Бобур ижодининг Италияда, умуман, Европадаги маданий жамоатчилик орасида, академик доираларда янада кенг таркалишига хизмат қилади. Бу ижодий лойиҳанинг рўёбга чиқарилгани ўзбек ва итальян олимлари ўртасидаги илмий алоқаларни, шубҳасиз, янги поғонага кўтаради.
Тадбирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов бугун Янги Ўзбекистонда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маданий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб этишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб, италиялик ҳамкасблар билан илмий-маърифий алоқалар изчил давом эттирилишига ишонч билдирди.
– Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли бугун дунё жамоатчилиги, жумладан, Италия аҳли ҳам Ўзбекистонни қайтадан кашф этмоқда. – деди Марказ директори. – «Бобурнома»нинг итальян тилига таржимаси бу йўлдаги янги амалий қадамдир. Италияда Амир Темур ва темурийларга, Бобур ва бобурийлар меросига ҳурмат-эътибор юқори эканини кўриб, мамнун бўлдик. Жумладан, Флоренциядаги Уфимци галереясида Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ноёб портретини кўриб, қалбимиз ғурурга тўлди. Болонья университети кутубхонасида ҳам Ибн Синонинг бир қатор қўлёзма асарлари сақланади. Сафаримиз давомида улар билан ҳам яқиндан танишиш режалаштирилган. Шунингдек, Ватикан кутубхонасига ташриф ҳам кўзда тутилмоқда. Ишонамизки, у машҳур илм-фан даргоҳида ҳам Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз меросига оид янги топилмаларга гувоҳ бўламиз.
– «Бобурнома»нинг итальян тилига таржимасини йирик маданий ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин, – деди тадбирда иштирок этган Италиянинг Vico кинокомпанияси президенти Виктория Петросянц. – Ўзбекистон маданий мероси ғоят бой ва ранг-баранг. Бизнинг компаниямиз ҳам бир неча йилдан бери ўзбекистонлик ҳамкорлар билан бу заминдан етишиб чиққан улуғ алломалар ҳаёти ҳақида фильмлар яратиб келмоқда. Бизга бунинг учун барча шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Мен, очиғи, тарихий меросга бундай юксак эътибор ва ғамхўрликни дунёнинг бошқа давлатларида камдан-кам кўрганман. Бу албатта ҳар томонлама ибратга лойиқдир.
Улуғ аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сўнмас хотирасига бағишланган илмий-маърифий тадбирлар барча иштирокчилар қалбида ёрқин таассурот қолдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter