Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Улкан гумбаз остидаги дурдона (видео)

Улкан гумбаз остидаги дурдона (видео)

Бугун, 31 январ куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ОАВ вакиллари ва блогерлар учун медиа-тур ташкил этилди. Улар марказ экспозицияси ва ноёб мегалойиҳа билан танишишди.

Ислом цивилизацияси маркази ахборот хизматининг хабар беришича, 2018 йилги Рамазон ҳайити куни Шавкат Мирзиёев марказ пойдеворига тамал тоши қўйди.

Бугунги кунда муҳташам бино кад ростлаб, якуний босқичга ўтилган. Кираверишда марказнинг тарихи ва қурилишига оид кўргазма ташкил этилган.

Марказ уч қаватли бўлиб, қадимий обидаларимиз шаклида бунёд этилган. Шарқона нақшлар, иссиқ ранглар ва симметрия унга ажойиб кўрк бағишлаган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоклар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган.

Ушбу гумбаз тагида Куръони карим зали бўлади. Бу ерда марказ дурдонаси, Куръоннинг энг қадимий нусхаси Усмон Мусхафи жойлаштирилади. Унинг атрофида қорахонийлар, ғазнавийлар, сомонийлар, салжуқийлар, темурийлар даврида битилган мукаддас китобимиз нусхалари ва уларнинг туркий таржималари ўрин олади. Шунингдек, деворда жаҳондаги энг нодир қўлёзма Қуръонлар суратлари кўйилади.

Мазкур даврлар тарихи турли ашёлар, қўлёзма манбалар, суратлар ва мультимедиа воситалари орқали намойиш этилган. Имом Бухорий, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Абу Муин Насафий, Қаффол Шоший, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Бурҳониддин Марғиноний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби улуғларимизнинг ислом маърифатига қўшган ҳиссаси урғуланган. Хоразмий, Фарғоний, Форобий, Беруний, Ибн Сино, Маҳмуд Замахшарий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби олимлар ҳамда жадид боболаримизнинг серқирра фаолияти ҳақида маълумот берилган.

Марказда Бибихоним, Хонзодабегим, Гавҳаршодбегим, Нодирабегим, Увайсий каби муҳтарама момоларимизнинг буюк ишлари алоҳида бўлимда ёритилган. Бу бугунги қизлар учун ибрат намунаси бўлиб хизмат килади.

Марказ Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий номидаги халқаро марказлар фаолиятини илмий-услубий жиҳатдан мувофиқлаштириб боради.

Халқаро илмий муассаса ва ташкилотлар, жумладан, ЮНЕСКО, АЙСЕСКО билан яқин ҳамкорлик ўрнатилади. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида илмий конференциялар, форумлар, маърифий тадбирлар ўтказилади. Бунинг учун иккинчи қаватда анжуманлар зали ҳам бор.

Биринчи қаватда музей омбори, қадимий қўлёзмаларни сақлаш ҳамда реставрация қилиш хоналари, чиптахона, нашриёт ва китоб дўконлари бўлади. Учинчи қаватда ислом тамаддунига оид 100 мингдан ортиқ қўлёзмалар, тошбосма асарлар ва уларнинг электрон кўринишларини қамраб олган кутубхона жойлашади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг