Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ҲАМАС Трампнинг таҳдидига жавоб қайтарди

ҲАМАС Трампнинг таҳдидига жавоб қайтарди

Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати АҚШ президенти Дональд Трампнинг Ғазо секторини «жаҳаннамга айлантириш» хусусидаги таҳдидига жавобан таҳдид ва пўписалардан ҳеч кимга наф йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Аввал хабар берганимиздек, куни кеча ҲАМАС исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш тўхтатилганини эълон қилди. Ҳаракат бу қарорга Исроилнинг ўт очишни тўхтатиш келишувини бузгани сабаб бўлганини айтди.

Президент Дональд Трамп ҳолатга аралашиб, Фаластин ҳаракати 15 февраль куни тушгача барча гаровга олинганларни озод қилмаса, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими бекор қилиниши ва ҳақиқий дўзах бошланишини айтиб таҳдид қилди.

«Трамп ҳар икки томон ҳурмат қилиши лозим бўлган битим борлигини тушуниши керак. Бу (битимга ҳурмат кўрсатиш) асирдагиларни қайтаришнинг ягона йўлидир», – деган ҲАМАСнинг  вакили Сами Абу Зуҳри.

Ҳаракат вакили таҳдид усули ҳеч қандай фойда келтирмаслиги, аксинча, вазиятни янада мураккаблаштиришидан огоҳлантирган.

19 январдан кучга кирган Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш битимига мувофиқ, 42 кун давом этадиган биринчи босқич доирасида Исроил гаровдаги 33 фуқаросини қайтариб олиши, бунинг эвазига қамоқхоналардаги қарийб 2000 фаластинликни қўйиб юбориши лозим эди.

Ҳозирга қадар амалга оширилган беш алмашув давомида 21 нафар исроиллик асир ва 730 дан зиёд фаластинлик озод қилинди. 

Фаластин томонига кўра, Исроил оташкесим битимининг бир неча бандини бузмоқда. Биринчидан, Исроил Ғазо сектори аҳолисини ўлдиришда давом этмоқда. Очлик домида қолган Ғазо аҳлига 12 мингта юк машинасида инсонпарварлик кўмаги етказилишига келишилгани ҳолда 8500 та машина ўтишига рухсат берган.

Ғазо секторидаги уй-жойлар вайрон этилгани маълум. Битимнинг биринчи босқичида Исроил Ғазога 200 минг дона чодир, 60 мингта кўчма уй олиб ўтишга рухсат бериши кўзда тутилганди. Фаластин томони маълум қилишича, ҳозирга қадар фақат 20 мингта чодирга рухсат берилган, кўчма уйлардан эса бир дона ҳам олиб ўтилмаган.

Бундан ташқари, ҳозирга қадар Исроил Ғазо секторидан 1000 га яқин бемор олиб чиқилишига рухсат бериши лозим бўлгани ҳолда, атиги 120 нафар беморга ижозат теккан.  

Исроил армияси Ғазодаги вайроналарни тозалаш ва тиббий муассасаларни тиклаш учун керакли воситаларни киритишга ҳам тўсқинлик қилаётгани айтилмоқда.

ҲАМАС ҳаракати Исроил ғазоликларнинг жанубдан шимолга қайтишига халал бераётганини ҳам танқид қилган. 

2023 йил 7 октябрдан бошланган уруш давомида Ғазо бўлгасида 48 мингдан зиёд фаластинлик ҳалок бўлди, минглаб одам бедарак йўқолди. Агар томонлар ўзаро келишмаса, қирғинбарот яна қайта бошланиши ҳам мумкин. Исроилнинг радикал қарашли сиёсатчилар ҳозирданоқ Ғазога ҳужумни қайта бошлашга чақирмоқда.

Бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳам ҲАМАС гаровга олинганларни шанба куни (15 февраль) тушга қадар қайтармаса, Исроил армияси Ғазо секторидаги жангларни қайта бошлашини айтган.

Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги битимда асосий кафиллардан бўлган АҚШ президенти Трамп эса гоҳ Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 2 миллион аҳолисини қўшни давлатларга кўчириш, гоҳ зулм остида қолган ҳудудни  кўчмас мулк сифатида қўлга киритиш лозимлиги ҳақида халқаро ҳуқуққа ҳам, инсонийликка ҳам тўғри келмайдиган ҳавойи ташаббуслар билан андармон бўлиб юрибди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг