Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зулфия мукофотига саралаш ими-жимида ўтказиладими?

Зулфия мукофотига саралаш ими-жимида ўтказиладими?

Давр ўзгармоқда. Президентимиз куйиб пишиб адолат, ҳаққонийлик, ошкоралик ҳақда сўзламоқда. Кимларгадир бу таъсир этаяпти, кимлардир эса ҳамон уйқуда.

Зулфия мукофоти мени ҳеч қачон қизиқтирмаган. Сабаби, жараён адолатли ўтмаслиги ҳақдаги гап-сўзларни сиз қатори, мен ҳам эшитганман. Лекин ҳозир барча жабҳалар ўзгармоқда. Шу ўзгаришлар мени бу йил Зулфия мукофотига ҳужжат топширишга ундади. Бу йил бошқача бўлади, чегара ёши 30 қилиб белгиланди, энди саралаш ҳам адолатли бўлади, деган фикрни ўзимга сингдирдимда, сентябрь ойида Республика хотин-қизлар қўмитасига учрадим.

Улар ҳужжатларни ўз туманимдаги бўлимга топширишимни айтишди. Ҳокимиятда жойлашган хотин-қизлар бўлимига сентябрь ойи охирида борганимда, ҳали янги низом тасдиқланмаганини, ҳужжатларимни ололмасликларини айтишди.

Кейин эса ҳужжатларни маҳалла қўмитаси йиғаётганини билдим. Маҳаллага чиқиб, керакли ҳужжатлар рўйхати уларда ҳам йўқлигини кўрдим. Интернетдан эса топиб бўлмади: Хотин-қизлар қўмитасининг расмий сайтида на Зулфия мукофотига саралаш бошлангани ҳақда хабар бор, на янги низом. Мен маҳаллага ўзим билганча барча керакли ҳужжатларни йиғиб, агар ками бўлса қўнғироқ қилишларини айтиб, октябрь ойининг биринчи ярмида топшириб келдим.

Ноябрь ойининг бошида мени туманимиз хотин-қизлар қўмитасига чақиришди. Демак, саралаш бошланди, деб бордим. Аммо боргач билдимки, саралаш жараёни октябрнинг охирида ўтказилибди, ғолиблар кейинги босқичга ўтибди.

Мен нега қолиб кетдим, деган ҳақли савол туғилди. Ҳужжатларим йиғилган папка ҳамон маҳалла қўмитаси жавонида чанг босиб ётган экан. Мен уларга учрашиб: мақсадимни баён қилганман, манзилимни биласизлар, наҳотки саралаш босқичига чақириш қийин бўлса, шунчаки эсларингдан чиқиб қолдимми? Қолган иштирокчиларни ёддан чиқармапсизлар-ку? Адабиёт бўйича ким ўтибди, хўш, дедим. Мактаб ўқувчиси, ёшлар иттифоқи етакчиси? Ҳа, тушунарли... Исми нимайди? Эсимда йўқ. Сиз ҳам эшитмагансиз, сабаби бирор ижодий ишини ўқимагансиз!

Ҳаммаси тасдиқланиб бўлди, энди кеч дейишди. Келаси йил топширар эканман. 30 ёшга тўлгандан сўнг олмасликларини ўзлари ҳам яхши билишади. Комиссия балларни қўйиб бўлган, биз сизни қўшолмаймиз, дейишди. Агар мени қўшишса, таниш-билишчилик бўлди, деб ўйлашармиш қолганлар. Нега мен шундай ўйламаслигим керак? Балки мени кучли рақиб санаб, ўз танишларини ўтказишгану, мени «унутиб» қолдиришган, деган шубҳага бормаслигим керакми?

Мен шикоят ёзаман дедим. Улар ҳушёрланиб «ундай бўлса, эртага сизни комиссиядан ўтказамиз», дейишди. Мен керакли ҳужжатларни, ниҳоят улардан олишга эришдим. Камини тўлдириб, эртасига тайёргарлик кўриб айтилган жой – маҳалла қўмитасига келдим. Мана, айтилган соатдан ҳам ўтди, аммо ҳеч ким йўқ...

Суриштирсам, улар ўта банд эканлар. Бекорчиликдан шу танқидий мақолани ёзиб ўтирибман. Биламан, улар бугун келмайди ва мен оғир папкам ва видеоёзувли ноутбугимни қучоқлаб уйга қайтаман. Шундай ўйлайсизлар, тўғрими? Йўқ, мен «сени унутиб қўйибмиз-да, қизалоқ, келаси йил топширарсан», деб сочимни силаса барини унутиб ортга қайтадиган одам эмасман. Бу ерда гап мукофот олишда эмас! Гап ноҳақликда!

Шунчаки устингиздан кулишса, алам қилмайдими? Республика босқичига етишимга ишонган устозларим, дўстларимга ҳатто тумандан ҳам ўта олмадим, дейинми? Мен адабиёт бўйича кейинги босқичга ўтган қизнинг ижоди билан меникини солиштиришларини талаб қиламан!

Эсларидан чиқиб қолганим, менинг айбим эмас. Ҳамма ҳолатда ҳам истисно қилиш ва қайта саралаш мумкин. Оворагарчиликни хоҳламаяпсизми ёки? Менинг 21 хил (!) номдаги ҳужжатларни йиққаним оворагарчилик эмасми?

Ҳужжатлар мавзуси алоҳида мақолага арзийди. (Мен турмушга чиқиб кетган бўлсам, дадамнинг ишхонасидан «шу ерда ишлайди» деган «справка» нима учун керак бўлиши мумкин?)

Хуллас, мен уларнинг фаолиятидан норозиман. Хотин-қизлар қўмитасидан кўнгил қолиб бўлди. Мақоладан сўнг мабодо (бундай қилишларига кўзим етмайди), қайта комиссия тузилса ҳам, мен унга бормайман! Менга бу мукофотнинг кераги бўлмаган, энди ҳам бўлмайди. Адолат бўладими-йўқми, шуни билгим келганди. Эссиз, Зулфия деган гўзал ном...

Ушбу фикрларимларни ўқиганлардан сўрардимки, менинг кўнглимда ҳасад, мукофотпарастлик йўқ, шунчаки ноҳақликни ёмон кўраман. Агар ғолиб бўлган қиз ижодига тан берганимда эди, унутиб қолдиришса ҳам, зарра ачинмасдим. Мен, шунчаки, ўз ҳуқуқим бузилгани ҳақида сизларга ошкор қилдим, холос.

Маслаҳатим, зарингиз ё зўрингиз бўлмаса, бекорга вақт йўқотиб, ҳужжатбозлик қилиб юрманг. Ўтган вақтим ва оворагарчилигимга ачинаман, унинг ўрнига яхши бир ҳикоя ёзишим мумкин эди. Шундай хулосага келдим ҳам: фақат ижод билан энг юксак мукофот — халқ меҳрини қозониш мумкин. Ноутбукни ёпдим ва мақолани сизларга улашиш учун йўлга чиқдим...

2018 йил, 6 ноябрь.

Нодирабегим Иброҳимова


Муаллиф ҳақида

Нодирабегим Иброҳимова 1989 йили туғилган. ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетини тамолаган. Ёзувчилар уюшмасининг «Истеъдод мактаби VIII» ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. «Ёнингдаги бахт», «Жодугар ёхуд минг йиллик ҳаёт» номли насрий, «Дунёдаги энг бахтли одам», «Пишириқлар» номли таржима китоблари чоп этилган. Қисқа ҳикоялари АҚШ ва Ҳиндистонда чоп этилган. «Митти ҳикоялар» китоби тўпловчиси. 2017 йилда халқаро «Open Central Asia Book Forum & Literature festival» танловида финалчилар қаторига кирган. Ёшлар иттифоқининг «Йилнинг энг яхши ёш ижодкори» мукофотига сазовор бўлган. Оилали, уч нафар фарзанди бор.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг