Диққат: Жамоат жойда, транспортда – бақириб гаплашманг!
![Диққат: Жамоат жойда, транспортда – бақириб гаплашманг!](https://static.xabaruz.com/crop/2/8/920__95_2800110055.jpg)
«Ошхонага кириб овқатга буюртма бердим, нариги столда ўтирган йигит баланд овозда шанғиллаб гаплашаяпти, маълум бўлишича, қайсидир иши ўхшамаётган экан. Мен овқатланиб бўлдим, лекин анави йигит ҳалиям телефонни ўчирай демас, олдидаги таом аллақачон совиганди...»
«Бир куни автобусда кетаяпман, олдимдаги йигит телефонда худди ёнида ҳеч ким йўқдек ҳангомани бошлаб юборди: қаердан ишдан бўшагани, ким пулини бермагани, ким уни туширгани... хуллас аввал унинг анқов ва ношудлигини фақат яқинлари билган бўлса, энди кўпчилик билди...»
Хуллас бундай воқеаларнинг тез-тез иштирокчиси бўламиз ёки гувоҳи... Яъни сиз ҳам бир неча бор шунга ўхшаш вазиятга дуч келгансиз. Тасаввур қилинг, эрталаб ишга отландингиз, олдинда қийин ва машаққатли кун бор ёки ишдан чарчаб қайтаяпсиз, кўзингизни юмиб тин оласиз ва бирдан ёнингиздаги йўловчи телефонини олиб, суҳбатдошига ниманидир тушунтира бошлайди. Ёки шунчаки майда-чуйда гаплар. Яна кимдир мессенжерда нафақат хабарларни, балки овозини ҳам ўчирмасдан суҳбатлашмоқда, видеони бошқа бир киши қулоқчинсиз томоша қилмоқда.
Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бизнинг ҳиссий ҳолатимизга атрофимиздаги товушлар бевосита таъсир қилади. Мусиқа ҳатто қулоқчинлардан билинар-билинмас эшитилиб туриши одамларда турли хил ҳис-туйғуларни қўзғатиши мумкин, жумладан тажовузкорликнинг кучайиши, асабийлашиш ва диққатни жамлай олмаслик. Кўпинча, норози йўловчилар сукут сақлашни ва вақтинчалик ноқулайликларга дош беришни афзал кўрадилар. Бироқ, жиддий воқеалар ҳам содир бўлади, масалан, 2017 йилда Лондонда номаълум бир киши телефонда баланд овозда гаплашаётган йўловчидан шунчалик ғазабланганки, жаҳли чиққанидан қулоғининг бир қисмини тишлаб олган.
Яқинда Москвадаги жамоат транспортида минглаб йўловчилар орасида сўров ўтказилди ва уларнинг аксарияти (94%) йўлда жамоат жойларида мусиқа тинглаш ёки фильм томоша қилишга салбий муносабатда эканлиги аниқланди. Бундан ташқари, ушбу рақамнинг 13 фоизи муаммони «жисмоний куч» билан ҳал қилишга тайёрлигини тан олди. Тасаввур қилаяпсизми, баъзи одамлар сиз бақириб гаплашаётганингизда уриб юборишга ҳам тайёр. Албатта бундай куч ишлатиш қонунан мумкин эмас ва қораланади, лекин атрофдагиларнинг тинчини бузиб телефонда бақириб гаплашиш ҳам зўравонликнинг бир тури...
Дунёнинг жуда кўплаб, масалан АҚШ, Австралия каби мамлакатларда транспортда бақириб гаплашмаслик учун қатъий қоидалар ўрнатилган.
Деярли барча японияликлар телефонларини поезд ёки автобусда тинчлик режимига ўрнатадилар ва ҳеч қачон қўнғироқларни қабул қилмайди ёки баланд овозда гаплашмайди. Сингапурда жамоат транспортида одобсиз сўзлар ишлатиш ёки юқори овозда гаплашиш учун қатор жарималар мавжуд.
Жарималарнинг миқдори жамоат транспорти оператори томонидан белгиланади ва бу миқдор турлича бўлиши мумкин.
Парижда жамоат транспортида тинчликни бузганлар учун бир неча жазо чоралари бор. Бу чоралар жамоат транспорти хавфсизлигини таъминлаш ва фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида қўлланилади. Қаттиқ овозда гаплашиб тинчликни бузган шахсларга маъмурий жарималар тайинланиши мумкин. Ҳатто бир неча бор транспортда юриш қоидаларини бузган йўловчилар муайян вақт давомида транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.
Германиянинг метро ва поездларида маданий жавобгарликни қадрлаган ҳолда, баланд овоз билан гаплашиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирувчи белгилар мавжуд.
Ўзбекистонда ҳеч қачон «тинчликни сақланг», «телефонда гаплашманг», деган мазмунда ёзилган эслатмаларга кўзим тушмаган – йўловчининг транспортда юриш қоидалари деган саволимга фақат мана бу жавобларни топдим:
Автобусларда, таксиларда, йўналишли таксиларда ҳамда шаҳар электр транспортида тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун маъмурий жавобгарлик.
Автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан чиқинди ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш учун маъмурий жавобгарлик.
Шаҳарлараро қатнайдиган автобусда чиптасиз юриш учун маъмурий жавобгарлик.
Йўловчининг троллейбусда, трамвайда, шаҳар ичида ва шаҳар атрофига қатнайдиган автобусда чиптасиз юриш учун маъмурий жавобгарлик.
Куни кеча дамасда бир йўловчи видеочатни бошлаб юборди. Газ билан боғлиқ соҳада ишлайди шекилли иккинчи томондаги одамга шитнинг қайси тугмасини босишни телефон орқали ўргатиб турди. Суҳбат тугагунча бир 50 марта анави тугмани босинг, анави тугма, анавинисини босинг, деган гапни эшитдим. Ёки бўлмаса орқада ўтирган уч нафар аёлнинг ҳар бири йўлнинг охиригача телефонни қўлидан қўймади, кераксиз мавзулар, турмуш икир-чикирлари – бўлиб ҳам энг майда гаплар, бирор зарур гап йўқ, масалан: мастава қилмоқчи бўлгани, ошқовоқ олишни унутгани, қайнонасининг инжиқлиги... Наҳотки одамлар ўзининг уйида бўлаётган воқеаларга бошқа бегоналарни ҳам шерик қилишдан уялмаса деган фикр ўтади, беихтиёр хаёлдан.
Facebook саҳифамга қўйилган постга эса жуда кўпчилик ёнидаги одамнинг телефонда баланд овозда гаплашишидан ғаши келишини изоҳларда қолдирган:
Ҳафиза Саляхова: «Мен ҳам шуни дамас чиққан йиллардан буён орзу қиламан!»
Мусаввара Ибрагимова: «Жуда тўғри, дамас ҳайдовчиларидан бири билан мен ҳам яқинда худди шу мавзуда гап талашиб қолдим, ҳайдовчининг ўзи тўхтовсиз телефонда гаплашиб кетди.»
Олима Шариф: «Тўғри одамлар машина юришини кутиб туради, юришни бошлагандан телефонлар ишга тушади.»
Насиба Ражабова: «Бир куни қўшним билан автобусда кетаётгандик, овозининг борича эри билан телефонда қаерга борганимиз, нима еганимиз, нима сотиб олганимиз – ҳаммаси ҳақида телефонда баралла гаплашди. Ҳаммасидан қизиғи бошқа йўловчилар олдида мен ҳижолат бўлдим.»
Ва мана бу изоҳлар ҳаммасидан ҳам кўра одамни ўйлантириши табиий...
Зулхумор Тўлаганова: «Мен ҳам охирги пайт аҳамият беришни бошладим. Аксарият ўзбек аёллари кўчада атрофни томоша қилиб хотиржам айланишмас экан, албатта манзилига етиб олиш учун кимгадир телефон қилишга тушишади, кўчада ва таксида. Энг даҳшатлиси, светофорда йўлни кесиб ўтишаётганда ҳам қўлидан телефонини қўйишмайди. Ҳайронман, жимгина фикрларини бир жойга тўплаб хаёл суриб кетишдан шунчалик қўрқишадими?»
Мадина Ходжамкулова: «Фикрингизга қўшиламан, чунки аксарият аёлларимиз асабий кайфиятда бўлади доим ва ўзи билан ўзи ёлғиз қолишдан жуда қўрқишади.»
Ростдан ҳам энг бўлмаганда, транспортда, кўчада ўзингиз билан ёлғиз қолишдан қўрқасизми, ахир айнан транспорт ва кўчада ёлғиз бирор жойга бориш, атрофни кузатиш, хаёлларни бир жойга йиғиш ва табиатдан баҳра олиш учун имконият эмасми? Ҳаётнинг ташвишлари ва муаммоларини унутиш учун ҳам бироз телефондан ва турли «деди-деди»лардан «парҳез» қилиш ҳам керакку. Шунда нафақат ўзингизга, балки атрофингиздагиларга ҳам хотиржамлик ва ҳаловат улашган бўлармидингиз?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter