Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Paynet» томонидан HUMO тўлов тизими сотиб олинди

«Paynet» томонидан HUMO тўлов тизими сотиб олинди

Аввал хабар қилинганидек, тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ HUMO тўлов тизимига эгалик қилиб келган «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖнинг 100 фоиз давлат акциялари пакетини сотиш бўйича очиқ савдолар жараёни ўтказилди. Савдо жараёнидаги Мажбурий таклифларни топшириш босқичида 6 нафар номзод иштирок этишга таклиф қилинди.

Ушбу босқичда Маълумотларни ошкор қилмаслик (NDA) ҳақидаги битимни имзолаган номзодларга Жамиятнинг хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиси – «Deloitte» халқаро компанияси томонидан тайёрланган молиявий, солиқ, ҳуқуқий ва экологик фаолияти бўйича комплекс таҳлилий ҳисоботлар (due diligence) билан танишиш, шунингдек, Жамиятнинг бошқарув органи билан учрашиш имкони берилди.

Шунингдек, номзодларга Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2024 йил 30 сентябрдаги эълонига мувофиқ, «Савдонинг асосий шартлари ҳақида»ги («Term sheet») Битим тақдим этилди.

Белгиланган муддатда Маслаҳатчига Жамиятни сотиб олиш бўйича учта иштирокчидан Мажбурий таклифлар (ВО) келиб тушди ва 65 миллион АҚШ доллари миқдорида энг юқори харид баҳосини таклиф қилган «Paynet» АЖ ким ошди савдосининг ғолиби, деб топилди. Шу тариқа HUMO тўлов тизими «Paynet» АЖ бошқарувига ўтди.

Қайд этиш жоизки, Харидорнинг таклифи Маслаҳатчи ҳисоблаган индикатив нархлар интервали чегарасида жойлашган ва «KPMG» халқаро мустақил нархловчи томонидан нарх қўйилган баҳодан юқори ҳисобланади.

«Paynet» АЖ ўз навбатида «Humo» тўлов тизимининг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлашга қаратилган қўшимча тадбирларни амалга ошириш бўйича мажбуриятларни, шунингдек, тизим фойдаланувчиларининг махфий (шахсий ва банк) маълумотларини ҳимоя қилишни зиммасига олган.

Жамиятни хусусийлаштириш натижалари Давлат активларини хусусийлаштириш ва мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Маълумот учун: «Paynet» АЖ – Ўзбекистон молиявий технологиялар соҳасида 18 йилдан буён фаолият юритаётган энг йирик тўлов операторларидан биридир. Тизим 1500 тадан ортиқ товар ва хизматлар етказиб берувчилар учун тўлов имкониятини таъминлаб, ундан фойдаланувчиларнинг йиллик сони 20 миллиондан зиёддир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг