Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Бухорода йўлкира масаласида келиб чиққан жанжал нохуш якун топди

Бухорода йўлкира масаласида келиб чиққан жанжал нохуш якун топди

Фото: Xabar.uz

Бухоро шаҳрида такси ҳайдовчисини ўз яшаш хонадони ёнигача олиб борган мижоз, уни пичоқлади. «Xabar.uz» га манбасига кўра, такси ҳайдовчиси ва мижоз ўртасида йўлкира устида ўзаро келишмовчилик келиб чиққан.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 9 июль куни Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Н. йўлдан ўз яшаш хонадонига бориш учун такси тўхтатган. Асли Шофиркон туманилик такси ҳайдовчиси Н.А. мижозга автомашинасини тўхтатган ва кира ҳақини ўзаро келишишган. Шундан сўнг такси ҳайдовчиси мижозни унинг яшаш манзилигача олиб борган. Бироқ, мижоз ёнида келишилган миқдордаги пули йўқлигини рўкач қилган ва такси ҳайдовчиси билан ўзаро келишмовчиликка борган. Мижоз такси ҳайдовчисига пул керак бўлса, унга уйигача чиқишини билдирган. Н.А. мижозни унинг хонадони эшиги олдида кутишга мажбур бўлган. Ҳаял ўтмай, мижоз уйидан қўлида пичоқ билан чиққан ва кутилмаганда, такси ҳайдовчисининг елка қисмига пичоқ санчган. Ҳайдовчи воқеа жойида ҳушини йўқотган. Кўп вақт ўтмай, ҳолатга қўни-қўшнилар воқиф бўлишган ва зудлик билан «Тез ёрдам» чақиришган. Такси ҳайдовчиси оғир аҳволда Бухоро шаҳар марказий касалхонасига келтирилган. Тиббий ходимлар томонидан жабрланувчига зарурий тиббий муолажалар кўрсатилиб келинмоқда, ҳозирда беморнинг аҳволи қониқарли.

Маълум бўлишича, Р.Н. бир неча маротаба судланган ва хавфли рецедивист сифатида рўйхатда турган бўлган.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот хизмати бошлиғи Шуҳрат Жалоловнинг билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Бухоро шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Тергов ҳаракатлари тўла ва холисона олиб борилиб, жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги таъминланади»,-деди Шуҳрат Жалолов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг