Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тирмизакнинг аҳволи (ҳажвия)

Тирмизакнинг аҳволи (ҳажвия)

Муҳандис Оқиловни бошқарма бошлиғи ҳузурига чақиртиришди.

Қабулида ёш йигитчани кўрган бошлиқ унинг саломига ҳам эътибор бермай писанда қилди:

– Бўлим бошлиғингиз билан нега чиқишолмаяпсиз?

– Мени иш билан етарли таъминламагани учун.

– Хизмат вазифангизда нима иш қилишингиз кўрсатилган.

– Албатта, лекин бу ишни қилиш учун ярим соат кифоя.

– Ишингизни ярим соатда бажариб, марҳамат, қолган вақтда ўз устингизда ишланг.

– Шундай қилдим.

– Хўш?

– Бўлимда иш олиб бораётган олти кишининг ишини бир киши бемалол бажариши мумкинлигини аниқладим.

– Қисқартиришни таклиф этмоқчимисиз?

– Нафақат бизнинг бўлимда...

– Хўш?

– Ҳисобхонада ўн иккита хотин-қиз эртадан кечгача асосан лақиллаб ўтиришади. Уларга бир йилда миллион сўмдан зиёд маош тўланаркан. Шунча маблағнинг чорагига электрон-ҳисоблаш машинаси олинса, ўша ўн иккита чўт ташловчини битта яхши мутахассисга алмаштириш мумкин бўлади.

– Яна сизда қандай таклифлар бор?

– Янами? Яна, масалан сизнинг ишингизни олсак…

– Менинг ишим?.. Бўлди етар. Таклифларингизни ўрганиб чиққанмиз. Бўлимингизда қисқартириш бўлади. Энг ёш ва бўлимга янги қабул қилинганингиз учун ишдан сиз қисқарасиз. Боринг, рухсат сизга.

Менинг ишимни олармиш, тирмизак...

Хуршид Нуруллаев

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг