Хитой АҚШни огоҳлантирди
Хитой АҚШ томонидан бож миқдори оширилишига расмий муносабат билдириб, савдо урушида ғолиб бўлмаслигидан огоҳлантирди.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп 1 февралдан Хитойдан келтириладиган маҳсулотларга бож тўловини 10 фоизга оширди. Оқ уй бу қарорини савдо дефицитини қисқартириш ва ноқонуний миграция ҳамда наркотик моддалар савдосига қарши кураш мақсадлари билан асослаган.
«Хитой ушбу қадамни қатъий суръатда қоралайди, унга қарши чиқади ҳамда ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида зарурий жавоб чораларини кўради. Хитойнинг позицияси қатъий ва изчил. Савдо ва бож урушларида ғолиб бўлмайди. АҚШ томонидан тарифларнинг бир томонлама оширилиши Жаҳон савдо ташкилоти қоидаларининг қўпол равишда бузилиши саналади. Бу қадам АҚШдаги ички муаммоларни ҳал этмайди ва муҳими, томонларнинг ҳеч бирига, айниқса, дунёга фойда келтирмайди», – дейилади Хитой ташқи ишлар вазирлиги тарқатган расмий баёнотда.
Хитойда гиёҳвандлик моддалари тарқалишига қарши қатъий кураш олиб борилаётганини урғулаган мамлакат ТИВ расмий вакили АҚШ ҳукуматини хатосини тўғрилашга чақирган.
Трамп томонидан нафақат Хитой, балки Канада ва Мексикага нисбатан ҳам бож миқдори оширилиши таҳлилчилар томонидан савдо урушининг бошланиши деб баҳоланмоқда.
Қайд этиш жоизки, Вашингтон Пекинга қарши савдо урушини аввалроқ бошлаган. Жумладан, 2022 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жо Байден Хитойга сунъий интеллект йўналишидаги тадқиқотлар учун чиплар сотишни тақиқлаган эди.
Аслида, Пекин ҳамда Вашингтон ўртасидаги муносабатлар Трампнинг биринчи президентлик даврида икки томонлама савдо-иқтисодий зиддиятлар, Ҳонконгда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва COVID-19 пандемияси сабаб совуқлашганди. Хусусан, COVID-19 вакцинасини ўғирлашга уриниш важидан жиддий дипломатик зиддият юзага келганди.
Хитой жосусларининг Оқ уйга таъсир кўрсатиш учун қатъий суратда саъй-ҳаракат қилаётгани ҳақидаги хабарлар тутаб турган оловга мой сепгандек таъсир кўрсатганди.
Пировардида АҚШ давлат котиби Хитойни очиқ-ошкора ўрта ва яқин истиқболда мамлакат учун асосий ташқи таҳдид деб атаганди.
Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши бошлангач, АҚШ ва Хитой муносабатлари янада таранглашган. Вашингтон Пекинни Украинага қарши урушда Россияни қўллаб-қувватлашда айблаган.
Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Пекин Вашингтон манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб, Вашингтондан ҳам Пекин манфаатларига зид иш тутмасликни сўрагани маълум.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter