Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Штайнмайер: Германия қатъий равишда Украина томонида

Штайнмайер: Германия қатъий равишда Украина томонида

Германия Россия босқинидан ҳимояланаётган Украинани қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер уруш бошланганининг уч йиллиги муносабати билан берган баёнотида таъкидлаган.

«Кескин бурилиш рўй берган вақт – 2022 йилнинг 24 февралига уч йил тўлди. Украин халқининг уқубатлари, азоблари ва йўқотишларининг уч йили. Эркинлик ва  суверенитетни сабот билан ҳимоя қилишнинг уч йили. Украиналиклар нафақат ўз ҳудудлари учун, балки демократия, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи ва озод Европа учун ҳам жанг қилмоқдалар. Буларнинг бари биз учун ҳам муҳим қадриятлар саналади. Украиналиклар кўрсатаётган жасорат бизнинг юксак эҳтиромимизга муносиб», – дейди Германия федерал президенти.

Сиёсий етакчига кўра, Германия гуманитар ва ҳарбий кўмак кўрсатиш, қочқинларни қўллаб-қувватлаш орқали қатъий равишда Украина томонида туради.

Штайнмайер фикрича, Европада тинчлик ва эркинликни мустаҳкамлаш учун Украинани изчил дастаклаш лозим.

Олмон давлати раҳбари уруш якунлангунга қадар Германия Киевга кўмак кўрсатишда давом этиши, шунингдек, урушдан кейин шаҳарларни тиклашда ҳам жонбозлик кўрсатишини урғулаган.

«Биз аниқ мужда йўлламоқдамиз: Украина асло ёлғиз эмас. Биз эркинлик муҳитидаги тинчлик ва Украинанинг Европада суверен ва хавфсиз келажаги учун елкадошмиз», – дейди  Франк-Вальтер Штайнмайер.

Киевда 24 февраль куни ўтказилган саммитда ҳам видеоалоқа форматида қатнашган президент Штайнмайер Берлин ўз масъулиятини теран ҳис қилишини таъкидлаб, ҳамкорлар Германияга ишониши мумкинлигини уқтирган.

Унга кўра, Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 135 миллиард евро миқдорида кўмак кўрсатди, ёрдам кўлами янада ортади.

Франк-Вальтер Штайнмайер Украина урушини Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европа учун тақдируламал синов деб атаган.

Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шольц ҳам БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасида Россиянинг Украинага босқинини кескин қоралаган, Кремлни империализм сиёсати юритишда айблаган эди.

Канцлернинг таъкидлашича, тиш-тирноғига қадар қуролланган, ядро аслаҳасига эга, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзо бўлган мамлакат чегараларни зўравонлик йўли билан ўзгартиришга уринаётган бир пайтда мутараққий дунё қўл қовуштириб ўтириши ярамайди. Шунга кўра у халқаро ҳамжамиятни БМТнинг низом ва қадриятларини ҳимоя қилишга даъват этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг