Путин Трампга «ёғли» таклиф билан чиқди

Россия Донбасс ва «Новороссия» ҳудудларидан (Украинанинг босиб олинган ерлари назарда тутилмоқда) нодир ерости маъданларини қазиб олишда дунё давлатлари, хусусан, АҚШ билан ҳамкорлик қилмоқчи. Президент Владимир Путин журналист Павел Зарубин билан 24 февраль кунги суҳбатда ушбу масалада гап очган.
«Биз РФ таркибига қайтган янги деб аталаётган тарихий ҳудудларимизга хорижлик сармоядорларни жалб этишга шаймиз. У ерларда ҳам муайян миқдорда (нодир металлар) захиралари мавжуд. Биз ҳамкорларимиз, жумладан, америкаликлар билан ишлашга тайёрмиз», – деган Путин.
Россия раҳбари АҚШ билан биргаликда алюминий ишлаб чиқариш имкониятидан ҳам баҳс этган.
«Биз Америка компаниялари билан ушбу йўналишда биргаликда ишлаш ҳақида ўйлаб кўрсак бўлади. Масалан, совет давридаёқ Красноярск ўлкасида янги гидроэлектростанция барпо этиш ва алюминий ишлаб чиқаришни ошириш режалари бор эди», – деган сиёсатчи.
Душанба куни Франция президенти Эммануэль Макрон билан биргаликда ўтказган матбуот анжуманида Дональд Трамп Россия билан иқтисодий ҳамкорлик ҳақида гапирган.
«Уларда биз истаган кўплаб нарсалар бор. Уларда нодир металларнинг йирик захираси мавжуд, (Россия) улкан ҳудуд, ахир. Уларда биз учун зарур бўлган кўплаб қимматли нарсалар, бизда эса улар истаган нарсалар бор. (Битим имзолай олсак) жуда соз бўларди», – деган Америка президенти.
Аввал хабар берганимиздек, Трамп Украинага уруш бошланганидан буён 350 миллиард доллар кўмак кўрсатилгани, эндиликда Киев ҳукумати уларни қайтариши лозимлигини айтмоқда. Оқ уй, хусусан, Украинадан фойдали қазилмаларга оид битим имзолашни талаб қилмоқда. Вашингтон таклиф этаётган ҳужжатга мувофиқ, Украина ўз фойдали қазилмалари орқали АҚШга 500 миллиард доллар компенсация қайтариши керак.
Аммо Зеленский фикрича, АҚШ Украинага 350 миллиард доллар эмас, балки 100 миллиард доллар берган. Фойдали қазилмаларга оид битим ҳам хавфсизлик кафолати ва адолатли шартлар асосидаги бўлиши лозим.
Президентлик лавозимига киришганидан кўп ўтмай, Трамп Путин билан телефон орқали суҳбатлашганини маълум қилганди.
Дунё ҳамжамияти – кимдир хурсандчилик билан, кимдир хавотир билан икки сиёсатчининг учрашишини кутмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter