Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қочқинлар лагерига ҳужумдан кейин ҲАМАС ҳар қандай музокаралардан бош тортди

Қочқинлар лагерига ҳужумдан кейин ҲАМАС ҳар қандай музокаралардан бош тортди

ҲАМАС воситачиларга Исроилнинг якшанба кунги Рафаҳга ҳужумидан кейин ўт очишни тўхтатиш ёки асирларни алмашиш бўйича ҳеч қандай музокараларда қатнашмаслигини айтди. Бу ҳақда Синхуа агентлигига ҳаракатдаги манбасига таяниб маълум қилди.

Манбанинг айтишича, ҲАМАС бу қарорга Исроил армиясининг Рафаҳ шаҳрида тинч аҳоли чодирларини ўққа тутгани, ўнлаб одамларнинг ўлими ва яралангани сабаб келган.

Ўз навбатида, ҲАМАС раҳбарияти Миср ёки Қатардаги воситачилардан музокаралар тикланиши ҳақида ҳеч қандай расмий билдиришнома олмаган.

Эслатиб ўтамиз, якшанба, 26 май куни кечқурун Исроилнинг Рафаҳ шимоли-ғарбидаги тинч аҳоли чодирларини бомбалаши оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди ва яна бир неча киши яраланди. Хабар қилинишича, Исроил кучлари БМТнинг Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатувчи ташкилоти омборлари яқинидаги минглаб кўчирилган одамлар билан гавжум янги ташкил этилган лагердаги чодирларни саккизта ракета билан ўққа тутган.

Ушбу ҳужумдан сўнг Исроил бош вазири Нетаньяҳу зарба «фожиали бахтсиз ҳодиса» эканлигини, аммо бу урушни тугатиш учун асос бўлмаслигини айтди.

БМТ Хавфсизлик Кенгаши эса Исроилнинг Рафаҳдаги лагерга берган зарбаси муносабати билан бугун, 28 май куни фавқулодда йиғилиш ўтказади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг