Лукашенко cайловни августдан январга кўчиргани сабаби айтилди
Эртага, 26 январь куни Беларусь Республикасида президент сайлови бўлиб ўтади. Бу мамлакатни 1994 йилдан буён бошқариб келаётган Александр Лукашенко учун еттинчи сайловдир.
2020 йил 9 август куни бўлиб ўтган сўнгги сайловда Лукашенко 80 фоиз овоз билан ғалаба қозонгани эълон қилинганди. Аммо сайлов натижаси сохталаштирилганини айтган кўп сонли аҳоли ҳамда мухолифат норозилик намойишлари ўтказган ва Лукашенконинг истеъфосини талаб қилган эди. Ғарб мамлакатлари ўшанда сайлови натижаларини тан олмаганди.
«Бу гал Лукашенко намойишчилар кўчага чиқмасин дея, сайлов ўтказиш вақтини илиқ августдан совуқ январга кўчирди. Аммо қулай об-ҳаво шароитида ҳам ҳозир кучли диктатурага қарши норозилик билдиришга ҳеч ким журъат қилмаса керак. 70 ёшли ҳукмдорнинг реал сиёсий мухолифлари ё қамоқда ўтирибди, ё хорижда. Постсовет Беларуснинг кўпчилик аҳолиси танийдиган президент еттинчи мандатни олишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади», – деб ёзди Euronews.
Нашрга кўра, Лукашенконинг ҳокимиятда туришида Россияни чорак асрдан бери идора этиб келаётган Владимир Путиннинг хизмати катта.
«Лукашенко ўз бошқаруви мобайнида Россиянинг субсидиялари ва сиёсий кўмагига таяниб келади. Шу сабаб (Россияга) 2022 йилда Украинага Беларусь ҳудуди орқали бостириб киришга изн берилди. Кейин эса мамлакат ҳудудида Россиянинг тактик ядро қуроли жойлаштирилишига розилик билдирилди», – деб ёзди нашр.
«Европанинг сўнгги диктатори» деб аталадиган Лукашенко маъмурияти 2020 август ойидаги сайловдан кейин минглаб одамни ҳибсга олгани, мустақил ОАВни ёпгани айтилади.
Бу гал президент сайловида жами беш нафар номзод (уларнинг бири аёл) қатнашмоқда. Марказий сайлов комиссияси Александр Лукашенкодан ташқари Олег Гайдукевич (Беларусь либерал-демократик партияси раиси), Анна Канопацкая (Қонун ташаббуслари жамоат маркази раҳбари), Сергей Сиранков (Беларусь коммунистик партияси МҚ биринчи котиби) ва Александр Хижнякни (Республика меҳнат ва адолат партияси раиси) давлат раҳбари лавозимига номзод сифатида рўйхатга олган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter