Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Брюссель учрашуви: Озарбайжон ва Арманистон гуманитар масалада келишувга эришди

Брюссель учрашуви: Озарбайжон ва Арманистон гуманитар масалада келишувга эришди

Жорий йил 14 май куни Бельгия пойтахти Брюсселда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Европа Иттифоқи кенгаши раиси Шарль Мишель иштирокида музокара ўтказди.

Учрашув якунида мезбон томон берган баёнотга кўра, Озарбайжон ва Арманистон етакчилари гуманитар масалада келишувга эришди.

«Гуманитар масалаларга келсак, яқин ҳафталарда яна бир неча ҳибсдагиларнинг озод этилиши бўйича келишувга эришилди. Мен адашиб қўшни ҳудудга ўтиб қолган аскарлар худди аввалгидек, тезкор тартибда қарши томонга берилиши борасидаги розиликни мустаҳкамлаш кераклигини таъкидладим. Биз, шунингдек, дараксиз йўқолган инсонлар тақдирига ойдинлик киритиш ва миналардан тозалаш бўйича ишларни фаоллаштириш муҳимлигини қайд этдик», – деди ЕИ кенгаши раиси Шарль Мишель музокарадан кейинги матбуот анжуманида.

Икки давлат етакчилари ҳудудий яхлитликка доир Олмаота декларациясига содиқлигини ҳам тасдиқлаган.

«Биз чегараларни делимитация қилиш ҳолати ва унга дахлдор кейинги қадамларни ҳам кўриб чиқдик. Етакчилар чегара масалалари бўйича икки томонлама учрашувларни қайта бошлашга келишиб олди. Айни чоқда, етакчилар 1991 йилги Олмаота декларациясига ва Арманистон ҳамда Озарбайжоннинг унга мувофиқ тарздаги ҳудудий яхлитлигига содиқ эканини тасдиқлади. Чегараларнинг якуний делимитацияси музокаралар йўли билан ҳал этилади», – деди Ш.Мишель.

Озарбайжон ва Арманистон раҳбарлари бунга қадар ҳам Брюсселда уч томонлама форматда бир неча бор учрашди. Таҳлилчилар Боку ва Ереван ўртасида муносабатларни меъёрлаштириш борасидаги музокараларни умидли қадам деб баҳоламоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Озарбайжон Арманистонга ўзаро муносабатларни изга солишни назарда тутувчи беш банддан иборат таклиф билан мурожаат қилган. Мазкур таклифлар икки мамлакат робиталарини қайта йўлга қўйишга қаратилган фундаментал тамойилларни ўз ичига олади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг