Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Арманистондан «Россияни хафа қилувчи» яна бир қадам

Арманистондан «Россияни хафа қилувчи» яна бир қадам

15 июль куни Арманистонда АҚШ билан ҳамкорликда ҳарбий машғулотларга старт берилди. Бу ҳақда Арманистон мудофаа вазирлиги хабар берди. Eagle Partner 2024 деб номланган машғулотлар 24 июлга қадар давом этади. 

Тадбирнинг очилиш маросимида қатнашган Арманистон мудофаа вазири Сурен Папикян АҚШ ҳарбийлари билан ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Машғулотларда Арманистон қуролли  кучлари ҳарбийлари, АҚШнинг Европа ва Африкадаги қуруқликдаги қўшини ҳамда Канзас миллий гвардияси вакиллари қатнашмоқда.

Машғулотлар давомида тинчликпарварлик миссиялари доирасида низоларни ҳал этишга доир топшириқлар бажарилади. Кўзланган мақсад халқаро тинчликпарвар миссияларда қатнашаётган ҳарбий бўлинмалар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришдан иборатдир.

Таҳлилчилар Ереваннинг Вашингтон билан ҳамкорликдаги ҳарбий ўқув тадбири Москва билан муносабатлар совуқлашган даврга тўғри келгани ва бу Россияни хафа қилувчи қадам бўлиши мумкинлигига эътибор қаратмоқда.

Сўнгги вақтларда Арманистон Россияни «иттифоқчилик мажбуриятларини тўлақонли бажармагани» сабаб танқид қилиб келади. Хусусан, Ереван Россия тинчликпарвар қўшини Қорабоғда Озарбайжон қуролли кучларига муносиб қаршилик кўрсатмаган деб билади.

Жорий йил июнь ойида Арманистон бош вазири Никол Пашинян мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан чиқишини айтди. Россия шамсияси остидаги тузилмадан чиқиш истаги Кремлга кескин норозилик ўлароқ талқин қилинди. 

Март ойида Арманистон хавфсизлик кенгаши Кремлга рус чегарачиларини Ереван аэропортидан олиб чиқиб кетиш талабини йўллади. Унга кўра, Россия чегарачилари 1 августга қадар Арманистон пойтахтидаги «Звартноц» халқаро аэропортини тарк этиши ва назоратни арман мутахассисларига топшириши керак.

Никол Пашиняннинг йил бошидаги баёнотига кўра эса, Россия Федерацияси мудофаа ва ҳарбий-техника соҳаларида Арманистоннинг асосий ҳамкори бўла олмайди.

Москва билан муносабатлар таранглашуви фонида Ереван Ғарб томон юз бурмоқда.

Жорий йил 11 июнь куни Арманистон АҚШ билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтиришга доир битим имзолади.

4 июль куни бош вазир Пашинян Қўшма Штатлар билан муносабатларни стратегик ҳамкорлик даражасига кўтариш истагини билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг