Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Олимпиада: қарс икки қўлдан чиқади

Олимпиада: қарс икки қўлдан чиқади

Билимлар беллашуви

Фото: «Hazoraspxtb.uz»

Сўнгги вақтда интернет тармоғида ўқувчи ёшлар орасида бўлиб ўтаётган фан олимпиадаларидаги таниш-билишчилик, коррупция, турли адолатсизликлар ҳақида кўп ва хўп ёзилмоқда. Ижтимоий тармоқларнинг фаол кузатувчиси сифатида ушбу хабарлар билан танишиб, менда ҳам ўз фикримни билдириш истаги туғилди. Фақат бошқа томондан!

Етти йиллик педагогик фаолиятим давомида туманда ва вилоятдаги мактаб ўқувчиларининг «Билимлар беллашуви», лицей ва коллеж ўқувчиларининг вилоят олимпиадасида биология фанидан ҳакамлар ҳайъати аъзоси, раиси, вилоят миқёсидаги фан олимпиадасида апелляция комиссияси раиси сифатида бир неча марта иштирок этганман. Айтишим мумкинки, ушбу «Билимлар беллашуви» ва фан олимпиадаларида қатнашадиган ўқувчилар билан бирга уларнинг ўқитувчилари, ота-оналари, таълим муассасаси раҳбарлари ҳам ҳаяжонда бўлади. Натижа чиққунча юракларини ҳовучлаб ўтиришади. Мен уларнинг барчасини яхши тушунаман. Лекин ҳозир сизларга қарама-қарши томондан, яъни ҳакамлар ҳайъати томонидан туриб фикрларимни айтмоқчиман. Мени танийдиганлар олимпиада жараёнларини қандай ўтказганимни, қай даражада одил бўла олганимни билишади ва мен бу борада аввало ўша қоракўз ўқувчилар, ундан кейин виждоним олдида покман. Демак, фикрларимни тизимли равишда айтадиган бўлсам:

— аксарият ота-оналар ва ўқитувчилар ўз ўқувчисини жуда билимли деб ўйлашади, ваҳоланки, аксарият ҳолларда унчалик бўлмайди. Тажрибамда кўп кузатганман, менга мақтаб олиб келинган ўқувчилар аслида мақталгандек билимли бўлиб чиқмайди, фан юзасидан олинган билими асосида мантиқий фикрлаш кўникмасига эга бўлмайди;

— аксарият ўқувчилар «Билимлар беллашуви» ва фан олимпиадаси давомида ёзма саволларнинг барчасига жавоб ёзганини, лекин ҳакамлар унга паст балл қўйганини даъво қилиши тез-тез қулоққа чалиниб туради. Ўзим ҳам бу ҳолатга кўп дуч келганман. Келинг, сизга шу ҳолатни бир мисол билан озгина изоҳлаб берсам. 2017 йилнинг март ойи охирида Фарғона вилоятида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида биология фанидан бўлиб ўтган вилоят олимпиадасида ёзма иш учун қуйидаги савол тушган: «Раънодошлар ва мураккабгулдошларга мансуб ўсимликларни ўзаро таққослаб, ўхшашлик ва фарқларини ёзинг». Бир қарашда жуда оддий савол, шундай эмасми? Аслида эса йўқ! Бу саволга ўқувчи Венн диаграммаси асосида жавоб бериши назарда тутилмоқда, икки оила вакилларини таққослаши ва улар учун умумий жиҳатларни ажратиб чиқиши, фарқ қилувчи жиҳатларини эса алоҳида кўрсатиши лозим эди. Лекин ўқувчиларнинг 95 фоизи ушбу саволга аввал раънодошлар оиласининг барча белгиларини, кейин мураккабгулдошлар оиласининг барча белгиларини тўлиқ ёзиб чиқиш орқали жавоб беришган. Аслида бу ерда энг катта айб ўқитувчида деб ҳисоблайман, чунки у олимпиадага тайёрлаётган ўқувчисининг фан мавзулари юзасидан мантиқий фикрлаши устида ишлаши, ўтган йиллардаги олимпиада саволлари базасидан фойдаланган ҳолда болани тайёрлаши лозим эди. Олимпиадада юқори баллга саволга қанчалик кўп жавоб ёзиш билан эмас, балки саволда нима сўралаётган бўлса айнан ана шунга жавоб бериш билан эришилади;

— билимни баҳолашда 100 балли система қўлланишини кўпчилигимиз биламиз, 54 баллдан пасти «қониқарсиз», 55-70 оралиғи «қониқарли», 71-85 – «яхши» ва 86-100 — «аъло». Энди айтинг-чи, амалий кўникмани қандай баҳолаш мумкин? Мен сизга педагог сифатида жавоб бераман, амалиётнинг баҳоси ё 0, ё 100 бўлади, оралиқ баҳо бўлмайди. Чунки амалий машғулотда бирор кичик детал унутиб қолдирилса жараён охирида ҳеч қандай натижа чиқмайди. Масалан, одамда қон босимини ўлчаётган ўқувчи тонометр манжетини бирозгина нотўғри жойлаштириб, лекин қолган амалларни тўғри бажарган тақдирда ҳам қон босимини ўлчай олмайди. Мана бизнинг ўқувчиларда бугунги кунда қандай кўникмалар етишмайди, бу эса айрим ўқитувчиларимиз компитентликка асосланган ўқитишга умуман эътибор бермаслигидан келиб чиқади. Бу нарсага фан олимпиадаларида жуда қаттиқ эътибор берилади;

— яна бир муҳим жиҳат шуки, аксарият ҳолатда бола олимпиадага билим томондан тайёр бўлади, аммо техник жиҳатдан тайёр бўлмайди. Билим натижанинг 50 фоизи бўлса, уни кўрсатиб бера олиш натижанинг 50 фоизи ҳисобланади. Кўп ҳолатларда бола ёзма ишда биринчи ва иккинчи саволга шу даражада кўп вақт сарфлайдики, учинчи ва тўртинчи саволга тўлиқ жавоб беришга улгурмай қолади. Мен ҳар гал олимпиадада ўқувчиларга «...4 та саволга 40 балл ажратилган бўлса, битта саволга 10 бет жавоб ёзилса ҳам максимал 10 балл оласиз холос, шу боис ҳамма саволга жавоб ёзишга ҳаракат қилинг» дейман. Тасаввур қилинг, 2 та саволга мукаммал жавоб бериб қолганларига улгурмаган ўқувчи 20 балл олади, 5 та саволга ўртача даражада жавоб берган ўқувчи эса 5 баллдан олган тақдирда ҳам 25 баллни қўлга киритади. Шу боис ўқувчиларни олимпиадага тайёрлашда уларни техник жиҳатдан тайёрлашга ҳам эътибор қаратиш лозим;

— олимпиадага тайёрланаётган ўқувчилар кўпинча фақат мактаб дарсликлари билан чекланиб қолади. Бу эса унчалик тўғри эмас. Чунки айрим дарсликларни нашр қилиш жараёнида баъзи маълумотларда хато кетиб қолганини ёки айрим мавзуларга оид маълумотлар жуда кам ёки замонавий фан хулосаларига нисбатан эскирганини кузатиш мумкин. Шу боис ўқитувчилар олимпиадага ўқувчи тайёрлаётганда албатта шу жиҳатларни ҳам ҳисобга олишлари керак.

Мана энди олимпиада жараёни қандай ташкил этилиши ҳақида ҳам икки оғиз айтиб ўтсам, чунки уларда ҳам камчиликлар ва тўғриланиши шарт бўлган жиҳатлар топилади.

Биринчидан, олимпиадага ҳакам танлаётганда энг аввало мана шу фанни яхши биладиган, педагогик маҳорати юқори, олий малакали кадрларни танлаб олиш керак. Аммо аксарият ҳолларда ҳакамлар ҳайъатини шакллантиришга панжа орасидан қаралади. Улар орасида ўз фанини етарлича билмайдиган, ҳакамликка умуман муносиб бўлмаган кадрлар ҳам учрайди.

Иккинчидан, олимпиада учун тайёрланадиган материаллар ўқувчининг ёшига, дунёқарашига мос бўлишини ҳисобга олиш, уларни олимпиадагача эксперт текширувидан ўтказиш шарт! Бизда эса айнан олимпиада куни саволлар тезда номигагина экспертизадан ўтказилади. Кўпинча саволлар нотўғри тузилгани ёки ўқувчиларнинг ёшига мос танланмагани борасида ташкилотчилар билан келишмовчиликлар чиқиб туради.

Учинчидан, жараённи имкони борича шаффофлаштириш лозим. Яъни, ёзма ишлар текшириб бўлинганидан кейин болаларга тўлиқ қайтариб берилиши, улар ўз ишларини кўриб чиқишлари ва туғилган саволларга ҳакамлардан жавоб олишлари керак. Бу қийин бўлса-да, мен ҳар сафар шу нарсани жорий этишга ҳаракат қилганман. Бола қачон норози бўлади, саволлари очиқлигича қолиб кетса, ўзининг нимада хато қилганига, нега паст балл олганига етарлича изоҳ олмаса. Ўзим қатнашган охирги олимпиадада синфхонага ўқувчиларни киргизиб, текширилган ёзма ишларини қўлларига қайтариб бердим. «Ҳамма ўз иши ва унга қўйилган баҳо билан танишиб чиқсин, саволи бўлса қўлини кўтарсин, битталаб юриб нега бундай баҳо олганини изоҳлаб бераман», — дедим. Болалар тезда ишга киришиб кетишди, бирин-кетин қўллар кўтарилди, мен саволларни аввал доскада қисқача изоҳлаб, қандай жавоб бериш кераклигини тушунтирдим-да, ҳар бир боланинг саволига эринмасдан жавоб қайтариб, қаерда камчиликка йўл қўйганларини кўрсатиб бердим. Синфхонадан бирин-кетин ўз баҳосига рози бўлганлар чиқиб кета бошлади, охиргиси қолгунча бир ярим соат вақт кетди, лекин ташқарига чиққач норозиликлар бўлмади, чунки бола ўзининг нимада ва қаерда хато қилганини тушунган эди.

Тўртинчидан, олимпиада ташкилотчилари ва ҳакамлари шуни асло унутмасликлари лозимки, олимпиада ўтказишдан мақсад фақатгина ҳудуддаги энг билимли болаларни танлаб олиш эмас! Бу ерда турли мактаб ва туманлардан, вилоятлардан келган ўқувчилар бир-бирлари билан дўстлашади, энг муҳими, ўзлари қизиқадиган фанлар бўйича маълумот, тажриба алмашадилар ва ўқиб изланиш учун янги мотивация оладилар. Агар жараён тўғри ташкил этилса, юқоридагиларнинг барчасига эришса бўлади.

Шу ўринда олимпиадаларга ўқувчи тайёрлаётган муаллимларга бир-иккита маслаҳат бермоқчиман.

Аввало бола билан жиддий шуғулланинг, балки ўша ўқувчингиз синфида, мактабида энг аълочидир, лекин бошқа мактабларда ундан-да аълочи ўқувчилар борлигини унутманг.

Болани тартибли ва режа асосида шуғуллантиринг. Ёзма иш ва тестларга жавоб бериш кўникмасини шакллантириш устида ишланг. Педагогик усуллардан фойдаланган ҳолда саволларга жавоб беришга ўргатинг. Ўқувчиларимиз бир хатога жуда кўп йўл қўйишади, яъни ўқиган маълумотларидан айнан энг керакли қисмини ажратиб олишга қийналади. Масалан, «Қоннинг шаклли элементларига таъриф беринг» деган савол берилса, улар саволга жавоб беришни қонни тўлиқ таърифлашдан бошлашади. Бу эса олимпиада жараёнида қимматли вақтни беҳуда сарфлашга сабаб бўлади.

Ўқувчи билан техник жиҳатдан ишланг, ёзма иш учун 4 та саволга 2 соат вақт ажратилган бўлса, демак, ҳар бир саволга 30 дақиқа вақт ажратишни ва шу вақт ичида унга етарлича жавоб беришга ўргатинг. Бу эса узоқ ва давомли машқ асосида шаклланадиган кўникмадир.

Энг муҳими, ўқувчини олимпиадага руҳан тайёрланг. Фан олимпиадалари билимлар жангидир, у ерда фақат билим ва кўникманинг ўзи камлик қилади, унга албатта руҳан тайёр бўлиш, қалбда ғолиблик ҳисси бўлиши шарт.

Ушбу ёзганларимга хулоса шуки, жараёнда кимнидир айблашдан олдин аввало ўзимизни ислоҳ этайлик. Мен жараёнда коррупция, таниш-билишчилик, адолатсизлик йўқ демоқчи эмасман, бундай ҳоллар мавжуд, бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиши аниқ. Чунки бундай иллатларни бир-икки йилда бартараф этиб бўлмайди. Агар ўқувчи барча шартларга тўлиқ ва мукаммал жавоб берса, ҳеч қандай «каттакон» унга паст балл қўя олмайди. Энг муҳими, болани тўғри тайёрлайлик, бола олимпиадада яхши ўрин олмаса уни руҳан қўллаб-қувватлаб, хатолари устида ишлаш кўникмасини шакллантирайлик. Асло атрофга ва жамиятга норози кайфиятда улғайтирмайлик, бу унга қаттиқ таъсир этади, руҳиятини шикастлайди. Унутмайлик, эртанги натижа бугунги амалларимизга боғлиқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг