Учинчи жаҳон уруши ва бошқа хатарлар. 2035 йилда дунё қандай бўлади?

Атлантика кенгаши ўтказган сўровнома яқин ўн йилликда Учинчи жаҳон уруши юз бериши эҳтимоли юқорилигини кўрсатмоқда. Бу ҳақда Daily Mail ёзди.
Маълумот учун: Атлантика кенгаши — Вашингтонда жойлашган таҳлиллар маркази, халқаро хавфсизлик ва жаҳон иқтисодий тараққиёти каби масалаларни ўрганади.
Жаҳон уруши — 2035 йилги таҳдидлар рўйхати етакчиси
Атлантика кенгаши сўровномасида 357 нафар сиёсий стратег ва мутахассис қатнашиб, инсониятнинг 2035 йилгача бўлган келажагига баҳо берди.
Респондентларнинг 40,5 фоизи келаётган ўн йилликда АҚШ, Хитой ёки Россия каби йирик давлатлар иштирокида катта уруш юз бериши мумкин деган фикрда.

Хитойдаги ҳарбий парад.
Фото: The Telegraph
Учинчи жаҳон уруши яқинлашаётганига ишонувчиларнинг фикрича, бу урушда ядровий қурол қўлланилади, жанглар фазода ҳам кечади.
Доналд Трамп томонидан 2019 йилда АҚШ фазовий кучларига асос солинганлиги респондентларни шундай башорат қилишга ундаган бўлса ажабмас. Ушбу янги ҳарбий-космик бўлинма ўз веб-сайтида билдиришича, «Фазовий кучлар космосда ва космосдан таъсир қилиш, ривожланиш ва жанговар имкониятларни намоён қилиш қудратига эга, яъники АҚШ ва унинг иттифоқчиларига «АҚШ фазовий салоҳияти»га қаратилган исталган потенциал хавфни тийиб туриш, зарур бўлганда йўқ қилиш имконини беради.

АҚШ фазовий кучлари.
Фото: Audacy
Иқлим ўзгариши — ўн йилликнинг глобал таҳдидлари рўйхатида иккинчи ўринда. Экспертларнинг ўндан уч қисми асосий хавфни шу томондан кутмоқда.

Фото: El Pais
Респондентларнинг атиги 1,7 фоизи келаётган ўн йилликда янги пандемия жаҳон аҳолисига таъсир қилувчи жиддий инқироз бўлишини, 5,1 фоизи эса тинимсиз ўсиб бораётган молиявий қарздорлик дунёни пароканда қилиши мумкинлигини тахмин қилди.
«Сўровномада қатнашганларнинг 62 фоизи ўн йилдан кейин дунё ҳозиргидан ёмон яшашини, фақат 38 фоизи ҳаёт яхшиланишини кутмоқда», — дейилади Атлантика кенгаши баёнотида.
2035 йилда янги иттифоқлар пайдо бўлади
357 нафар халқаро экспертнинг фикрича, яқин ўн йил ичида АҚШ ва НАТОга таҳдид сола олувчи янги глобал алянслар пайдо бўлади.
Сўралганларнинг қарийб ярми (47,4 фоиз) тахминига кўра, Хитой расман Россия, Эрон ва Шимолий Кореяни боғловчи янги алянс етакчисига айланади.

Фото: Getty Images
Хитой, Россия ва Эрон аъзолигидаги БРИКС ҳукуматлараро ташкилоти ҳозирда 10 мамлакатни бирлаштириб турибди. БРИКС иттифоқи ҳадемай «Катта еттилик» (АҚШ, Канада, Япония, Буюк Британия, Германия, Франция ва Италия) рақобатчисига айланиши мумкин.
Янги коалиция асосий аъзоларининг қарийб 65 фоизи Хитойнинг Тайванга бостириб киришга уринишини маълум даражада ёки тўлиқ оқлайди, буни яқинда ўтказилган сўровнома кўрсатди. Ўтган йилги сўровномага нисбатан 15 фоиз ўсиш кузатилган.

Фото: AP Photo
Экспертларнинг 45 фоизи яқин ўн йилда Россия НАТО билан очиқ урушга киришади деб ҳисоблайди.
Яқин Шарқдаги воқеалар тобора мураккаб тус олмоқда. Аксарият экспертлар (62,5 фоиз)нинг фикрича, Фаластин билан боғлиқ вазият келгуси 10 йилда ўзгармайди. Бу давр мобайнида Исроил ва Эрон дўстона муносабатлар ўрнатиши мумкинлигига ишонувчилар экспертлар орасида 10 фоиз ҳам чиқмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter