Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бахтиёр Шералиев

Муаммодан қутулиш учун ундан қочиш эмас, уни ҳал қилиш керак!

Мeн жиноятчи эмасман!

Мeн жиноятчи эмасман!

Фото: «Kun.uz»

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқ ва интернет сайтларида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси билан боғлиқ турли фикрлар билдирилмоқда. Кимдир авиачипталарнинг қимматлигидан нолиса, яна кимдир кўрсатиладиган хизмат сифатига эътироз билдираяпти. Иш бор жойда хато бўлади албатта, лекин қачонгача?!

Хизмат тақозоси билан январь ойининг охирида Хитойнинг Пекин шаҳридан мамлакатимиз пойтахти Тошкентга учдим. Узоқ муддатли сафар чарчоғи, қолаверса ватан соғинчи, тезроқ Ўзбекистон тупроғига оёқ қўйсам деган илиқ туйғулар билан самолётдан тушар эканман, Тошкент халқаро аэропортидаги чегарачи ва божхоначиларнинг муомаласидан кайфият расво бўлди. Паспорт назоратидан ўтаётганда ўзимни худди сўроқ қилинаётган жиноятчидек ҳис қилдим. Назоратчининг компютерга узоқ вақт тикилиб туриши, шапкангни еч, кўзойнагингни ол каби бетакаллуф ва маданиятсизларча муомаласи, ўйлайманки, ўзини ҳурмат қиладиган ҳеч бир инсонга ёқмайди. Беихтиёр «Мен жиноятчи эмасман!» деб юборгингиз келади. У ердан ўтиб юкларни қабул қилиб олишга келсангиз эгаси йўқ бозорга тушиб қолгандек бўласиз, агар икки самолёт бир вақтда қўнса томошани кўраверинг.

Бир ойлик таътилдан кейин кеча яна Хитойга қайтиш учун Тошкент халқаро аэропортига келдим. Юкларни қабул қилиб олувчи хоним худди мен еб, у қуруқ қолгандек қовоғини уйиб муомала қилади.

— Ассалому алайкум, Пекинга учадиган самолётга юк қабул қилинаяптими?

— Паспортингизни беринг, — дейди у. Булар саломга алик олиш ёки саволга жавоб беришни билишмайдими дейман? Юкларимни лента устига қўяр эканман:

— Илтимос, мумкин бўлса ойна олдидан жой қилиб берсангиз, — дедим.

— Гапирмай туринг бирпас, — дейди паспортимдаги маълумотларни компютердагига солиштирар экан менга қарамай. Унинг бу муомаласидан янада энсам қотади.

— Кечирасиз... — дейман тарбиясизга тенг бўлмай деб.

— Сизга иккита сумкага рухсат борми ўзи? – назоратчи аёл юкларимга кўз ташлар экан, менга истеҳзо билан қарайди.

— Хоним, менинг 40 кг юк олиб кетишга рухсатим бор, юкларим эса ҳозир 23 кг турибди, унинг нечта сумка эканлигининг нима аҳамияти бор? Қолаверса, мен транзит учаман, ҳеч хавотир олманг.

У менга ишонмади шекилли, бошқа бир назоратчини бошлаб келди. У компьютерга тикилиб туриб, тўғри дегандек бош силкиди. Унга яна бир бор ойна олдидан жой қилиб беришини эслатиш учун оғиз жуфтлаган эдим, «гапирмай туринг дедим-ку сизга» деган жавобни олдим. Юкларимни қабул қилиб олгач билетимни берар экан, кўзи ҳали ҳам компьютерда эди. Бу хонимга мижозлар билан муомала қилиш маданиятидан бир шингил маъруза қилай дедиму, лекин сафар олдидан бузилган кайфиятни баттар бузмай деб индамай ўтиб кетдим. Самолётга чиққач ойна олдидан эмас, умуман бошқа жойдан жой берганига гувоҳ бўлдим, ваҳоланки, биринчилардан бўлиб регистрациядан ўтган эдим.

Шу ўринда айни ҳолатни Хитойдаги аэропорт хизматчиларининг муомаласи ёки хизмат кўрсатиши билан солиштирадиган бўлсам, уларга мурожаат қилсангиз дастлаб кулиб туриб салом беради ва сўраган саволингизга батафсил жавоб беради. Паспорт назоратидан ўтаётганимда назоратчи «Хуш келибсиз! Хитойга яна қайтганингиздан мамнунмиз!» деганида юзимга табассум югурар экан, ўзимизнинг назоратчиларнинг муомаласи кўз олдимга келди. Иккинчи самолётга юкларимни топшириш вақтида юкларни қабул қилувчи хоним ойна олдида жой қолмагани, фақатгина йўлак қисмида жой қолганини айтар экан, афсусланиб узр сўради. Охирида «Авиакомпаниямиз хизматидан фойдаланаётганингиз учун ташаккур» деб ҳам қўйди.

Мана шуларни ўйлар эканман, нега бизнинг миллий авиакомпания ўз мижозларига мана шундай муомала қила олмайди деган жавобсиз саволлар шууримда чарх уради. Мен-ку ўзбекман, барчасига андиша қилиб индамай қўя қолишим мумкин, лекин айни бугун давлат бошлиғи туризмни ривожлантирайлик деб тўрт тарафга жар солиб турган бир пайтда мамлакат остонасида сизга нопрофессионалларча хизмат кўрсатишса, қолаверса, қўпол муомаласидан заррача хижолат бўлишмаса, Ўзбекистонга келадиган туристнинг ёки меҳмоннинг диёримиз ҳақидаги илк таассуроти ижобий бўлишига гумоним бор. Миллий авиакомпания бу каби камчиликларни тез орада тузатишига ишонмасам-да, тузатади деб умид қилиб қоламан.


Таҳририятдан: Юртдошларимиздан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси фаолияти билан боғлиқ хотиралари, бошдан кечирган саргузаштлари, парвоз давомида кузатилган ва кузатилаётган кўнгилсизликлар, ходимларнинг қўпол муомаласи, умуман, компания имижига, бунинг ортидан мамлакат имижига соя соладиган ҳар қандай ҳолат ҳақида электрон почтамиз ([email protected]) ёки «Telegram»даги (+99890) 357-97-00 рақамига ёзиб юборишларини сўраймиз. Ислоҳотлар жараёнига Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг!

Изоҳлар 8

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг