Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бир умрлик қўрқув, титроқ ва ҳадик...» — Мутал Бурҳонов нега ёлғиз яшаб ўтганди? (видео)

«Халқ душмани» айблови билан отиб ташланган жадидчи қавмлари ҳамда туғилмаган фарзандлари тақдиридан қўрқув ва хавотирда ёлғиз яшаб ўтган Мутаваккил Бурҳоновни хотирлаб.

Мусиқа, Куй, Оҳанг оғушида умр ўтказган Мутал Бурҳонов ҳақида сўз кетганда, беихтиёр қулоқларимиз остида давлат мадҳияси, «Мафтунингман», «Дўппи тикдим» қўшиқлари жаранглайверади. Уни бастакор, композитор, чолғусоз сифатида биламиз. Камтарона ҳаёт йўли ҳақида ҳам, умрини ёлғиз ўтказгани ҳақида ҳам эшитганларимиз бордир. Аммо.... ҳаёти лаҳзаларини бир умрлик қўрқув, титроқ, ҳадик ва хавотир даҳшати билан жуда кўп қурбонликлар эвазига яшаб ўтгани ҳақидаги ҳақиқатлар кўпчиликка аён эмаслиги бор гап.

Асли исми шарифи Мутаваккил (уни Мутал, дея аташган) Бурҳонов Музаййинович, 1916 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. Оилада беш фарзанд бўлган. Минҳожиддин ва Мисбоҳиддин исмли икки акаси, Моҳида ва Фотима исмли икки опаси бўлган. Отаси Музаййин мадрасада математика фанидан сабоқ берган. Мазҳариддин ҳамда Мукаммил исмли амакилари жадидчилик ҳаракатининг фаоллари бўлишган.

10 яшарлигида отасини ҳам жадидчилар тўдасидан, деб уй қамоғига олишган ва уй қамоғида отаси оғир қийноқлар исканжасида вафот этган.

Мутаваккил Бурҳоновнинг болалиги.

Маълумот ўрнида: Мутаваккил Бурҳоновнинг отаси вафот этган, 1934 йили акаси Мисбоҳиддинга «халқ душмани» айблови қўйилиб, Сибирга сургун қилинган. 1937 йилда кичик акаси Минҳожиддин ва амакилари жадидчиликда айбланиб, қатағон қилинган, 1938 йилда отиб ташланишган.

Мутал Бурҳонов 1928-1932 йилларда Самарқанд мусиқа ва хореография институтида, 1939-1941 ва 1946-1949-йилларда Москва консерваториясида таълим олган. Сергей Василенкодан композиция, Григорий Столяровдан дирижёрлик бўйича сабоқ олган. Қатор камер-вокал ва камер-чолғу асарлар яратган.

1941 йил Иккинчи жаҳон урушида Москва мудофаасида қатнашган. Урушда яраланган ва 1942 йилда урушдан қайтган. 1949-1951-йилларда «Ўзбекистон» радиосида бадиий раҳбар, 1955-1960 йилларда Ўзбекистон Композиторлар уюшмаси бошқарувининг раиси лавозимида ишлаган.

Унинг ижодида вокал мусиқаси, айниқса, романс, жўрсиз хор ва вокал-симфоник жанрлар асосий ўрин тутади. Кўпгина болалар қўшиқларини басталаган ва хор учун қайта ишлаган. Фильмларга мусиқа басталаган. 1992 йил мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси мусиқасини ёзган. Ўзбекистон ССРнинг 1947 ҳамда 1978-йиллардаги мадҳиялари мусиқасини ҳам Бурҳонов яратган.

У оила қурмаган ва камтар ҳаёт кечирган. 2002 йилда вафот этган.

Мутаваккил Бурҳоновнинг пластинкада ёзиб қолдирилган соҳир овозини тинглар экансиз, беихтиёр кўзлар ёшланади: «10 ёшимда ота-онамдан айрилдим. Амакиларим мени Самарқандга олиб кетишди. Катта акам айни кучга тўлган йигитлик чоғида минингит хасталигига чалиниб, вафот этди. Кичик акамга суяниб қолгандим. Амакиларимни эса халқ душмани, деб кўп азоб беришарди. Гоҳ калтакланган кўйи уйга келса, гоҳда тирик қолиш учун зах тупроқлар остига кириб, жон сақлашарди...», — деган.

Шундай кунларнинг бирида катта амакиси Машҳариддин Абдурауф Фитрат билан Туркияга кетган. У ерда университетни битирган. Университетни тугатиб қайтгач, 1938 йилда қамоққа олинган. Машҳариддин Бурҳонов турмада вафот этган. Иккинчи амакиси Мукаммил Бурҳонов Бухоро Халқ Республикаси даврида Адлия вазири бўлган. Уни ҳам «Халқ душмани» айблови билан Москвага олиб кетишган. У ерда Мукаммилни ҳам қамаб, жуда кўп азоб беришган. Мукаммил Бурҳоновнинг отиш олдидан туширилган суратлари оила-аъзоларига жўнатилган.

«Санъатга, мусиқага, адабиётга ошно Мукаммил амакимнинг уйига домла Ҳалим Ибодов, Чўлпон, Ота Жалол, Ота Ғиёс, Левича Ҳофиз сингари улуғ санъат фидоийлари келишарди. У киши танбурни ўзлари чаларди. 8 ёшимда менга танбур совға қилганди. Танбур чертишни аввал амакимдан, кейин устоз ота Ғиёсдан ўрганганман. Кеча-кундуз амаким мени мусиқадан айро туширмасди. Бўш вақтим бўлди, дегунча қўлимга мусиқа асбоблари тутқазарди... Ақлимни анча таниганимдан кейин «умр, ҳаёт оғриқларини шу билан енгишинг, иродали бўлишинг керак» дерди. Ҳа, мен куйга сингдим, инграш азобларида ёндим. Мунгли нолаларда яқинларим дийдор соғинчга айланди, юрагим оҳларини куйга солдим. Наволарда сув бўлиб тўкилдим...», — деган Мутаваккил Бурҳонов.

8 ёшли Мутал танбурнинг нафис садо чиқариши учун амакисининг сўзи билан тирноқларини ўстирган. Кунларнинг бирида амакисининг аёли Мусаббиҳа хоним Мутални чақириб, соғлигига зиён, дея тирноқларини қайчилаб ташлаган..

«Мен ўшанда жуда катта нарсамни йўқотиб қўйгандек қаттиқ йиғлаганман. Тирноқларимни жойига ёпиштириб берасиз, дея кўз ёш тўкканман. Билмаганманки, тирноқлар яна бир ҳафтаўтиб, ўсиб чиқаверади. Лекин, бой берилган умрларни ортга қайтариб бўлмас экан...»,-сўзлаган Мутаваккил Бурҳонов.

Мутал Бурхонов уй-музейи филиали мудири Соҳиб Кабиловнинг сўзига кўра, кичик опаси Фотима амакиларининг чинакам дўсти, мусиқа илми устаси Абдурауф Фитратга турмушга узатишган. Мутаваккил улғайиб, Москвада, консерваторияда таҳсил олиб юрган кезларида акалари ҳамда амакилари дарду-ҳасратида адо бўлган катта опаси Моҳида вос-вос хасталигига чалинган. Шундан сўнг Мутал Бурҳонов опасини ёлғиз қолдирмаслик мақсадида Бухорода яшаб юрган яқин танишлари орқали Самарқандга – амакисининг хонадонига жўнатиб юборишни сўраган. Бироқ, орадан бир ойча вақт ўтар-ўтмас хасталиги ёмонлашган Моҳида амакисининг ҳовлисидаги қудуққа ўзини ташлаб, ўз жонига қасд қилган.

«Шундай кезда Мутал Бурҳонов жуда оғир, тушкун вазиятда қолган. Жондан суйган опасини тақдир тақозоси билан ёлғиз қолдирилганидан фироқ ўтида куйган. Афсуски, маърифатпарвар, зиёли инсон Фитратга турмушга чиққан Фотима ҳам қора жамиятнинг қора қисматига бош эгган. Қомусий билим ва бадиий истеъдод эгаси Фитратга ёш қизга уйланганлик важи билан оилани ажратиб юборишган. Фитрат ҳам «халқ душмани» сифатида отиб ўлдирилгунга қадар то сўнги нафасигача Фотимани юрагида жо айлаб яшаган», — дейди Соҳиб Кабилов.

Суҳбатдош билан Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган Мутал Бурхонов уй-музейига кирар эканмиз, бастакорнинг болалик йилларини акс эттирувчи фотосуратлар, ижод хонасида чолғу асбоблари, эсдалик совғалар, китоблар, ҳужжатлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясининг ноталари билан ёзилган асл нусхаси, унинг ижодини эътироф этиб тақдирланган орден ва медаллари, давлат мукофотлари жой олганини кўрамиз. Деворларда эски суратлар, мусиқа асарларининг ноталари туширилган намуналар, чолғу асбоблари ва қадимий сўзана, сандиқ ва тахмон... Уй-музейнинг Бухоро давлат бадиий меъморчилик музей-қўриқхонасининг филиали мақомида ташкил этилгани мана шундай ноёб буюм ва асарларнинг келажак авлодга тўкис сақланиб қолишига ишорадир.

«Мутал Бурҳонов умрининг сўнгги даврларини 1997-2002 йилларда Бухоронинг ўзи туғилиб ўсган маҳаллада, ушбу уйда яшаб ўтган. Бу ерда бастакор ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ 2 мингдан ортиқ фото суратлар, турли ҳужжатлар, мусиқа асбоблари, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари жамланган. Музей «Мутал Бурҳонов умр йўли», «Бастакор ижод хонаси», «Эътироф, эҳтиром», «Мусиқа тарихи» каби бўлимлардан иборат. Уй-музейида Марказий Осиёда мусиқа санъати ривожланишига оид ҳужжатлар, XVIII асрда Бухорода шаклланган «Шашмақом»нинг дастлабки нотага солиниши, у билан боғлиқ илк тадқиқотлар, Ўзбекистон мадҳияси мусиқасининг яратилиш жараёни акс этган лавҳалар кўпчиликни қизиқтириши, шубҳасиз»,-дейди уй-музей филиали мудири Соҳиб Кабилов.

Ўша кезларда классик санъатни эъзозлаш эмас, таҳқирлаш, тепкилаш, ёқиб, йўқотиш авж олган. Шундай кезларда «халқ душмани» сифатида Сибирларга сургун қилиниб, отиб ташланган яқин қавм-қариндошлардан қолган фотосурат, мусиқа асбоблари ҳамда бошқа буюмларни асраб қолиш ҳам мушкул даврлар бўлган.

«Бироқ, Мутал Бурҳоновнинг қатъиятлилиги, санъатга шайдолиги, ҳар бир буюм ва мусиқа асбобларини жонқадар асраб-авайлаб кела олганини ҳам катта бир қаҳрамонлик, десак адашмаган бўламиз. Уй-музейдаги буюм ва ҳужжатлар бизга экспонат сифатида топширилаётганда, уларнинг худди кечагидек шкафда, сандиқларда авайлаб-асралганини кузатар эканмиз, санъатга шайдо, мусиқага ошно, ўзини куйга бахшида этган бастакор, композиторнинг ғоятда мукаммал инсон эканига яна бир карра иймон келтирамиз», — дейди Соҳиб Кабилов.

Шу жасорати туфайли мумтоз мусиқамизнинг бир қисми авлодларга етказилган. Маълум бўлишича, 1951 йилда ўзбек мақом санъати феодал мусиқа, деб топилиб, Мутаваккил Бурҳоновга «миллатчи» деган тамға ёпиштирилган. Бироқ, кинокомпозитор Монас Ливиев билан ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликдаги ҳаракат мақом санъатининг яна дунё юзини кўришида ҳисса бўлган.

Жаҳон мумтоз мусиқаси дурдоналари қаторидан муносиб ўрин олган, энг сара мусиқий асарлар муаллифи, бастакор, санъат арбоби Мутаваккил ўзбек мусиқа санъати йўлидаги фидоийликлари кўплаб орден ва мукофотлар билан тақдирланган. Айниқса, унинг истиқлол йилларида ижоди юксак қадрланиб, «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирлангани диққатга сазовор.

«Болалик кезларидаги ўта оғир давр изтироблари, ҳар куни хавф ва хавотирда яшаш қўрқинчи, барча оға-ини, яқин қариндошларининг оилавий йўқ қилиниб келгани Мутал Бурхоновни «Оила қуриб, фарзандларни камолга етказсаму, улар ҳам ота-онам, акам, амакиларим ва опаларим сингари мусибатларга кўмилиб, қувғин ва қирғинда қолса-чи?!» — деган ички қўрқув ва таҳликага солиб келган.

У ўзининг «Абадий хотира» асарини йиғлаб ёзган.

«Агар мен Ўзбекистоннинг шундай истиқлолга эришишини билганимда эди, ёлғизликда умр ўтказмаган бўлардим. Қайсидир аёл ёки ҳали туғилмаган фарзандларим эртасини ўйлаш қайғусида Ёлғиз умр йўлини босиб ўтдим.. Акамнинг совет фисқи-фужури ин қурган лагеридан ёзган хатини ўқиб, бўзлаганман. Унда: «Укажон, мен халқ душмани эмасман. Сен менинг Сталинга ёзган бу хатимни Кремлга яқин почтага ташла» деб ёзилганди. Мен уни олдим ва почтага ташладим. Афсуски, 4 йил турманинг аччиқ азобларига гирифтор бўлган акам 1938 йилда отиб ташлаган... Гуноҳсиз айбдор жигарларимнинг номи оқланиб, ҳақиқат қарор топишига орзуманд бўлдим. Мен истиқлол тонгига, мустақиллик ва озодлик бахтига етдим. Армон билан кетган қариндошларим руҳи поклари ҳақи бу кунларга етказганига шукурлар айтдим. Жадидчилик ҳаракати йўлида қурбон бўлган, «халқ душмани» дея аёвсиз отиб ташланган отам, амакилариму акаларим, улар ҳасратида куя-куя адо бўлган опаларим ёди мени бир умр қўрқув ва хавотир исканжасида қолдирди. Болалигим душманзорлараро сўнди. Аждодим ёмонларга қурбон бўлди. Мени ёлғизлик ўтига ташлади. Шундай оғир ва изтиробли умр йўлида мени мусиқа, оҳанг, куй сеҳригина асради. Мунгли нолалардан паноҳ изладим. Куйга сингдим. Оҳангга чўмилдим. Мусиқага нисор бўлдим. Уларни юрак қоним билан яратдим. Улар вақт бешигида менинг мангу авлодим, ўлмас фарзандларимдир», — деган Мутаваккил Бурҳонов.

Луқма: Бухорода Ўзбек мусиқа санъатида чуқур из қолдирган, Давлат мадҳияси мусиқаси асосчиси, умрини санъатга фидо қилган Мутаваккил Бурҳонов номини абадийлаштириш учун ҳеч қандай чора-тадбир белгиланмаган ва такбирли иш бажарилмаган. Маълум бўлишича, унинг номига атаб ишланган ҳайкал 2020 йилдан буён тайёр ҳолатда. Бироқ, ҳайкалтарошга хизмат ҳақи тўланиши пайсалга солиб келинаётгани боис, ҳайкал ўрнатилмаган. Мутал Бурхонов уй-музейи атрофини ҳам гулзор ва сўлим боғга айлантириш, лозим бўлса, унда музиқа ижод уйи мактабини ҳам яратиш Бухоро ва бухороликларнинг ҳамжиҳатликдаги вазифасидир.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг