Президент Европанинг икки давлати раҳбари билан музокара ўтказди
Боку шаҳрида бўлиб ўтаётган COP29 саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Финляндия Президенти Александр Стубб билан учрашув ўтказди.
Кўп қиррали Ўзбекистон-Финландия ҳамкорлигини ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди. Фаол сиёсий ва парламентлараро алоқалар мамнуният билан қайд этилди.
Янги иқтисодий кун тартибини шакллантириш учун металлургия, электротехника, кимё, телекоммуникация ва бошқа соҳаларда саноат кооперациясини ривожлантириш дастурини тайёрлаш таклиф этилди.
Шу маънода, 2025 йил январь ойида Хельсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Таълим ва экология соҳасидаги алмашинувларни мустаҳкамлаш, шу жумладан БМТнинг Оролбўйи учун Траст жамғармаси фаолиятида Финляндиянинг фаол иштирок этиши истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди.
Шунингдек Шавкат Мирзиёев Черногория Президенти Яков Милатович билан учрашув ўтказди.
Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш учун Ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.
Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича асосий битимлар тайёрланади, устувор йўналишларда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир "йўл харитаси" ишлаб чиқилади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter