Новости в нашем Телеграм канале Подписаться ×

Ulug‘bek Oripov

Ba’zan sukut haqiqatdan afzal bo‘lishi mumkin.

Гитлернинг сирли ўлими сабаби ва «Учинчи рейх» интиҳоси — тарихда бугун

Гитлернинг сирли ўлими сабаби ва «Учинчи рейх» интиҳоси — тарихда бугун

Фото:«BBC»

Сирли ўлим ёки Аргентинага қочқинлик ҳақидаги афсона

Адолф Гитлер. Бу номни эшитгач, хаёлга қаттол фюрернинг совуқ нигоҳлари ва Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган миллионлаб инсонлар келади.

Тарихий фактларга кўра, фашистлар доҳийси 1945 йил, 30 апрел куни (бундан роппа-роса 76 йил аввал) Берлиндаги фюрербункерда ўз жонига қасд қилган. Гитлернинг ўлими тарихдаги энг сирли ва яширин ҳодисалардан бири бўлган. Шу сабабли ҳали-ҳануз бу воқеа бўйича турли хулосалар ва гап-сўзлар айтиб келинаётир.

Энг ишончли вариант — 30 апрел санасида Гитлер, унинг рафиқаси Ева Браун ва содиқ хизматчиси Йозеф Геббелс (оила аъзолари билан) бункерда ўз жонларига қасд қилишган. Сўнгра рейх аскарлари уларни ташқарига чиқариб ёқиб юборишган. 2017 йил Россия ФХХ томонидан берилган рухсат асосида Гитлерникига нисбат берилган бош суяги ва тиш протезини ўрганган француз олимлари унинг ўлимдан олдин заҳар қабул қилганини (бу заҳарли цианий кристали бўлгани айтилади) ва бош суягида ўқ излари борлигини тасдиқлаганлар. Фюрернинг шахсий котибаси бўлган Траудль Юнге (унинг хотиралари асосида 2004 йилда «Бункер» номли ўткир сюжетли тарихий филм ишланган) ҳам мазкур ҳолатни тасдиқлаган. Миллионлаб кишиларнинг ёстиғини қуритган ва талотўпларга сабабчи бўлган фюрер фақат ўлимгина уни даҳшатли азоб ва шармандаликдан қутқаришини бот-бот хаёлидан ўтказган бўлса, ажабмас.

Шунингдек, Гитлернинг Аргентинага қочгани ва у ерда умрининг охиригача осуда яшагани ҳақида фараз мавжуд. Аммо тарихчилар наздида бу оддий миф бўлиб, ҳеч қандай илмий асосга эга эмас. Мазкур тафсилотга асосан МРБ вакилларининг Аргентинада жойлашган ва гуёки Учинчи рейхга алоқадор бункердан тилла тангалар ва Гитлер суратлари топилгани ҳақидаги маълумотлари сабаб бўлди. Лекин уларга суянса бўладиган асоснинг ўзи йўқ. Аммо Аргентина Иккинчи жаҳон урушидан сўнг айрим «омади чопган» гитлерчилар учун дуруст ва хавфсиз бошпана бўлгани маълум. Чунки ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган аҳолининг аксар қисми Италия, Германия ва Испания каби ўша пайтда фашистик диктатура ҳукмрон давлатлардан келган кишиларнинг авлодлари бўлган. Гитлер ҳокимиятига нисбатан пинҳона ҳайрихоҳ бўлган президент Хуан Доминго Перон режими ҳам уларнинг кўкрагидан итармаган.

Нега айнан «Учинчи рейх»?

Гитлер тузган давлат — «Учинчи рейх» номи узоқ тарихга бориб тақалади. Бу иборани фанга немис ёзувчиси Мёллер ван дер Брук киритган. Биринчи ва иккинчи рейх тўққизинчи асрда Карл Буюк тузган давлат ва Кайзер Германиясини ифодалаган, нацистлар наздидаги учинчи «Буюк Германия» минг йил яшаши лозим эди. Бу давлат Биринчи жаҳон урушидан кейинги оғир йилларда вужудга келган демократик Веймар Республикасининг интиҳоси эди, агар республика ҳалокатга учрамаса, инсоният XXI асрни бошқачароқ кутиб олиши, сиёсий тенденциялар эврилиши нисбатан секин кечиши мумкин эди.

Аммо сўнгги тоталитар герман давлати ўз доҳийси сингари 1945 йил баҳорида, 12 йил яшаб ер билан яксон бўлди.

1942 йилда Европадаги вазият. 

Гитлер ҳокимиятга келмаслиги мумкин эдими?

Ҳа, бу содир бўлиши мумкин эди. Тоталитар етакчининг ҳокимиятга келишида аввало 1929-1932 йилларда содир бўлган Буюк депрессиянинг ўрни бор. Ушбу инқироз сабаб Германиядаги ишсизлари сони 6 миллиондан ошиб кетди. Аҳоли орасида радикал кайфият ўсди. Оғир аҳвол ва немис коммунистлари обрўсининг ошиб бориши Гитлерни ҳаракат қилишга ундади.

Немис тарихчиси Детлев Пойкерт республиканинг ҳалокати ва нацистларнинг келишини қуйидаги муаммолар билан боғлайди:

1. Антидемократик қарашнинг ўсиши.
2. Ишчилар ҳаракатидаги бўлиниш.
3. Республика сиёсий механизмларининг мўртлиги.
4. Версал шартномаси.
5. Иқтисодий инқироз ва Национал-социалистик партия.

Шундай вазиятда коммунистлардан қутилишга ҳаракат қилган қатлам ва сиёсий элита бошқа бир аждарҳо — национал-социалистларнинг ҳокимиятга келишига йўл очиб берди. Франция ва Буюк Британиянинг журъатсизлиги ва лоқайдлиги, жаҳон ҳамжамиятининг дастлаб нацизмга қарши сепарастик сиёсати Гитлернинг ташқи экспанциядаги муваффақиятларига сабаб бўлди. Оқибатда немислар фюрер тимсолида Германиянинг шон-шуҳратини қайтарувчи кучни кўрдилар.

Францияни забт этган, аммо Эйфелга чиқа олмаган Гитлер

Адолф Гитлер — қаттол ҳукмдор бўлган, аммо унга оид қизиқ фактлар талайгина. Французларда бир гап бор: «Гитлер Францияни босиб олишни уддалаган, аммо Эйфел минорасини эмас». Гап шундаки, Парижни ташлаб чиқиш асносида французлар миноранинг лифтини бузиб кетишади. Натижада фюрер минорага қадам ранжида қилиш имконидан мосуво бўлади.

Фото:«Live Journal»

Гитлер икки бора рассомчиликка қабул имтиҳонидан йиқилган, агар у ўқишга кирганида тақдири бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин эди.

1939 йилда Гитлерга тинчлик учун Нобел мукофотини беришмоқчи бўлган. Аммо худди шу йили у Европада кенг қуролли ҳаракатларни бошлаган.

Совет армияси сафида Иккинчи жаҳон урушида Семен Константинович Гитлер исмли аскар хизмат қилган. Қизиғи у яҳудий миллатига мансуб бўлган.

1894 йилда музга йиқилиб, сув остида чўкиб кетиши мумкин бўлган беш яшар Гитлернинг ҳаётини бир руҳоний сақлаб қолган. Албатта, у ўзи қутқарган бола келажакда мисли кўрилмаган фалокатларга сабабчи бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган.

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети