Мобильное приложение Xabar.uz для Android устройств. Скачать ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Скачать ×

МИБнинг иши тўйни бузиш бўлиб қолдими?

МИБнинг иши тўйни бузиш бўлиб қолдими?

Иллюстратив фото

Бир ҳақиқатни унутмаслик керак: ҳар қандай вазиятда ҳам энг одил баҳони халқ беради. Халқ розимасми, демак тизим тўғри ишламаяпти. Тизим тўғри ишламаса, кескин қаршиликлар ва танқидлар ёғилаверади. Турли «пиар»лару бошқа усуллар билан бироз ҳовурни босиш, вазиятни юмшатиш мумкиндир, лекин қарашларни тўлиқ ўзгартириб бўлмайди. Қараш ва муносабат — қилинадиган ишнинг тўғрилиги, қонунийлиги ва инсонийлиги билангина ўзгариши мумкин.

Тизим зиммасига қарздорликни ундириш юклатилган бўлса, бу — топшириқни исталган усулда бажариш мумкин дегани эмас. Мана, шу кунларда солиқ идораси билан боғлиқ ишда кўрдик. Идора масъуллари блогерларни солиққа тортиш ҳақида гапира туриб, агар солиқ тўланмаса, блогернинг техника воситалари олиб қўйилиши мумкинлиги ҳақида айтиб юборишди. Бу кескин баҳсни юзага келтирди. Чунки ҳеч кимнинг мулкини суд қарорисиз олиб қўйиш мумкин эмас.

Кейин бир блогер ўз дардини очиб қолди: 8 июнь куни нотаниш одамлар унга қўнғироқ қилиб, саҳифасига рекламасини жойлашга келишиш учун Тошкент вокзали яқинидаги автомойка олдига чақиришган. Учрашувда шартлар келишилган ва хизмат ҳақи учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона одамлар етиб келишган. Айтишларича, улар «налоговый»дан экан.  Улар блогерни Миробод туманидаги солиқ бўлимининг 409-хонасига олиб кириб, қўлидаги телефонини олиб қўйишган, ҳаттоки касал ётган аёлига қўнғироқ қилишга ҳам рухсат беришмаган. Тўрт кундирки, на телефонини ололган, на «Инстаграм»даги саҳифасига киролган (улар саҳифадаги паролларни ўзгартириб ташлашган). Камига шунча кундан бери телеграм ва бошқа тармоқдаги ёзишмаларини ўқиб боришган.

«Бунга уларнинг ҳаққи борми? Шахсий маълумотларни ўқиётган одамларга ҳеч қандай жавобгарлик йўқми?» деб зорланади блогер.

Энг даҳшатлиси, бу салкам «қароқчилик»ни кўчадаги қандайдир безорилар ёки жиноий тўда эмас, давлат ташкилоти — фуқаро ва тадбиркорларнинг қонуний фаолият олиб боришини назорат қиладиган орган вакиллари амалга оширишяпти.

Давлат солиқ қўмитаси вазиятга дарҳол муносабат билдирди. Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев асоссиз ёки аниқ бўлмаган маълумот берган ходимларга ҳайфсан берилганини, телефони олиб қўйилган блогер йигитдан узр сўраб, унинг тегишли тартибда рўйхатдан ўтиб, фаолиятини давом эттириши учун қўлидан келган ёрдамини беришга тайёрлигини билдирди.

Ҳар қандай тизимдаги нуқсонлар оқибатда шундай кўнгилсизликларни келтириб чиқаради. Ва қайсидир ҳолатда, қайсидир ходимларга ҳайфсан берилиши, огоҳлантирилиши, ишдан олиниши билан барчаси ўз изига тушиб қолмайди. Ҳудуд раҳбари бир тизим бошлиғига «ичагингни бошингга салла қиламан» деб турса, бундан ғазабнок бошлиқ кейин ходимларини уриб-сўкиб, ҳар қандай усулда бўлса ҳам вазифани бажаришни талаб қилиб турса, албатта, давлат ташкилотлари томонидан халққа нисбатан қонунбузилишлар, ҳуқуқ топталишлар давом этаверади.

Кеча, интернет нашрларнинг бирида эълон қилинган «МИБ алимент пулини тўламай юрган фуқарони тўйида шарманда қилди» сарлавҳали хабар бунга яққол мисол.

Эмишки, олтинсойлик Жўрабек Муродовнинг (исм, фамилияси ўзгартирилган) никоҳ тўйида кутилмаган воқеа юз берибди. Кўпчилик меҳмонлар қатори тўйга мажбурий ижро бюроси ходимлар ташриф буюриб, куёв болага ижро ҳужжатларини тақдим этишибди. Маълум қилинишича, Ж.Муродов бир неча йиллар олдин биринчи оиласи билан ажрашган. Шу боис Олтинсой тумани маъмурий суди томонидан унга 3 нафар фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент тўлаш мажбурияти юклатилган. Ж.Муродов фарзандларининг моддий таъминоти учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб юргани учун у навбатдаги уйланиш тўйида шарманда қилинган.

«Тўй маросимига келган меҳмонлар унинг қилмишларини эшитиб, ҳайратдан ёқа ушлашди», деб мақтанади МИБ ўзининг «таъсирли» чорасидан.

Аслида Ж.Муродовнинг қилган номардлик қилмишиданам, МИБ ходимлари тутган йўлдан кўпроқ ёқа ушлаш керакмасми?!

Голливудда ишланган «Танишинг, Жо Блэк» киносини кўпчилик кўрган. Мистика жанрида суратга олинган бу фильмда бир йирик компания раҳбари (Энтони Хопкинс ижросида) олдига унинг жонини олиш учун Ўлим (Бред Питт ижросидаги) келади. Ҳатто Ўлим ҳам бир инсоннинг жонини фарзандлари, яқинлари кўз ўнгида олишни истамайди, унинг тантанали ташкил этилган юбилей кечасини меҳмонлар даврасида кутиб олишига имкон беради...

Бу кино, албатта. Аммо унда ҳатто Ўлим ҳам «инсонийлик» қила олади. МИБчи? Қонунийликни таъминлаши керак бўлган бюрода шундан (ноинсоний) бошқа йўл қолмаганмиди? Хўп, Жўрабек Муродов суд ҳукмига кўра қонунбузар, жавобгарликка тортилсин, бемалол. Лекин эл кўз ўнгида шарманда бўлган ота-онаси, ака-ука, опа-сингил, яқинларичи? Уларнинг нафсониятичи? Тўйда оқ либос кийган келин, унинг ота-онаси ва яқинларининг обрўйию шаъничи?..

Бош прокуратура ҳузуридаги бюрога Конституциядаги моддалар, Фуқоролик кодексию бошқа қонун ҳужжатларида ҳимояланиб қўйилган инсон шаъни ва ҳуқуқлари ҳақида ваъз ўқиб ўтириш ортиқча бўлса керак.

Ўтган йили тўй кортежи билан боғлиқ ҳодисадан кейин Ёшлар иттифоқи раҳбарининг қай аҳволга тушганини биласиз-а? МИБчиларнинг бу иши ўша воқеадан кам эмас.

Балки эртага бюро воқеа нотўғри талқин қилинганини айтиб чиқар, «қонунан ҳақ» эканлигига ишонтиришга уринар, балки бу ишни қилганларга ҳайфсан, огоҳлантириш берар, лекин бу билан ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Иш услубига ёндашувни ўзгартириш лозим, аввало. Қонун, ҳуқуқ қанчалик уларнинг «қўлида» бўлмасин, инсонийликни ҳам унутмасликлари керак. Кейин қайсидир ходимининг ҳақоратланиши, калтакланиши, жонига қасд қилинишига одамлар эмас, айнан шу тизим, унинг иш тартиби, тутуми ва бунга йўл очиб қўйганлар жавобгар. Ҳар бир жон учун, синиққан қалблар учун жавобгар.

Солиқчи солиғини, МИБчи тўловини ундириши учун, «мелиса» пропискани деб, яна бошқа амалдорлар шахсий манфаатлару, мансаб учун минглаб инсонлар шаънини, қадр-қимматини топташгача боришмасин, ахир бу — ўзимизнинг халқ, ўзимизнинг одамлар... Ҳаммага жиноятчидек қарашни бас қилинг! 

Комментарии 0

Зарегистрируйтесь, чтобы оставлять комментарии

Вход

Заходите через социальные сети