Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилади

Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилади

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенатнинг йигирма иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ёшлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунни ҳам муҳокама қилдилар.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда ёшлар билан ишлашнинг бутунлай янги тизими яратилиб, Ёшлар ишлари агентлиги фаолияти йўлга қўйилди. Ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш агентликнинг асосий вазифалари сифатида белгиланган.

Ушбу вазифа ва ваколатларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш мақсадида янги Қонун билан «Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида»ги, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги ҳамда «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга қўшимчалар киритилмоқда.

Махсус ваколатли давлат органи сифатида Ёшлар ишлари агентлигига ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат олиб бориш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда иштирок этиш, ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф қилиш ҳақида давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш ваколатлари берилмоқда.

Шунингдек, махсус ваколатли давлат органи ва унинг ҳудудий бошқармалари давлат органлари ҳамда ташкилотларига ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқариш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва дастурларнинг ижроси тўғрисида асослантирилган тушунтиришлар тақдим этиш талаби билан сўровлар юборишга ҳақли эканлиги белгиланмоқда.

Ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари махсус ваколатли давлат органи билан мажбурий тартибда келишилиши қонунан мустаҳкамланмоқда.

Қонун билан Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоялаш соҳасидаги ваколатлари белгиланмоқда.

Муҳокамада сўзга чиққан сенаторлар бугунги кунда ижтимоий тармоқларда ёшлар томонидан содир қилинаётган ҳуқуқбузарликлар, хусусан, безорилик акс этган видеолавҳалар кенг тарқалаётганини таассуф билан таъкидлаб, бундай лавҳаларни болаларсоғлиғига зарар етказувчи ахборот сифатида баҳоладилар. Мазкур ҳолатларнинг олдини олишда эндиликда Ёшлар ишлари агентлигига қатор ваколатлар берилаётгани мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар.

Бир сўз билан айтганда Қонун қабул қилиниши ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларнинг назоратсизлиги ва ҳуқуқбузарлиги профилактикаси, болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш соҳасидаги Ёшлар ишлари агентлигининг ваколатларини ҳуқуқий жиҳатдан белгилашга ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини такомиллаштиришга асос бўлади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг