«Янги Ўзбекистон» массивларини қуришда янги тартиб жорий этилади
Президент раислигида ўтаётган йиғилишда ҳамма ҳокимлар ҳам қурилишнинг иқтисодиётимиз учун, аҳоли фаровонлиги учун қанчалик муҳимлигини тушуниб етмаётгани кўрсатилди.
Ўтган йили уй-жой қурилишида Тошкент шаҳри, Навоий, Бухоро, Хоразм ва Самарқандда ишлар яхши ташкил қилингани айтилди.
Лекин «Янги Ўзбекистон» массивларидаги ишларнинг бориши қониқарсиз экани қайд этилди.
Қорақалпоғистон, Жиззах ва Сирдарёда эса инфратузилма ва қурувчилар билан ишлаш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Хоразмда 98 та, Бухорода 65 та, Жиззахда 19 та, Навоийда 12 та аукционда сотиб олинган ерда қурилиш бошланмаган.
Баъзи хонадонлар аҳоли ва инфратузилмадан узоқ, талаб бўлмаган жойда қурилгани учун бир йилдан бери сотилмаяпти.
«Янги Ўзбекистон» массивларини қуриш бўйича мутлақо янги тизим йўлга қўйилиши таъкидланди.
Энди «Янги Ўзбекистон» массивига берилган ер бўйича лойиҳалашни 2 ойдан, қурилишни бошлашни 3 ойдан оширишга йўл қўйилмайди. Бу талаб бузилса, ер қайтариб олиниб, қайта аукционга чиқарилади.
Лойиҳа экспертизасини ўн беш кундан ўтказиб юборган ташкилотларнинг лицензияси тўхтатиб қўйилади.
Қурилишда «эскроу» тизими жорий қилинмоқда. Бу тизим девелоперларга ҳозиргидан пастроқ ставкада маблағ жалб қилиш имконини беради. Муҳими, девелоперларни молиялаштириш уй қуриш билан бирга бошланади ва давом этади.
Фуқаролар эса қурилиш бошидан ипотека ва субсидия олиш ҳамда уй битмасдан туриб ҳам бошқа одамга сотиш имконига эга бўлади. Бу билан уй сотиб олувчилар кафолатли ҳимояланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter