Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хизмат кўрсатиш соҳаси: алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига талаб ортган

Хизмат кўрсатиш соҳаси: алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига талаб ортган

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти 2022 йилда Ўзбекистонда хизматлар соҳасининг ривожланишини ўрганиб чиқди.

Ўрганишларга кўра, хизматлар соҳасидаги ўсиш 2021 йилдагига нисбатан 15,9 фоизни  ташкил этди. Бу кўрсаткич асосан алоқа ва ахборотлаштириш, таълим, яшаш ва овқатланиш, кўчмас мулк, ижара, транспорт ҳамда молиявий хизматлар каби йўналишлардаги сезиларли ўсиш (12-29,5 фоиз) ҳисобига таъминланди.

Аҳолининг реал даромадлари юқори бўлган Тошкент шаҳри билан бир қаторда, Наманган, Бухоро, Жиззах вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам хизматлар соҳасида юқори ўсишга эришилди. Бутун мамлакатдаги каби бу ҳудудларда ҳам асосан молиявий хизматлар ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларига талаб юқори бўлди.

Андижон ва Сирдарё вилоятларида хизмат кўрсатиш соҳасидаги ўртача ўсиши суърати (12,5 -13 фоиз) бироз пасайди. Бунга мазкур ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасининг асосий йўналиши бўлган савдо ва транспорт хизматларининг (жами хизматлар ҳажмидаги улуши мос равишда 50,6 фоиз ва 38,2 фоиз) ўсишидаги секинлашиш сабаб бўди.

Мамлакат ҳудудларида хизматлар соҳасида қандай таркибий ўзгаришлар рўй берди?

Биринчидан, 10 та ҳудудда ЯҲМ таркибида хизматлар соҳасининг улуши ортиши таъминланди (ЯИМ таркибидаги улуши 2021 йилдаги 39,6 фоиздан 2022-йилда 41,5 фоизга ортди).

Маълумот учун, Россия Федерациясида ЯИМ таркибида хизматларнинг улуши 68 фоиз, Қозоғистонда 64 фоиз, Беларусда 59 фоиз, Жанубий Кореяда 60 фоиз ва ривожланган давлатларда 74 фоиздан юқори.

Ҳудудлараро тафовутларни (Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда) 2 баробардан 1,9 баробаргача қисқартиришга эришилди.

Аксарият ҳудудларнинг (8 та ҳудуд) республика бўйича хизматлар ҳажмидаги улуши (Тошкент шаҳрини ҳисобга олмаганда) ортди.

Ҳудудларда хизматлар соҳасининг ривожланиш даражаси қандай?

Мамлакатнинг кўпгина ҳудудларида (7 та ҳудуд) аҳоли жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 5-6 млн сўм оралиғида бўлиб, Навоий, Тошкент ва Бухоро вилоятларида бу кўрсаткич 7,9-10,0 млн. сўмни ташкил этди.

Тошкент шаҳри 47,2 млн. сўмлик кўрсаткич билан бу йўналишда ҳам етакчи мавқега эга.

Умуман олганда, хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар бир томондан, бандликни, шу жумладан, ўз-ўзини банд қилиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг асосий омили ҳисобланса, бошқа томондан, ҳудудлар иқтисодий ривожланишининг потенциал драйвери бўлиб хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг