Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Хитойга саёҳат ёхуд аёли ташлаб кетганидан кейин спорт билан шуғулланишни бошлаган эркак ҳикояси

Хитойга саёҳат ёхуд аёли ташлаб кетганидан кейин спорт билан шуғулланишни бошлаган эркак ҳикояси

Ишдан сўнг катта опам билан 10 минг қадамдан 20 минг қадамгача юрадиган одатимиз бор. Юрганда ҳам биз икковимиз бир тез, бир секин юриб, атрофни томоша қилиб кетамиз.

Юришимизни Анҳор боғидан бошлаб, охири «Сквер»дан худди шу йўналиш билан қайтиш билан тугатамиз. Бу юришимизга тахминан бориш келиш билан агар тўхтамасак, 3 соатча вақт кетади. Орада қаҳва билан турк чойи ҳам ичиб оламиз. Анҳор бўйлаб юраркансиз, сувнинг салқини юзингизга ёқимли бўлиб урилади. Пиёда юриш пайтида кайфиятингиз, юриш тезлигингиз ёнингиздаги шеригингизга боғлиқ бўлади. Яъни унинг ўзини қандай ҳис қилиши, позитив ёки негатив фикрлар гирдобида экани, сизга таъсир қилмасдан қолмайди. 

Менинг энергетикам опам билан зўр тушган. Чунки айнан шу йўналишда бошқа бир инсонлар билан юрсам чарчаб қоламан. Пиёда юриш пайти опам билан лирик чекиниш қилиб, инсон ҳаётининг моҳияти ҳақида гаплашиб кетамиз. Ҳар сафар юрарканман, ўзимни ҳозир ва шу ерда бахтли эканимни бир кун аввалгидан бошқачароқ ҳис этаман. Балки шунинг учун ҳам кечки сайрларим мен учун одат эмас, янги бир саёҳат каби қалбимда ўзгача ҳис қолдирар...

Ҳозир ҳам ушбу сатрларни таниш қаҳвахонада, иссиққина жемферимни кийиб, американо билан аччиққина чой ичган ҳолда ёзяпман. Ёнимдаги столда корейслар завқ билан суҳбатлашишяпти. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Икки стол нарида ўсмир ёшидаги 3 қиз ва бир йигит мазза қилиб кулишиб ўтиришибди. Яна корейсларга қарайман. Ўзлари озғин бўлсалар ҳам роса кўп овқат буюртма қилишибди. Тавба, дейман ўзимга, агар мен шунча овқатни еб қўйсам борми, бир ойни ичида салом 10 килограмм, деб ортиқча вазнларни кутиб олишим аниқ.

Қизиқ, аввалари кўчада сайр қилсамда, атрофдаги инсонларга эътибор бермас эканман. Демак, мен ўша вақтнинг ўзида яшамаганман. Ўтмиш ва келажак хаёларимни буткул эгаллаб олган. Бўйним қотиб қолганини ҳис қиляпман. Соат кечки 9 га яқинлашиб қолди. Эртага душанба бўлса ҳам ҳамма бемалол ўтирибди. Тезроқ уйга борай, эртага ишга ёки ўқишга тайёрланишим керак демайдия. Ўзимчи, дейману, шу заҳоти юзимга табассум югуради. Биз ўтирадиган ва юрадиган йўналишимизда кўпчилик бизни, биз ҳам уларни таниб қолганмиз. Инсонларни кузата бошлашимни сезганимдан сўнг, ўзимдан-ўзим хурсанд бўлиб кетишни бошладим. Ҳозирнинг ўзида ўзимни бахтли ҳис қилишим осонлашганининг сабаби балки менинг мана шу сайрларимдир. Официант иккита катта тарелкада ўсмирлар ўтирган столга таом олиб келди. Тоамнинг қандайлигини кўролмадим. Кузатув — ҳаммани муҳокама қилиб, уларни ғийбат қилиш, деб ўйласангиз, адашасиз. Инсонларни кузатиб, кўп нарсалар ҳақида фикрлай олиш қобилиятингиз борлигини аниқлайсиз. Узоқдан жонли тарзда «Биз меҳрибон оиламиз» деган қўшиқ янграяпти. Мана шундай сайрларимиздан бирида опам менга доим қаҳва оладиган жойимиздаги эркак билан суҳбатлашиб қолганлари ҳақида гапириб қолдилар. Менсиз юрган пайтлари ўша йигитнинг суҳбати қизиқ бўлган бўлса керак, ўйлайман ўзимча.

— Биласанми, Феруз, «Сквер»да қаҳва оладиган жойимиз борку, ўша қаҳва сотувчи эркакнинг аёли фарзандларини унга ташлаб кетиб қолибди.

— Вой, тавба, эрсиз яшаш мумкинлигига ақлим кўнади, аммо фарзандсиз яшаш мумкинлигини хаёлимнинг бир чеккасига ҳам келтира олмас эканман, — ўша эркакнинг болаларини кўрмаган бўлсам ҳам, уларнинг хомуш қиёфалари кўз ўнгимда гавдалана бошлайди.

— Мен айтмоқчи бўлганим умуман бошқа нарса. Хуллас, ўша эркак росса озиб кетиб, депрессияга тушиб, 2 ой шундай ҳолатда қолибди. Сўнгра мен айтган усулни синаб кўрибди.

— Қайси усул, — бирданига ўша эркакнинг болалари  хаёлимдан булут каби тарқай бошлайди.

— Ангренга бориб, сакрашни айтяпман.

— ААА, уми? Сакрабдими? – шу дам ўзимнинг сакраганим кўз олдимга келишни бошлайди. Сакраганимни деталигача эслашга ҳаракат қиламан. Агар билмасангиз, мен сизга ўша сакрайдиган жой ҳақида қисқача айтиб бераман. Ангреннинг Янгиобод деган жойида «Турбаза» деб аталган дам олиш маскани бор. Ҳозир расмий равишда у жойнинг «Турбаза»ми ёки «Турбаза» эмасми, рости аниқ билмайман. Аммо «Турбаза» десангиз, ҳамма билади. Хуллас, бундан бир ойча аввал опам ўша жойга Москвадан келган дугоналари билан бирга мени қизим билан олиб бордилар. Ўша куни қизимнинг туғилган куни эди. Маълумот учун, у 14 ёшга тўлди. Унга ҳам сакраш мумкин экан. Махсус арқонли кийимларни кийиб олиб, сакраганда ҳамма масъулиятни ўз бўйнимга оламан, деб етмаганига қўл ҳам қўйиб бердим. Нархи қизиқ бўлса, уни ҳам айтиб ўтишим мумкин. Бир кишига 300 минг сўм. Қайта сакрасангиз, текин дедими ёки 50% лик чегирмами, ҳозир аниқ ёдимда йўқ. Хуллас, қўлларни қўйиб, барча хавфсизлик чоралари билан қуролланиб, махсус каскани ҳам кийиб тайёр бўлиб турасиз. 35 метрлик баландликдан сакрашга у ердаги йигитлар ёрдам бериб юборишади. Тарзанкадан сакраркансиз, узоқ муддат тепадан пастга қараб туришингиз тавсия қилинмайди. Қўрқув бутун вужудингизни қамраб олиб, сизни сакрашга қўймаслиги мумкин. Бир, икки, уч, дейилиши билан йигитлар ортингиздан енгилгина итариб юборганларини сезмай ҳам қоласиз. Сакраганимда бирданига кўз олдим қоронғулашиб кетди. Кейин қарасам, ҳалиям тепадан пастга тушаётган эканман. Опамнинг айтишларига қараганда, ўша пайтда мия бир ўчиб ёнарканда, ҳаётингизга бошқачароқ назар билан қарашни бошларкансиз. Ўша пайт миям ўчиб ёндими ёки кўзларимми аниқ ёдимда йўқ. Аммо ўлим билан юзма-юз келган инсон учун майда муаммолар асталик билан аҳамиятини йўқотишини ҳис қилдим.

Энди келинг, ўша эркакнинг воқеасига қайтамиз. Опамнинг айтишларича, эркак депрессиядан чиқиш учун мен айтган жойга бориб, икки маротаба сакраб келибдида, кейин ишига қайтибди. Ҳаёти асталик билан изига тушаётган экан. Опамнинг сўзларидан уни эслашга уриндим ва эсладим ҳам. Тавба, дейман ўзимга – ўзим авваллари эридан кетиб қолган аёлларни, нафақат аёлларни, балки ўзини доимгидан ноодатий тутадиган инсонларни муҳокама қилишни «ёрворардим». Ҳозир эса нима учундир аёлнинг хатти-ҳаракатларига изоҳ бергим келмади ҳам. Ҳамманинг ҳаёти ўзига маълум. Биз уни баҳолаб, бир нима дейишга ҳаққимиз ҳам йўқ, устига-устак қиммат вақтимизни шунга сарфлаб барака ҳам топмаслигимизни сўнгги пайтларда англаб боряпман, шекилли. Хуллас, эркакни яқиндан танимасам ҳам ҳаёти асталик билан изига тушаётганидан хурсанд бўлиб қўйдим.

Навбатдаги сайримизда опам билан ўша жойга ўтдик. Эркак бизга қаҳва қилиб бераркан, унинг елкаларига кўзим тушди:

— Спорт билан шуғулланасизми? – деб сўрадим русчасига. Айтганча, у эркак рус миллатига мансуб. У эса менга мамнун ҳолатда қараб:

— Уйланганимдан кейин спортни ташлаб қўйгандим. Ҳозир яна шуғулланишни бошладим, — эндигина 30 ёшни қаршилаган эркакнинг юзидаги қизилликни кўриб, анча ўзига келиб қолибди, деб унга баҳо бериб қўйдим. Опам бўлсалар унинг ҳаётига қизиқиб қаҳва тайёр бўлгунча савол беришни бошладилар.

— Болаларингизга ким қараяпти?

— Аёлим билан мен галма – галдан.

Эркакнинг гапларидан кўнглим жойига тушгандек бўлди, ана аёли қарар эканку, болаларини отасининг ўзига ташлаб қўймаптику. Мана шулар ҳақида ўйлаётиб, кўзим пештахтадаги банкага тушди. Унга қўлда бир нималар ёзилганди. Ёзувни ўқимоқчи бўлиб, тикилдим. «На поездку в Китай» (Хитойга саёҳат учун). Эркак бу банкани мижозлар учун қўйиб қўйганди, яъни унинг саёҳатига одамлар беминнат ёрдам қилгилари келса, пул солиб қўйишлари учун.

— Хитойга бормоқчимисиз? – хаёлимга келган гапни овоз чиқариб айтдим.

— Билмасам, пул йиғяпман, балки Хитойга борарман, балки бошқа жойга.

— Асло, бошқа мамлакатга дея кўрманг. Албатта, Хитойга боринг.

Нима учун бундай дедим? Айни шу кунларда Дэвид Кэмерон Дижкандининг «Пул билан тўлган, бахтли ҳамён» деб номланган китобининг аудиосини эшитиб юргандим. Унда инсон бирор мақсад қўйган маҳал уни ўзгартирмасдан айнан ўша мақсад ила юриши айтиб ўтилганди. Нима учун? Тасаввур қилинг, дейилади китобда. Сиз чет элга саёҳат қилмоқчи бўлиб, саёҳат агентлигига келдингиз. Сиз у ердагиларга бир вақтнинг ўзида ҳам Европага, ҳам шарққа бормоқчи эканингизни айтдингиз. Хўш, улар нима қилишади? Улар сизни ҳеч қаёққа жўната олишмайди. Аммо сиз иккиланяпсиз. Туркияга кетсаммикан ёки Италияга? Ҳали ҳам ўйланяпсиз... мақсад ҳам шунга ўхшайди. Ҳар сафар мақсадингизни ўзгартираркансиз, бир нуқтадан ҳам жисмонан, ҳам руҳан жилолмайсиз. Шунинг учун ҳам мен эркакка мақсадини ўзгартирмаслиги лозимлигини айтдим. Бунга яна бир сабаб бор эди. Мабодо сиз бирор нима учун пул йиғиб, уни бошқа нарсага ишлатиб юборсангиз, кейинги сафар онгингиз унга ваъда қилинган нарсани олмагани учун сизнинг пул топишга бўлган шижоатингизни ўзингизга билдирмаган ҳолда сўндиради. Яъни сиз чарчаб кетаверасиз. Ишдан оладиган завқингизни йўқотиб қўясиз. Мен эса нима учундир, ўша эркакни ниятига етишини жуда истадим.

Аслида ҳаёт ҳақиқати ҳам шундай. Ёнингиздаги ёки сиздан узоқда бўлган инсоннинг муваффақияти ҳақида эшитиб, билиб, кўриб қолган пайтингиз, ҳудди сизнинг ўзингиз бунга эришгандек хурсанд бўлишингиз керак. Ана шу шукроналик ва бахт ҳисси кейинчалик сизнинг бошлаган ишларингиздаги баракани ўзи билан олиб келади. Айни дамларда шу сатрларни ўқиётган азиз, ўқувчим, сизга инсон учун энг муҳим бўлган қалб хотиржамлигини тилайман. Агар сиз ҳам менга шуни тиласангиз, сиз учун қилган ижодимдан олган англовларингиз билан бўлишинг.

Феруза Умрзоқова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг