«Толибон» Ўзбекистондан ҳарбий учоқларини қайтаришни сўраяпти
![«Толибон» Ўзбекистондан ҳарбий учоқларини қайтаришни сўраяпти](https://static.xabaruz.com/crop/8/3/920__95_831815348.jpg)
«Толибон» ҳукуматининг Мудофаа вазирлиги 3,5 йил муқаддам Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган ҳарбий техникаларни қайтаришни сўрамоқда.
Баёнотда, жумладан, жорий йил 4 февраль куни «Америка овози» нашри маълум қилган 7 та вертолётнинг Ўзбекистондан АҚШга ўтказилганига оид хабарга ҳам муносабат билдирилади.
«Ислом Амирлиги бу масаладан хавотирда, чунки бу вертолётлар Афғонистонга тегишли бўлиб, аввалги маъмурият амалдорлари қочиб кетганидан кейин Ўзбекистонга олиб ўтилган, шунинг учун уларни Афғонистонга қайтариш керак.
Бу вертолётларнинг ҳар қандай сабабга кўра АҚШга ўтказилиши биз учун қабул қилиниши мумкин эмас», – дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, Афғонистон халқи ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва сўроқ қилиш ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда қўшни давлатлар ҳам афғонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлайди.
«Биз АҚШдан ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтаришда тўсиқларни кучайтирмасликни, аксинча уларни афғонларга топширишларини талаб қиламиз», – дейилади «Толибон» ҳукуматининг Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг август ойида афғон ҳарбийлари томонидан Ўзбекистон ҳудудига Embraer EMB 314 Super Tucano ва Pilatus PC-12 русумдаги 22 та ҳарбий самолёт ва UH-60 Black Hawk, MD-530 ва Mi-17 русумдаги 24 та вертолёт олиб ўтилган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter