Ўзбекистон элчихонаси Россиядаги муҳожирларни огоҳликка чақирмоқда
![Ўзбекистон элчихонаси Россиядаги муҳожирларни огоҳликка чақирмоқда](https://static.xabaruz.com/crop/2/8/920__95_2816749247.jpg)
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси жорий йилнинг 5 февралидан бошлаб Россия ҳудудида мамлакат ИИВ томонидан юритиладиган «назорат қилинадиган шахслар реестри» юритила бошлаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, ушбу реестрга миграция қонунчилиги соҳасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган чет эл фуқаролари киритилган. Мазкур меъёрий ҳужжатга мувофиқ, реестрга киритилган чет эл фуқаролари Россиядан чиқиб кетишлари ёки 2025 йил 1 январдан 30 апрелгача бўлган даврда ўзларининг ҳуқуқий мақомларини ҳал қилиш учун ўзлари истиқомат қилиб турган жойдаги Россия ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органига ёки «ПВС» (паспортно-визовый сервис) федерал давлат унитар корхонасининг филиалига мурожаат қилишлари шарт.
«Шунингдек, Москва шаҳрида жойлашган чет элликлар учун «Сахарово» кўп функцияли миграция марказига мурожаат қилишлари талаб этилади.
Россия томони маълумотига кўра, «Амнистия» даврида ушбу Фармонга биноан, чет эл фуқароларига нисбатан Россия Федерацияси ҳудудидан чиқариб юбориш, махсус сақлаш муассасаларга жойлаштириш ва кейинчалик Россия Федерацияси ҳудудига киришни чеклаш билан боғлиқ чоралар қўлланилмаслиги таъкидланмоқда», – дейилади расмий ахборотда.
Элчихонанинг қўшимча қилишича, назорат қилинадиган шахслар реестрига киритилган чет эл фуқароларига қуйидагилар тақиқланади:
- Кўчмас мулк ва транспорт воситаларини сотиб олиш ва рўйхатдан ўтказиш;
- Никоҳ тузиш;
- Юридик ташкилот ёки фирмаларни ташкил этиш ва якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш;
- Банк ҳисоб рақамларини очиш ва банк операцияларини бажариш;
- Транспорт воситаларини бошқариш.
Шунингдек, Россия ҳудудида ноқонуний юрган вояга етмаган чет эл фуқароларни таълим муассасалари (мактаблар ва болалар боғчалари) га қабул қилиш ҳам мумкин бўлмайди.
Шу муносабат билан элчихона Россия ҳудудида ноқонуний равишда бўлган Ўзбекистон фуқароларини салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида, уларни ҳуқуқий ҳолатини зудлик билан ҳал этиш чораларини кўришга чақирмоқда.
Россияда бўлиб турган ўзбекистонликлар ўзларининг ҳуқуқий мақомини Россия ИИВнинг расмий веб-сайтида текширишлари мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter