Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тоҳир Малик эллик йилдан сўнг қайтарган китоб

Тоҳир Малик эллик йилдан сўнг қайтарган китоб

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан бир пайтда ўқиганмиз университетда. Қачон, қаерда танишганмиз, эсимда йўқ. Талабалик йилларимиздан қадрдон эдик. Тез-тез учрашиб, суҳбатлашиб, ёзган нарсаларимизни бир-биримизга кўрсатиб юрардик. Тоҳирнинг «Фалак», «Ҳикмат афандининг ўлими» каби асарларини қўлёзмада ўқиганим ёдимда. У менинг қатор ҳикояларимни ўқиб, фикрини айтган.

Тоҳир ҳазил-ҳузулга, сўз ўйинига уста эди. У жуда кўнгли очиқ, сахий эди. Тоҳир қатнашган давралар жуда завқли, маъноли бўларди. У оқибатли инсон эди. Ота-онасига, оиласи, фарзандлари, дўстларига садоқатли эди. Тоғаси – таниқли ёзувчи, таржимон Мирзакалон Исмоилий ҳақида «Озод инсон ҳақида қўшиқ» деган китоб ёзган. Китобларида деярли барча қариндошлари, дўстларини ҳурмат билан тилга олган.

Тоҳир Малик ниҳоятда ҳафсалали, бир парча хатни ҳам эҳтиёт қилиб сақлар эди. Унинг «Пўртанали уммонда сузар ҳаёт қайиғи» китобини ўқисангиз бунга амин бўласиз.

2017 йилнинг куз ойлари эди. Менинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигидан бошқа идорага ишга ўтган кезларим. Хонадаги телефон жиринглади. Гўшакни кўтарсам, Тоҳир Малик. Тўғриси, ҳайрон бўлдим. Сабаби, янги ишхонамдаги телефон рақамини ҳали кўпчилик билмас эди.

– Телефон рақамимни кимдан олдингиз? – деб сўрадим салом-аликдан кейин.

Тоҳир кулди. Ўзига хос овози бор эди. Бу овоз баланд ҳам, ўткир ҳам эмасди, босиқ, вазмин, аммо эсда қоладиган, таъсирли эди. Телефоним рақамини кимдан олганини айтмади, мен ҳам бошқа сўрамадим.

– Ҳозир бир нарсани айтаман, – деди Тоҳир Малик, – ундан баттар ҳайрон қоласиз.

Бу гап мени ростдан ҳайрон қилди: нима экан?

– Хўш, айтинг-чи...

– Қўлимда Абдулла Ориповнинг 1966 йилда чиққан «Кўзларим йўлингда» китоби турибди. Уни сизга дастхат ёзиб берган. Қалай, қойилмисиз? Ҳайрон қоларли гапми?

–Йўғ-э, – дедим. – Чинданам ҳайрон қоларли гап... Сизда нима қилиб юрибди у китоб?

Тоҳир майин кулди яна.

– У ёғини сўраманг. Энг муҳими, бу табаррук китоб йўқолмаганида. Уни эгасига, яъни сизга бус-бутун топшириш имконим пайдо бўлганида... Келсангиз бераман китобни, – кулиб қўшиб қўйди. – Суюнчисини олиб келиш эсингиздан чиқмасин.

Мен гўшакни қўйгач, ўйга толдим. Хаёлим ёшлик йилларимизга кетди. Ўша пайтларда нақадар китобга қизиқар эдик. Ўзаро китоб алмашар, ўқиганларимизни бир-биримизга айтар эдик. Тошкентдаги қайси китоб дўконида қанақа янги китоб борлиги, Навоий кўчасидаги эски дўконда қанақа китоблар алмаштирилаётгани ҳақида хабар берардик.

Абдулла Ориповнинг менга дастхат ёзиб берган китобини ўша кезлари Тоҳир мендан олган бўлиши керак. Демак, бунга эллик йил бўлибди. Шунча йил асраб-авайлаб сақлабди кичкина, юпқа китобчани. Менинг эсимдан ҳам чиқиб кетган ким олгани. Қойил қолдим Тоҳирнинг ҳафсаласига, китобни, дўстни қадрлашига.

Тоҳир Маликнинг уйига бориб китобни олдим. Абдулла Ориповнинг «Кўзларим йўлингда» деган юпқагина китоби. Унга муаллиф шундай сўзлар битган экан: «Маматқул дўстим! Ижодингизга равнақ тилайман, ажойиб ҳикоялар ёзинг, биз ўқиб турайлик. Ҳурмат билан Абдулла Орипов. 16.XII.66 й.»

Китобни варақладим. Бирон жойига на чизилган, на ёзилган, на йиртилган. Худди кеча дўкондан олингандай топ-тоза. Ўша йиллар яна кўз ўнгимда намоён бўлди. Тоҳирга қарадим. Жилмайиб турарди. Назаримда иккаламиз ҳам эллик йил ортга қайтгандай, йигирма ёшли йигитлар бўлиб қолгандай эдик. Бир-биримизга узоқ термилдик. У ҳам, мен ҳам ҳеч нима демадик. Сўзсиз ҳамма нарса тушунарли эди...

Маматқул Ҳазратқулов

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг