Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Абдулла Орипов» фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди

«Абдулла Орипов» фильмининг катта премьераси бўлиб ўтди

Кеча, 30 август куни Киночилар уйида узоқ кутилган «Абдулла Орипов» бадиий фильмининг катта премьераси ўтказилди. Намойишдан аввал саҳнага Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафаева ва фильм ижодкорлари таклиф этилди. Агентлик директори Президент топшириқлари асосида яратилган фильмни суратга олишда кўмак берган барча ижодкорларга самимий ташаккурини изҳор қилиб, премьерани очиб берди. Тадбирга маҳоратли актриса Дилноза Кубаева ва «Шуҳрат» медали соҳиби Ҳамза Ҳасанов бошловчилик қилди.

Шундан сўнг Абдулла Ориповнинг рафиқаси Ҳанифа Мустафаева саҳнага чиқиб, ҳиссиётлари билан бўлишди.

«Фильм суратга олингани учун президент Шавкат Мирзиёевга, киноижодкорларга раҳмат айтаман. Бу воқеа мен учун ҳам изтиробли, ҳам фахрли. Тасаввур қилишим қийин», — деди Ҳанифа ая ва шоирнинг сўнгги йилларда битилган «Имтиҳон» шеърини катта саҳнада ўқиб эшиттирди.

Нутқлардан сўнг Фирдавс Абдухолиқов Кинематография агентлиги номидан шоирнинг оила аъзоларига гулдасталар тақдим этди.

Фильмда Абдулла Ориповнинг Қашқадарё вилояти Косон тумани Некўз қишлоғида ўтган ва ижодга илк қадам қўйган болалик йиллари, Тошкент шаҳрида ўтказган талабалик даврлари, ижод намуналарининг илк нашри, унинг шоир бўлиб шаклланишидаги ҳиссиётлари ва туйғулари, шоирга хос севгиси, машҳурликнинг келиши ва Америкада ўтган сўнгги йиллари очиб берилади.

Фильмда бош ролларни «Дўстлик» ордени соҳиби, Абдулла Ориповнинг шогирди, шоир Шодмонқул Салом ва маҳоратли актриса Райҳон Асадова ижро қилган. Шунингдек, Абдулла Ориповнинг кексалик даврини Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Сурхондарё театри актёри Қудратилла Бурхонов, шоирнинг рафиқаси Ханифа Мустафоева ролини эса Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ижро қилган.

Фильм бош режиссёри Музаффархон Эркинов, сценарий муаллифлари Абдуқаюм Йўлдошев ва Муқаддас Усмонова (Минхожиддин Мирзо, Фурқат Усмонов иштирокида), бош оператор Равшан Мирзакамолов, Бош муҳаррир Эркин Аъзам, Бадиий раҳбар Шуҳрат Ризаев, бош продюсер Фирдавс Абдухолиқов.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг